Янги Ўзбекистон — ёшларга янги имкониятлар

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2016–2021 йилларда ёшлар сиёсатига доир 5 та қонун ва 55 та қонуности ҳужжати қабул қилинди.

    2016 йилда қабул қилинган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида ёшларга оид даавлат сиёсати ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш ва уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шароитлар яратишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланиб, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар қонун билан мустаҳкамланди.

    Мазкур қонунда белгиланган вазифалар ижроси доирасида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, ёшлар соҳасидаги муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди. Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенатида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия, Олий Мажлис палаталари ҳузурида “Ёшлар парламенти” ташкил қилинди. Шу билан бирга Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси ташкил этилди. Ҳудудларда “Лойиҳалар фабрикаси” иш бошлади.

    Мазкур ишлар натижасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил топгандан буён 841 147 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. 2021 йилнинг биринчи ярмида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 78 140 нафар ёш ишга жойлаштирилган бўлиб, 5 684 нафар ёшга субсидиялар ажратилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож 127 нафар талабанинг 350 миллион сўмлик тўлов шартнома маблағлари тўлаб берилди.

    Ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг ташабусини молиялаштириш мақсадида 2018 йилдан бошлаб ҳудудларда 25 та “Yosh tadbirkorlar” коворкинг маркази ва 157 та “Yoshlar mehnat guzari” комплекси фаолият бошлади. “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури доирасида республиканинг туман ва шаҳарларида амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш амалиёти йўлга қўйилди.

    Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббусни тарғиб қилиш ва рўёбга чиқариш муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ғояни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида “5 ташаббус лойиҳа офиси” фаолияти йўлга қўйилди. Тегишли лойиҳалар, жумладан, “Спорт карвони”, “Бир миллион дастурчи”, “Энг яхши китобхон оила” каби лойиҳалар амалга оширилмоқда.

    Турли соҳаларда самарали фаолият юритаётган, юқори натижаларга эришиб, тенгдошларига ўрнак бўлаётган йигит-қизларни рағбатлантириш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди. Ўтган вақт давомида 113 нафар ёш “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан, 75 нафари эса “Келажак бунёдкори” медали билан мукофотланди.

    Таълим-тарбия соҳасида ҳам сўнгги йилларда улкан ўзгаришлар рўй берди. Тизим тубдан ислоҳ қилинди. Мазкур соҳада ёшлар манфаатларини кўзлаб кўплаб ўзгаришлар амалга оширилди.

    Биринчидан, мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари фаолияти тубдан янгиланди. Ўтган беш йил давомида кичик ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси икки баробар ортиб, 60 фоизга етди. Бугунги кунда боғчалар сони 14 мингдан ошди. Дарс сифатини ошириш мақсадида бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ёш ўқитувчилар ойлигига устама ҳақ тўлаш тизими жорий этилди.

    Бундан ташқари, ёшларнинг чуқур билим олишини таъминлаш мақсадида ўтган йилларда 98 та ихтисослашган мактаб ташкил этилди. Ҳар бир ҳудудда Президент мактабларининг ташкил этилиши ҳам иқтидорли ва баркамол ёшларни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

    Иккинчидан, ёшларнинг олий таълимга қамрови оширилди. 2016 йилда мамлакатимизда 65 та олий таълим ташкилоти фаолият юритган бўлса, 2021 йилда республикадаги жами олий таълим ташкилотлари сони икки баробардан кўпроққа ортиб, 127 тага етди.

    2016/2017 ўқув йилида ўқишга қабул қилиш параметрлари 57 907 нафарни ташкил этган бўлса, 2021/2022 ўқув йилида қабул параметрлари қарийб уч баробар оширилиб, 157 755 ни ташкил этади. Хусусан, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари ҳам 1,5 баробар оширилди.

    Учинчидан, таълим тизимидаги давлат сиёсати такомиллаштирилди. Таълим соҳасини тубдан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун билан ёшларнинг узлуксиз таълим олишини таъминлаш мақсадида кундузги таълим шакли билан бир қаторда сиртқи, кечки ва масофавий таълим шакллари жорий этилди. Дуал таълим йўлга қўйилди.

    Тўртинчидан, ёшларнинг билим олиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тижорат банклари томонидан таълим кредитларини Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилди. Унга кўра, таълим кредитининг асосий қисми талаба олий таълим ташкилотини тугатгандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтариши белгиланди. Бунда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилалар фарзандларидан таълим кредити учун гаров ва кафилликлар талаб этилмаслиги алоҳида белгиланди.

    Энг қувонарли янгиликлардан бири, шубҳасиз, давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий қилинганидир.

    Олдинги йилларда айрим олий таълим муассасаларига ўқишга киришда энг юқори балл тўплаган абитуриент тўлов-шартнома асосида қабул қилиниши ҳолатлари ҳам кузатилган. Бундай адолатсизлик аҳолининг, биринчи навбатда, ёшларнинг катта эътирозига сабаб бўлган. Президент грантининг жорий этилганлиги ёшларга таълим олиши учун кенг имкониятлар яратишга хизмат қилади. Мазкур грант соҳибларига аъло ўқиши, маънавий-маърифий ва илмий-тадқиқот йўналишларида ютуқларга эришгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси тайинланиши ҳам ёшларга берилаётган катта имкониятлардан далолат беради.

    Шу ўринда хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилганлиги, шунингдек, эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 2 баробарга ошириш орқали 2000 тага етказилгани таҳсинга лойиқ. Бундай имкониятларнинг яратилиши қиз-ёшларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

    Бешинчидан, халқаро талабларга жавоб берадиган кадрларни тайёрлашга эътибор қаратилмоқда. Ёшларимизни нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида таълим олиш ва илмий-тадқиқот фаолиятини олиб боришини таъминлаш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси тузилиб, хорижда бакалавриат, магистратура ва докторантурада ўқиш учун стипендиялар ажратилди. 2018-2020 йилларда мазкур жамғарма томонидан 54 нафари хорижга магистратурага, 42 нафари докторантурага, 191 нафари стажировкага, 698 нафари эса малака оширишга юборилган. 2021 йилда жамғарма томонидан бакалавриатга 69 та, магистратурага 112 та, докторантурага 91 та ўрин ажратилган. Дунёнинг энг нуфузли университет ва илмий марказларида таълим олган, инновацион компанияларида стажировка ўтаган етук билим ва малакага эга бўлган, ўз Ватани равнақи йўлида тинимсиз меҳнат қилишга тайёр кадрларни хорижда тайёрлаш албатта мамлакат ривожига ижобий таъсир кўрсатади.

    Мухтасар айтганда, сўнгги беш йил давомида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни комил инсон сифатида етиши учун замин яратилди. Ёшларга берилаётган бу эътибор, охир-оқибат, ўз мевасини бермоқда. Бунга ёшларимиз халқаро ва республика миқёсида эришаётган ютуқлари яққол далилдир. Мазкур ислоҳотларнинг самараси ўлароқ келажагимиз бундай ёшлар қўлида порлоқ бўлишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Чунки айнан бугунги ёшлар эртанги кунимизнинг, Янги Ўзбекистоннинг, Учинчи Ренессанснинг пойдевори ҳисобланади.

    Исломбек РУСТАМБЕКОВ,

    Тошкент давлат юридик университети проректори,

    юридик фанлар доктори, профессор

    Шоҳжаҳон ХЎЖАЕВ,

    кафедра мудири, юридик фанлар бўйича

    фалсафа доктори

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates