Президентимизнинг 2023 йил 23 ноябрдаги “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Наманган давлат университетида 5 та ўзига хос функционал вазифаларни бажарувчи объектларни ўз ичига олган “Яшил инновацион ҳудуд”, яъни “Экобоғ” ташкил этилди.
“Экобоғ”ни ташкил этишдан мақсад университетда ўқитиб келинаётган 17 та фандан очиқ амалий машғулотлар ва мустақил таълим жараёнларини ташкил этиш орқали таълим сифатини янада ошириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, ёшлар учун ўқув ва илмий платформа сифатида фойдаланишдир.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида университетда кенглиги эҳтиёждан ортиқ бўлган асфальт йўлакларни ихчамлаштириш, фойдаланишга яроқсиз тошлоқ ерларни қайта ўзлаштириш асосида 2.5 гектар майдонда ташкил этилган “Экобоғ” дунёнинг 5 та минтақаси экспозицияларини ўзида мужассам этган 86 турдаги (1500 дона) ноёб дарахт ва буталар ҳамда 3000 дан ортиқ манзарали гулларни ўз ичига олган.
"Экобоғ”га экилган дарахт, бута ва гуллар рақамлаштириш асосида, QR код билан белгиланган бўлиб, QR код орқали дарахт, бута ёки гулнинг номини, унинг ватани, ўзига хос биологик хусусиятлари ҳамда ким томонидан, қачон экилгани каби маълумотларни олиш мумкин. Бу эса боғнинг эътиборга молик жиҳатларидан яна биридир.
Бундан ташқари, мазкур “Экобоғ” соҳа вакиллари учун илмий-тадқиқот маскани, ўқув амалиёт базаси, турли семинар ва анжуманлар ўтказиш, вилоят аҳолиси ва меҳмонлари учун оронжерея ва турли ўсимликлар экспозициялари бўйлаб экскурсиялар ташкил қилиш имконини беради. Шунингдек, вилоятнинг экологик ҳолати ва ландшафтини янада яхшилаш учун хизмат қилади.
Экобоғда таълим жараёнларининг амалиёт билан бевосита интеграциясини таъминлаш мақсадида умумий майдони 720 м2 бўлган 5 та (Альгология, Биотехнология ва микробиология, Биокимё ва молекуляр биология, Ботаника, Зоология) ўқув ва илмий лабораториялар, бунга қўшимча равишда 2 та 100 ўринли маърузалар зали, 8 та амалий ва лаборатория хоналари ҳамда 10 та ўқув-ёрдамчи хоналар барпо этилади.
Ушбу лабораториялар университетда таълим сифатини янада ошириш билан бир қаторда биохилма-хилликни муҳофаза қилиш ва ресурслардан барқарор фойдаланиш, иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини юмшатиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси учун ўсимликларни биотехнологик усуллар ёрдамида кўпайтириш имконини беради.
Бундан ташқари, таълим жараёнларини рақамлаштириш мақсадида, НамДУ тажрибаси асосида, “Open Science Platform” рақамли экотизимини ишлаб чиқилгани ва платформа доирасида мурожаатларни тез ва зудлик билан ижобий ҳал қилиш, интерактив хизматлар кўрсатиш мақсадида 240 м2 майдонда 35 та хизмат турини ўз ичига олган “Офис регистратор” ташкил этилиши режалаштирилган.
Инновацион ғояларни, қурилишнинг энг замонавий усулларини ўзида мужассам этган 400 ўринли “Маънавият ва маданият маркази” ташкил этилиб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, тўгаракларнинг самарали фаолият юритишига эришиш, талабаларнинг жадидлар илмий меросидан хабардорлигини ошириш, уларнинг санъат ва мусиқага бўлган қизиқишини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, марказда “Заковат” ўйинларини ўтказиш учун ҳам махсус студия ташкил этилади. Турли йўналишлардаги тадбирларни ўтказиш учун марказни 6 та хонага ажратиш имконияти, катта концерт ва анжуманлар ўтказиш зарурати пайдо бўлганда эса, бир вақтнинг ўзида бўлимлар четга сурилиб, улар ўрнида трансформацион тарзда 400 ўринли муҳташам зал пайдо бўлиши билан эътиборлидир.
Мазкур лойиҳа ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар Наманган давлат университетида таҳсил олаётган талаба ёшларни она табиатга бўлган муносабатини ўстириш, манавиятини янада юксалтиришга ва бу орқали сифатли ҳамда рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Фазлиддин МЎМИНОВ,
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги
бошқарма бошлиғи