Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида босиб ўтган йўлимизга бир назар ташламоқлик жоизки, зеро қиёс дилга шукроналик солади, бугуннинг қадрига етиб, эртанинг омонлиги учун қайғуришга ўргатади.
Мустақилликдан олдин юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало дон, картошка, гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи импорт ҳисобидан қопланган. Ҳозирги вақтда эса бундай товарларнинг қарийб ҳаммаси мамлакатимизнинг ўзида ишлаб чиқариляпти. Ёки эндиликда фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90 – 92 фоизини етказиб бериш билан бирга, қишлоқ тараққиётида ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий ҳаракатга ва етакчи кучга айланиб бораётир.
Юртимиз илгариги қолоқ, иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги авж олган аграр ўлкадан бугунги кунда изчил тараққий этиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айланди. Бугунги кунда иқтисодиётимизда етакчи ўринни эгаллаб келаётган нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, автомобилсозлик, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқлар жадал ривожланмоқда.
Бугун мамлакатимизда «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» ғояси асосида Янги Ўзбекистонни бунёд этиш борасида барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Биз эса мутлақо Янги Ўзбекистон барпо этилаётган, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳалари янгиланаётган, халқимизни юксалиш сари етаклаётган «Ҳаракатлар стратегияси» самарали амалга оширилаётган замон фарзандларимиз. Дарвоқе, «юксалиш». Бу ғоя қарийб ўттиз йилдан буён мустақил тараққиёт йўлидан бораётган Ўзбекистон жамиятининг бугунги куни, янги тараққиёт босқичининг мақсад-муддаоларини яққол ва яхлит ифодалайди. Хорижий экспертлар фикрига кўра, «юксалиш» тушунчасига «миллий» ибораси қўшиб ишлатилганида муайян халқ ёки бирор давлатнинг ўзига хос хусусиятлари асосида ривожланаётгани англашилади. «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» ғояси эса бутун мамлакатимиз аҳолиси, умуман, барча-барчамизнинг умумий мақсад ва манфаатларимизни ифодалайдиган умумхалқ ҳаракатдир. Бинобанир, янги Ўзбекистоннинг миллий ғояси инсонпарварлик, эзгулик, бунёдкорлик ғояси сифатида миллий давлатчилигимизнинг ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий ва маънавий асосларини яратишда бунёдкор манба бўлиб хизмат қилади.
Мамлакатимиз кейинги йилларда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш, хорижий давлатлар билан дўстона ҳамда ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида муҳим натижаларга эришмоқда. Бу жараёнда, айниқса, Европанинг бир қатор давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланди. БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Ўзбекистонда кейинги йилларда инсон ҳуқуқлари ҳимояси, сўз эркинлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар Европа мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланмоқда.
Мамлакатимизда халқаро туризмни ривожлантириш тобора жадал ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг бу соҳадаги ташаббусларини Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ижобий даражада қўллаб-қувватламоқда.
Ўзбекистоннинг дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти, ЮНИСEФ билан ҳамкорликда олиб бораётган глобал пандемияга қарши курашдаги саъй-ҳаракатлари жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилди ва этилмоқда. Бу каби мисолларни келтиришимиздан муддао шуки, юртимиз жаҳон ҳамжамиятида нақадар нуфузли ўринга эга эканлигини таъкидлашдир.
«Ҳаракатлар стратегияси»нинг бешинчи йўналиши «Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш» деб номланган. Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йиллариданоқ республика ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг анъанавий, маданий меросини қайта тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бугунги кунда Ўзбекистонда турли миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаб, самарали меҳнат қилиб келмоқдалар. Турли миллатлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлашга давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23- февралдаги 140-сон қарорига биноан «Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси» ишлаб чиқилди. Ушбу концепциянинг ИИ бобида белгилаб берилганидек, бугуннинг ёшларида жамиятнинг турли тармоқлари, айниқса, ҳарбий соҳа билан алоқадор бўлган давлат хизмати турларида фаоллик кўрсатиш, тинч ва ҳарбий шароитда Конституция ва ҳарбий бурчга садоқатли бўлиш, уларда ўз юрти ва халқи тақдири учун юксак масъулият ва жавобгарлик каби муҳим хусусиятлар мужассам дея ишонч билан айта оламиз. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувда: «Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз» – деган таъкидлари бежиз эмас. Албатта, бу ишонч барча ёшларни руҳлантирди, шу билан бирга уларда катта масъулият ҳиссини ҳам уйғотди. Шу ўринда таъкидлаш керак: қайсики жамият аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Шарқ донишмандлари айтганидек, «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!» Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак. Тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради.
Мустақиллик йилларида босиб ўтган шонли йўлимизга назар ташлаб, эртанги кунимизга, ўз куч ва имкониятларимизга бўлган ишончимиз янада ортмоқда. Мамлакатимизни ривожлантиришнинг «Ҳаракатлар стратегияси»га мувофиқ барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган ислоҳотлар бу борада ҳал қилувчи омил бўлмоқда. Энг муҳими, «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган даъваткор ғоя ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётир. Ҳадемай, «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» шиори остида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик юбилей байрамини катта тантана, шоду хуррамлик билан нишонлаймиз. Шак-шубҳасиз, ушбу шиор ҳар бир ватандошимизнинг қалбини меҳр ва ифтихорга тўлдириб, Ватанга садоқат билан хизмат қилишга, юртимизни бунданда қудратли бўлиши учун ҳисса қўшишга ундайди.
Биз ёшлар Ватан келажаги учун мустаҳкам пойдевор бўладиган муносиб фарзанд бўлишимиз, олдимизга қўйган эзгу мақсадларимиз сари мардонавор қадам ташлашимиз , улуғ аждодларимиз меросини чуқур ўрганмоғимиз , юртимизда содир бўлаётган жараёнларга дахлдорлик ҳисси билан яшашимиз , энг муҳими, истиқлолни жону тан билан асрамоғимиз лозим. Ишончим комилки, ана шундай ноёб инсоний фазилатларга эга, юксак маънавиятли , қорачиғи ғайрат ва шижоатга тўла фарзандлари бор халқ ҳеч кимга қарам бўлмайди.
Зеро, президентимиз айтганларидек: «Ҳеч шубҳасиз, ўз кучимиз ва имкониятларимизга бўлган ишонч бизни 3-ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштириб , янада кучли қилмоқда. Бу ишлар улкан амалий ишларга айланиб, буюк халқ ҳаракати тобора кенгайиб бормоқда. Бундай қудратли сафда бўлишнинг ўзи катта бахт ва шарафдир.»
Барнохон Рўзиева,
Бухоро вилояти Ғиждувон тумани 28-мактаб 9-синф ўқувчиси.
Ёшлар иттифоқи «матбуот ва медиа» йўналиши Ғиждувон туман сардори