Хитойлик олимлар карбонат ангидридни самарали тарзда мураккаб углеводларга, хусусан шакар, фруктоза, глюкоза ва озиқ-овқат ва кимё саноати учун мос келадиган бошқа органик моддаларга айлантиришни ўрганишди. South China Morning Post нашрининг ёзишича, бу технология нафақат иссиқхона чиқиндиларини камайтиришга ёрдам беради, балки озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосини ҳам ҳал қилади.
Ишланма устида Хитой Фанлар академияси Тяньцзин саноат биотехнологиялари институти мутахассислари иш олиб борди. Тадқиқотчилар CО2 дан мураккаб углеводларни синтез қилишнинг оддий ва самарали усулини топишга муваффақ бўлишди, авваллари 12 дан ортиқ углерод атомига эга бўлган молекуляр занжирларнинг мураккаблиги туфайли бу деярли имконсиз иш ҳисобланган.
Таклиф этилаётган жараёнда олимлар аввало каталитик реакциялар ёрдамида CО2 дан метанолни синтез қилади, сўнгра унинг асосида фруктоза, амилоза, амилопектин, целлобиоза ва целлоолигосахаридлар каби бирикмаларни олади. Конверсия самарадорлиги 86 фоизга етади ва қисқа реакциялар занжири энергия харажатларини сезиларли даражада камайтиради.
Шакарқамиш ёки лавлаги етиштириш учун қулай иқлим шароитига қарамай, Хитой ҳар йили 5 миллион тоннага яқин шакар импорт қилади, бу унинг умумий истеъмолининг учдан бир қисмидир. Экин майдонларини кенгайтириш тупроқнинг деградациясига ва экотизимга қўшимча стрессга олиб келиши мумкин. Шундай экан, шакарни “ҳаводан” яратиш мамлакат учун стратегик муҳим ечим бўларди.
Ҳозирда технология лабораторияда муваффақиятли синовдан ўтказилди ва хитойлик олимлар уни тижорат ишлаб чиқариш даражасига олиб чиқишни режалаштирмоқда, деб хабар беради korrespondent.net.









