Янги авлод захира кадрлари

    Бу борадаги йирик лойиҳалардан бири сифатида “Келажак лидерлари” клубини эътироф этиш мумкин.

    Шу йилнинг ёз ойларида Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг расмий делегацияси билан юртимизга ташрифи чоғида бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратди. Нуфузли меҳмон сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга ҳам етмаслигидан афсусланиб, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6 фоиздан ошганини юқори баҳолади.

    Бу эътироф шунчаки рақамлар эмас, балки реал ҳақиқатга асосланган эди. Сўнгги йилларда юртимизда йигит-қизларга кенг имконият ва шароитлар яратиб берилиши натижасида барча даражадаги давлат хизматларида ёшларнинг улуши ортиб бораётгани рост. Аслида ҳам, ислоҳотлар эпкинида ривожланиб, замонавий тизим асосида ишлай бошлаётган мамлакатимиздаги ҳар бир соҳа учун бугун ўз билим ва салоҳиятига ишонадиган ёш мутахассислар зарур.

    Мазкур йўналишдаги ишларни фаол давом эттириш бугуннинг муҳим вазифасига айлангани боиси ҳам шундан. Бу борадаги йирик лойиҳалардан бири сифатида дастлаб Самарқандда тажриба тариқасида, 5 июлдан бошлаб республикамизнинг барча ҳудудларида фаолияти йўлга қўйилаётган “Келажак лидерлари” клубини эътироф этиш мумкин. Айни пайтда ушбу тузилмага интеллектуал жиҳатдан салоҳиятли ва фуқаролик позициясига эга, теран фикрлайдиган, мустақил дунёқарашга эга ёш лидерлар қатламини, бир сўз билан айтганда, иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрларини шакллантиришнинг замонавий модули сифатида қаралмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси қошида очилган “Келажак лидерлари” клуби ҳам ўз аъзолари сонини 40 нафарга етказди. Тошкент вилояти ҳудудларидан танлов асосида саралаб олинган мазкур аъзолар орасидан клуб президенти, бир нафар клуб вице-президенти ҳамда 8 нафар координатор яширин овоз бериш йўли билан 1 йил муддатга сайланди.

    — Низом талабларига мувофиқ клуб аъзолигига 20—35 ёшдаги лидерлик қобилиятига эга, ўқиш ва фаолиятида ижобий ютуқларга эришган олий таълим муассасалари битирувчилари ҳамда давлат органлари ва ташкилотларидаги давлат фуқаролик хизматчилари қабул қилинади, — дейди клубнинг ёш давлат фуқаролик хизматчиси координатори Бекзод Отабеков. — Дастлабки қабул қилиш квотаси 50 нафарни ташкил этиб, ёшлар ҳар йили бир маротаба эълон қилинадиган тўрт босқичли танлов асосида саралаб олинади. Келгусидаги танловлар квотаси клубнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ташкилий гуруҳ томонидан Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишган ҳолда белгиланади.

    Клуб аъзолигига қабул қилинган ёшлар тасдиқланган дастур асосида Давлат бошқарув академияси билан ҳамкорликда уч ой давомида ўқитилади, ўқув-семинарлар, учрашувлар, очиқ мулоқотлар, мастер-класс, тренинглар ва турли лойиҳаларда иштирок этади. Бу ёшларда давлат фуқаролик хизматига қизиқиш, юксак касбий салоҳият, етакчилик, бошқарувчилик ва ватанпарварлик сифатларини шакллантириш мақсадида турли мавзуларда амалий машғулотлар, учрашувлар, очиқ давра суҳбатлари, ҳудуддаги муваффақиятли давлат хизматчилари томонидан иштирокчилар учун маҳорат дарслари, давлат органлари ва ташкилотларига экскурсиялар ташкил этилади. Ўқув якунлари бўйича юқори кўрсаткичга эга ёшлар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан сертификат билан тақдирланади ва давлат фуқаролик хизматчилари учун ёш тренерлар сафига қабул қилинади. Фаоллик кўрсатган аъзолар кредит-балл тизимида тегишли балларни тўплаб, уларни клуб томонидан тақдим этиладиган имтиёзларга алмаштириш имкониятини қўлга киритади. Энг юқори кредит-балл тўплаган аъзолар “Ҳоким билан бир кун”, “Давлат фуқаролик хизматчисининг дублёри”, “Давлат хизматини ривожлантириш агентлигида бир кун” каби лойиҳаларда иштирок этади.

    “Ҳаракатдан тўхтаган инсон мағлуб бўлади”

    Маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида 2 951 500 нафар аҳоли истиқомат қилиб, шундан 1 571 890 нафарини ёшлар ташкил этади. Уларнинг бир қисми таълим муассалаларида таҳсил олаётган бўлса, аксарияти ўз соҳаси бўйича корхона-ташкилотларда фаолият юритиб келяпти.

    Ана шундай иқтидорли йигит-қизларни бирлаштириб, ёш раҳбар-кадрларни шакллантиришни мақсад қилган “Келажак лидерлари” клубида вазифалари доирасидаги жараёнлар қизғин бошлаб юборилган. Ахборот технологиялари, инглиз ва немис тилларини ўргатиш бўйича машғулотлар ўтиляпти. Лидерлар кутубхонаси ташкил этилиб, мунтазам равишда янги адабиётлар, маълумотлар билан тўлдириб борилмоқда. Кўнгилли аъзолар севимли асарларини жавонларга тахлаб, кутубхона “хазинаси”ни бойитишга ҳисса қўшяпти. Айниқса, клубда ташкил этилган нотиқлик санъати машғулотларига кўпчилик катта қизиқиш билан қатнайди. Дарсларни клуб президенти, 24 ёшли Акбар Собиров олиб боради.

    — Ёшларга бу қадар катта ишонч билдириладиган, барча шароитларни яратиб берадиган давлатлар дунёда саноқли бўлса керак, — дейди ёш раҳбар. — Ўзбекистон ана шундай давлатлардан бирига айланди, деб баралла айта оламан. “Келажак лидерлари” клуби ҳам ҳар бир йигит ва қиз учун улкан имконият. Бу клуб, аввало, ёшларнинг катта ҳаётга қадам қўйишида тиргак бўлади, қийинчиликларни осон енгиб ўтиши, ўз соҳасининг мутахассиси сифатида шаклланишида пойдевор вазифасини ўтайди. Аммо бунинг учун йигит-қизларнинг ўзида ҳам интилиш, шижоат, ҳаракат бўлиши лозим. Муваффақиятга фақат ҳаракат, меҳнат ва билим билангина эришиш мумкин. Мен ўзим болалигимдан китоб ўқишни яхши кўрардим. Ёшлар, тенгдошларимга ҳам доим бўш вақтини зое кетказмасдан, кўпроқ мутолаа қилиш, янги билимларни эгаллашга интилишни тавсия этаман. Агар биз келажагимиз ҳақида ҳозирдан қайғурмасак, ўзимиз орзу қилган келажакни барпо эта олмаймиз.

    Акбар Собиров ёш бўлишига қарамай, клуб президентлигига сайлангани бежиз эмас. Унинг теран билими, кенг дунёқараши, фаолиятида эришаётган ютуқлари кўплаб ёшларга мотивация беради.

    Қаҳрамонимиз айни кез Тошкент тиббиёт академиясининг 5-босқичида таҳсил олади. Талаба бўлиш билан бир вақтда ушбу таълим даргоҳи ректорининг шу ерда таҳсил олаётган ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Талабалар кенгаши раиси ҳамдир. Тиббиёт соҳасини катта қизиқиши сабаб танлаган Акбар бугунги кунда симулацион таълимнинг тиббий таълимдаги аҳамияти, неврологик касалликларни чуқурроқ ўрганиш, клиник фармокология фанлари бўйича илмий изланишлар олиб боряпти.

    Ёш олимлар ўртасида ўтказиладиган кўплаб илмий-амалий конференцияларда иштирок этиб, қатор лойиҳаларда ғолибликни қўлга киритиб келмоқда. Жумладан, турли йилларда Қозон шаҳрида ўтказилган 94-халқаро тиббий форум, МДҲ давлатларига аъзо мамлакатлар олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган “Ёш олим” кўрик-танлови, Авицена издошлари халқаро олимпиадасида 1-ўрин соҳибига айланди.

    Акбар бўш вақтларида китоб ўқиш, ўз устида ишлаш, спорт билан шуғулланишга одатланган. Булар унинг иродаси, сабр-матонатини тоблашга ёрдам бўради. Шу боис, у ҳар бир хатолик, камчилик устида ишлаб, таҳлил қилишдан чўчимайди. Барча қийинчиликларни ота-онаси, яқинлари, устозлари кўмагида енгиб ўтишга интилади. Айниқса, уни фаолияти давомида ҳамиша қўллаб-қувуватлаб келаётган устози — Тошкент тиббиёт академияси даволаш факультети декани, профессор Барно Холматовадан чуқур миннатдор.

    Тинимсиз меҳнат ва ҳаракатни ўзига шиор қилиб олган қаҳрамонимиз бугун “Келажак лидерлари” клуби ёшларини ҳам шунга руҳлантирмоқда. Ўзининг сайловолди дастури асосида вилоят ёшлари билан учрашувлар ўтказиб, эзгу мақсадларга ундаш, ҳар бир йигит-қизга давлат хизмати тушунчаси етиб боришини таъминлаш каби вазифаларни амалга ошириш устида ишлар олиб бормоқда. У табобатдан ташқари, санъат, ташкилотчилик йўналишларига қизиқади, одамларга ёрдам беришдан завқ олади.

    — Ёшлар — Ўзбекистонимизнинг хазинаси, бебаҳо бойлиги, деб давлатимиз раҳбари бежиз таъкидламаган, — дейди Акбар Собиров. — Мен доим шу таърифга муносиб бўлиш, ўзимга бўлган ишончни сўндирмасликка интиламан. Чунки биз, ёшларнинг қўлимиздан кўп ишлар келади, фақат ҳаракат қилиш керак. Зеро, ҳаракатдан тўхтаган инсон мағлуб бўлади.

    Ёш олим, раҳбар, клуб президенти Акбар Собировнинг келажак режалари бисёр. Тиббиёт соҳасида аҳоли саломатлигини янада яхшилаш, юқумли касалликларни даволашнинг ўзбек моделини яратиб, уни дунёга танитиш, ўзбекистонлик Нобель мукофоти лауреати бўлиш, ота-онаси, устозлари, халқнинг ишончини оқлай оладиган мутахассис бўлиб етишишни мақсад қилган.

    “Келажак лидерлари” клуби аъзолари сафида бўлган кўплаб ёшлар бугун ана шундай улкан орзулар, аниқ режа ва мақсадлар билан ёнмоқда. Бу шижоатли йигит-қизлар яқин йилларда малакали раҳбар-кадрларга айланиш баробарида, минглаб ёшларни ўзларининг эзгу ғоялари ортидан эргаштириши шубҳасиз.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates