Юксак истиқбол сари муносиб одимлар билан илгарилаб бораётган Янги Ўзбекистонимизнинг бугунги қадди, улкан мақсадлари ватанпарвар аждодларимиз, маърифатпарвар юртдошларимизнинг азалий орзуларига ҳамоҳанг келаётгани ҳам беҳад қувонарлидир. Айниқса, мамлакатимиз таълим соҳасидаги янгиланишлар, хусусан, олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида эътиборга моликдир.
Бугунги кунда «илм оламан, юксаламан», деган ҳар бир ёш учун кенг имкониятлар эшиги очилаётгани, юртимиз олий таълим муассасаларида таълим ва тарбия сифати халқаро андозаларга кўтарилгани фикримизнинг далилидир.
Айтиш керакки, замонавий ва ривожланган жамиятни илм-маърифат ва таълим тараққиётисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳар қандай мақсад ва ислоҳотлар натижадорлигига ҳам илм-фан билан етиб борилиши ҳам айни ҳақиқатдир.
Мен Янги Ренессанс остонасида турган Янги Ўзбекистон фарзанди, қолаверса, шу Ватаннинг илмли, баркамол ёшларини тарбиялаш йўлида меҳнат қилиб келаётган ёш олимларидан бири сифатида она халқимизнинг бугунги толейи, ҳар бир соҳадаги эзгу янгиланишлар, жамиятимиз фаровонлигига боқиб, чексиз шодумонлик ҳиссини туяман.
Сўнгги йилларда юртимизда яратилган улкан имкониятлар ва ёш тадқиқотчиларга кўрсатилган эътибор сабаб тилшунослик йўналишида филология фанлари бўйича фалсафа докторлиги диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилишга эришдим. Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг илм аҳлига бўлган юксак меҳри, таълим соҳаси фидойиларига билдирган ишонч ва рағбатидан катта куч олиб, ўтган йили филология фанлари докторлиги (DSc) диссертацияни ёқладим. Ҳар гал бирор эзгу иш ёки янги илмий изланишларимни бошлаганимда юртбошимизнинг Ватанимиз ёшларига қарата «Сиз осмонни оламан, десангиз, нечун елкамни тутиб бермайин!» деган ўтли сўзларини эслаб, янгидан кучга тўламан.
Айтмоқчи бўлганим, мен ўз ҳаётим мисолида илм йўлини танлаган ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлардан чексиз миннатдорман, ўз навбатида, бу эътибор ва ғамхўрликларга муносиблик орзуси қалбимда жўш уради.
Бугун «Бир бўлсак –ягона халқмиз, бирлашсак –Ватанмиз!» шиори бутун халқимиз, жумладан, биз зиёлиларнинг юрак-юрагида акс-садо бермоқда. Дарҳақиқат, бирлик, бирлашиш деган энг олий тамойиллар миллатни миллат, Ватанни Ватан қилади, юртнинг барқарорлигини таъминлайди. Улкан иморатнинг мустаҳкамлиги ва мукаммаллигида бир дона ғиштнинг ҳам аҳамияти катта бўлганидек, шу юртнинг бугунги саодати, эртанги тараққиётида ҳар биримизнинг ўз улушимиз, ўз ҳиссамиз, албатта, бўлмоғи керак. Мен юртимнинг маърифатпарвар фидоийлари, хусусан, Фарғона давлат университетининг жонкуяр ва заҳматкаш зиёлилари, улуғ устозларимиз изидан боришга, Она Ўзбекистонимизнинг ёш маърифатли авлоди сафида илгарилашга аҳдлиман. Муҳтарам Президентимизнинг ёшларга қарата «Маррани баланд олинг! Сиз буюк ишларга қодирсиз!» деган даъватларидан кучимизга куч қўшилади.
Мамлакатимиз олий таълим тизимидаги янгиланишлар, қолаверса, университетимиз ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Баҳодиржон Шермуҳаммадов бошчилигидаги изчил саъй-ҳаракатлар эса бизни Янги Ўзбекистон зиёлиси бўлишдек улкан бахтга муносиб меҳнат қилишга, Фарғона олимлари, Фарғона ёшларининг имкониятлари қай даражада улкан эканлигини бутун дунёга намоён этишга руҳлантираверади.
Дилмурод ТEШАБОЕВ,
Фарғона давлат университети доценти,
филология фанлари доктори (DSc).
Ҳамкорлик материали