Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари

    Маълумки, Ўзбекистон ўз миллий манфаатларига асосланган ҳолда очиқ, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат олиб бормоқда. Янги Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсий ҳолати дунёда ва минтақада шиддат билан ўзгараётган вазият ҳамда мамлакат ичидаги кенг кўламли ўзгаришларга асосланиб шаклланмоқда.

    Ташқи сиёсий фаолиятнинг асосий вазифаларидан бири 2017 йил 7 февралда тасдиқланган “2017–2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг “чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар”и белгилаб берилган 5.2-бандида ўз аксини топган. Унга кўра, ташқи сиёсат соҳасига оид қуйидаги энг муҳим устувор йўналишлар шакллантирилади:

    – давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти сифатида ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш, ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва дўстона қўшничилик муносабатлар минтақасини яратиш;

    – Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, дунё ҳамжамиятига мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида объектив ахборотни етказиш;

    – Ўзбекистон ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятининг меъёрий-ҳуқуқий базасини, шунингдек, халқаро ҳамкорликнинг шартнома-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

    – Ўзбекистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини тартибга солиш.

    Халқаро экспертларнинг фикрича, янги Ўзбекистон ўзининг очиқлиги ва жадаллиги билан ажралиб турган изчил, самарали ва конструктив сиёсат юритмоқда. Бу эса глобал миқёсда шиддатли ўзгаришлар юз бераётган ҳамда халқаро майдонда кучларнинг янги нисбати шаклланаётган ҳозирги даврда олиб борилаётганлиги билан аҳамиятлидир.

    Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий очиқлиги ҳамда инвестициялар ва бизнес учун жозибадорлиги, аҳолининг барча муаммоли масалаларни якдиллик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик асосида ҳал этишга интилиши, мамлакатда мукаммал ҳуқуқий пойдеворнинг яратилиши, дунё давлатлари билан мувозанатли ва ўзаро манфаатли алоқалар юритилиши, сиёсий ишонч ва халқаро ҳуқуққа риоя этилиши асосидаги ўзаро ҳамкорликка интилиши халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланмоқда. Бу эса ўзаро дипломатик алоқаларнинг янги босқичига асос бўлмоқда.

    Шу билан бирга, ташқи сиёсатни олиб боришдаги асосий эътибор сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар ва бошқа соҳаларга, шунингдек, Ўзбекистон атрофида тинч, барқарор ҳамда хавфсиз муҳитни шакллантиришга қаратилмоқда.

    Юқоридагилардан келиб чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари – бизнинг бевосита қўшниларимиз билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашни асосий устувор вазифа сифатида белгилаб берди.

    Ўтган қисқа давр мобайнида Ўзбекистон “Марказий Осиё – бош устувор йўналиш” ҳамда “Марказий Осиё руҳи” каби тамойиллар билан ўз ташқи сиёсатини олиб борди.

    Ўзбекистон Президенти ташаббуси асосида сўнгги беш йилда минтақанинг барча мамлакатлари билан олий даражадаги ташрифлар алмашинуви амалга оширилди. Минтақа давлатларининг етакчилари ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган сиёсий мулоқот доимийлик касб этди. Бундай алоқалар натижасида Марказий Осиё давлатларини қизиқтирадиган хавфсизлик, чегаравий масалалар, иқтисодиёт, инвестиция, туризм, маданият, соғлиқни сақлаш ва экологияга оид ўзаро, минтақавий ҳамда халқаро аҳамиятга молик муҳим қўшма қарорлар қабул қилинди.

    Ушбу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, Ўзбекистоннинг минтақадаги барча давлатлар билан муносабатлари тубдан яхшиланди, хусусан, ўзаро борди-келди ришталари қайтадан йўлга қўйилди ҳамда чегаралар очилди. Бу эса қўшничилик алоқаларини янада кучайтирди, шунингдек, халқ дипломатияси, гуманитар ёрдам ва маданий ҳамкорликнинг қайтадан жонланишига туртки бўлди.

    Марказий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий соҳалардаги муносабатлар изчил ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ташқи савдо айланмаси динамикасини таҳлил қиладиган бўлсак, 2016 йилда 2,5 млрд доллар, 2017 йилда 2,7 млрд доллар, 2018 йилда 4,0 млрд доллар, 2019 йилда 5,2 млрд доллар ва пандемия шароитига қарамасдан, 2020 йилда 5,0 млрд долларни ташкил қилган. Динамик жадвалга эътибор берадиган бўлсак, 2016 йилдан 2020 йилгача ташқи савдо ҳажми икки барварга ошди. Бу эса ҳукуматнинг фаол ташқи сиёсати маҳсулидир.

    Ўзбекистон ташқи сиёсатининг замонавий устувор йўналишлари ҳақида гапирганда, мамлакатимизнинг етакчи хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан стратегик алоқалари ривожланиб бораётганига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим.

    Хусусан, етакчи давлатлар билан “Марказий Осиё + Россия Федерацияси”, “Марказий Осиё + Хитой Халқ Республикаси”, “С5 + 1” (АҚШ), Марказий Осиё + Ҳиндистон, “Марказий Осиё + Япония”, “Марказий Осиё + Корея Республикаси”, “Марказий Осиё + Европа Иттифоқи” ҳамкорлиги доирасида минтақавий мулоқотнинг турли форматларини ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда. Бу эса Марказий Осиёнинг етакчи хорижий мамлакатлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларидаги алоқаларининг тизимли равишда олиб борилаётганини кўрсатмоқда.

    Ўзбекистоннинг замонавий ташқи сиёсий ҳолати дунёда ва минтақада ўзгариб бораётган вазият ҳамда мамлакат ичидаги кенг кўламли ўзгаришларга асосланиб шаклланмоқда. Бу эса қисқа фурсатларда мамлакатимизнинг халқаро индекслардаги мавқеи мустаҳкамланишига ҳисса қўшмоқда.

    Ўзбекистон Жаҳон банки “Бизнес юритиш” рейтингида 7 та позицияга кўтарилди ва бизнесни рўйхатдан ўтказиш кўрсаткичи бўйича 190 та давлат орасида 8-ўринни эгаллади, энг яхши ислоҳотчи мамлакатлар сафига киритилди.

    Хусусан, сўнгги йилларда Россия билан стратегик шериклик ва ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланди. 2021 йилнинг январь–сентябрь ойларида Россиянинг мамлакатимиз умумий ташқи савдо айланмасидаги улуши (18,1%) ёки 5,2 млрд долларни ташкил қилди. Ўзбекистон Россиянинг турли минтақаларига тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни етказиб беришни кескин оширди. Иқтисодий ривожланишнинг устувор соҳаларида қатор йирик лойиҳалар ва дастурлар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

    Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон бугун ўзининг узоқни кўзлаган сиёсати билан минтақамиз ва жаҳондаги сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди. БМТ, Парламентлараро Иттифоқ, ЕИ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлик янада мустаҳкамланди.

    Ўзбекистон ташаббуси ва таклифи билан БМТнинг Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди ташкил этилди, БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё минтақасида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Маърифат ва диний бағрикенглик, Барқарор туризм ва барқарор ривожланиш, Оролбўйи минтақасида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини яратиш бўйича қатор муҳим резолюциялари қабул қилинди. Ушбу амалий ҳаракатлар Ўзбекистоннинг янада шахдамлик қадамлар билан олдинга интилиши учун хизмат қилмоқда.

    2017 йилдан буён Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар тарихида илк бор АҚШнинг юқори мартабали иқтисодий делегациялари — савдо вазири У. Росс, Миссисипи штати губернатори Ф. Брайант, АҚШнинг сертификатланган савдо миссияси (2019 йил) ташрифлари амалга оширилди. 2021 йил январь–сентябрь оралиғидаги АҚШнинг мамлакатимиз билан ташқи савдо айланмаси 339,4 млн долларни ташкил этди. Таққослаш учун келтириб ўтиш мумкинки, 2020 йил январь–сентябрь ҳолатига кўра, бу кўрсаткич 213,0 млн долларни ташкил қилган.

    Ўзбекистоннинг Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи билан муносабатлари барча соҳаларда сезиларли даражада ривожланди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Франция (2018 й.), Германия (2019 й.) ва Туркияга (2017 й. ва 2020 й.) самарали расмий ташрифлари бўлиб ўтди.

    Туркия билан алоқалар, анъанага кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Европа мамлакатлари билан ҳамкорлик бошқармаси томонидан мувофиқлаштирилади. Мазкур ташрифлар натижасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда натижадор келишувларга эришилди. 2021 йил январь–сентябрь ҳолатига кўра, Туркиянинг мамлакатимиз умумий ташқи савдо айланмасидаги улуши 8,6% ни ташкил қилди. Бу эса мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг ривожланиб бораётганидан далолат беради, десак, ҳеч муболаға бўлмайди.

    Германия Президенти Ф. Штайнмайер (2019 й.) ва Туркия Президенти Р. Эрдўғоннинг (2018 й.) юртимизга жавоб ташрифлари муваффақиятли амалга оширилди. 2019 йил май ойида Европа кенгаши Президенти Д. Туск Ўзбекистонга биринчи маротаба ташриф буюрди. 2017 ва 2018 йилларда Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакил Ф. Могерини юртимизга келди. Европа билан иқтисодиёт, савдо, инновация, инвестиция, транспорт, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликлар салмоқли тарзда олиб борилмоқда. Пандемияга қарамай, 2020 йил якуни бўйича Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 4 миллиард долларни ташкил этди. Ўзбекистон маҳсулотларини Европага экспорт қилиш 420 миллион доллардан ошди. Европа билан кўп томонлама муносабатларда ҳам муҳим натижаларга эришилди.

    Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири Марказий Осиё давлатлари хавфсизлиги, хусусан, Афғонистондаги вазиятни юмшатишга қаратилган амалий ҳаракатларни илгари суриш ҳамда Марказий ва Жанубий Осиёни бирлаштирувчи трансорт йўлагини барпо этиш йўналишида дастлабки қадамлар қўйилганлигини ҳам алоҳида таъкидлашимиз мумкин.

    Дарҳақиқат, Ўзбекистон Афғонистоннинг тинч ва мустақил давлат сифатида қарор топишидан манфаатдордир. Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланишида кўприк бўлмоғи лозим. Чунки Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган трансафғон транспорт-коммуникация лойиҳалари Жанубий Осиё билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича тақдим этилган дастур узоқ муддатли истиқболга мўлжалланганлиги билан аҳамиятлидир.

    Афғонистон билан минтақавий аҳамиятга эга бўлган йирик савдо, транспорт ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш ишларини изчил давом эттириш нафақат Ўзбекистон балки Марказий Осиё давлатлари манфаатларига тўлиқ мос келиши билан эътиборга моликдир.

    Ҳозирги вақтда Афғонистондаги вазиятнинг оғирлиги боис донор давлатларнинг ёрдами жуда ҳам муҳимдир. Ушбу мамлакат кун сайин оғир гуманитар инқирозга кириб бормоқда. Ушбу вазиятни юмшатиш мақсадида халқаро ҳамжамият, жумладан, яқин қўшнилар афғон халқига гуманитар ёрдам бермоғи лозим. Бу йўналишда Ўзбекистоннинг дастлабки қадамлари қўйилган, хусусан, ўзбек-афғон чегараси очилиб, ушбу мамлакатга бирламчи зарур бўлган озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари ва электр энергияси етказиб берилиши қайта тикланди.

    Ўзбекистон Афғонистондаги янги вазиятга Превентив дипломатия усуллари ҳамда халқаро миқёсда сиёсий-дипломатик механизмлари билан тўғри ва самарали ҳамда тизимли алоқаларни мунтазам равишда олиб бормоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, афғон халқининг тинч ва фаравон яшашидир.

    Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ҳаракатлар стратегияси янги Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг устувор вазифалари бажарилишида муҳим аҳамиятга эга бўлди, шунингдек, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларда ўз ўрнини янада мустаҳкамлаб бораётганлиги ҳамда улар томонидан кенг эътироф этилаётганлиги бунинг ёрқин далилидир.

    Искандар Ўроқбоев,

    “Тараққиёт стратегияси” Маркази

    бош мутахассиси

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates