Қурилиш соҳасидаги бу жараён нафақат шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини ўзгартирди, балки одамлар ҳаётига ўзгача мазмун-моҳият бағишлаётгани ҳам бор гап.
3–7 июль кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида бир нечта тадбирларнинг шу соҳага бағишлангани ҳам бежиз эмас.
Бу бугун Ўзбекистон қурилиш соҳасида ўзига хос тажрибага эга бўлиб бораётган давлатлар сирасига киришидан далолат беради. Юртимиз қурувчиларидан ўрганадиган жиҳатлар борлиги, шунинг учун келгусида алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатади.
Бугун мазкур соҳадаги ўзгаришлар замонавий тамойиллар асосида тобора такомиллашиб бораётгани эса янада диққатга сазовордир. Яъни, Ўзбекистондаги бунёдкорлик жараёни яшил иқтисодиёт, урбанизация, қурилишда муқобил энергия, ва албатта, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасидаги ижтимоий сиёсатга йўғрилгани билан алоҳида ажралиб туради. Мамлакатимиздаги ҳозирги қурилиш индустриясини ана шу омилларсиз тасаввур қилиш мушкул. Шу жиҳатдан олганда, кейинги 6 йилни соҳадаги инқилобий бурилиш даври бўлди, десак арзийди. Шу давр ичида Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага доир 27 та қарор ва фармони, бошқа кўплаб меъёрий ҳужжатлар қабул қилингани бунинг тасдиғидир.
Агар, 1991 йилдан 2016 йилгача 2000 га яқин қурилиш-пудрат ташкилоти фаолият юритган бўлса, ҳозирги кунга келиб улар сони 40 мингдан ошиб кетди. Урбанизация ҳисобига аҳоли сонининг кўпайиши, инфратузилма тармоқларидаги ҳаддан ташқари юкламалар, транспорт ҳаракатидаги тирбандликлар, чанг, тутун — буларнинг барчаси шаҳарлар майдонини кенгайтиришни, одамлар яшаши учун қулай шароитга эга яшил шаҳарлар қуришни тақозо этаётган эди. Шу боис, кўп хонадонли биноларнинг кўкаламзорлаштириш майдони умумий объектнинг 25 фоизидан кам бўлмаслиги шаҳарсозлик норма ва қоидаларида қатъий белгилаб қўйилди.
Фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий қилинди. Шунингдек, ҳудудларда аҳоли хонадонларига кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури амалга оширилмоқда. Жорий йилда 37 минг хонадонда кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ўрнатилади.
Аҳоли учун янги уй-жойлар қуриш ҳажми 1,5 баробар оширилди. Биргина 2023 йилда 90 мингта уй-жой қуриш, бу борада икки йил аввал бошланган имтиёзли шартлар асосидаги ипотека кредити бериш тизими давом эттирилмоқда.
Республика шаҳар, шаҳарчаларнинг бош режалари ҳамда қишлоқ (овуллар) аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича 2023–2027 йилларга мўлжалланган дастур шакллантирилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ҳамда 2023–2027 йилларда аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастурларини тасдиқлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси тайёрланди.
Маҳалла инфратузилмаси — асосий йўналиш
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айтайлик, биргина ўтган йили “Обод маҳалла” дастури доирасида шароити оғир 413 та маҳалланинг бош режаси ҳамда қишлоқ ва маҳаллалар марказининг меъморчилик қиёфасини яхшилаш бўйича лойиҳалари ишлаб чиқилган. Жараёнга илк бор хусусий лойиҳа ташкилотлари жалб қилинди.
Бу каби маҳалла ва қишлоқлардаги жами 543 ижтимоий соҳа объекти, шу жумладан, 143 та боғча, 265 та мактаб, 136 та тиббиёт, битта маданият биноси, шу билан бирга, аҳолини ичимлик сув билан таъминлашга қаратилган жами 382 объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Мана шу янгиланишлар билан уйғун кечаётган яна бир катта йўналиш бор. Бу — маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш. Шу мақсадда Республика Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022–2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Қарор ижроси билан ҳудудларни обод қилиш, қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, хусусан, жойларда ички йўллар, ичимлик сув, электр энергияси ва газ таъминотини, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа инфратузилма обектларини яхшилаш, шу асосда аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратишга киришилди.
Шу мақсадда 5 минг 284 маҳалладаги 6 мингдан зиёд ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланди. Ушбу қарор ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида ҳудудларда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, лойиҳалар фойдаланишга топширилмоқда. Хусусан, дастурга киритилган 5 минг 600 дан зиёд, бошқача айтганда, 92 фоиз объектлар юртдошларимиз хизматига тақдим этилган. Бугунги кунда дастур доирасида иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан ҳам қўшимча объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари давом эттириляпти.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” каби маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга қаратилган дастурлар доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар халқимиз ҳаётини ўзгартириб, юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратди. Бугун обод маҳалла ва қишлоқларда янги ҳаёт нафаси уфуриб, одамларни яхшиликлар сари ундамоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони доирасида 38 та ҳудудда “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш жараёни изчил олиб бориляпти. Агар қурилиши жадал бошланган “Янги Ўзбекистон” массивлари инфратузилмасига, шакли-шамойилига эътибор берадиган бўлсак, бу ерда инсон манфаати, унинг қадри ҳар нарсадан устун эканлиги намоён бўлади. Жумладан, бундай массивларда кўп қаватли уйлар, муҳандислик-транспорт коммуникацияси, ижтимоий соҳа, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари комплекс тарзда қурилмоқда.
Қурилиш иқтисодиётимизнинг жадал ривожланаётган соҳаларидан бирига айланаяпти. Бинобарин, 2020 йилда қурилиш ишлари ҳажми 88 триллион сўм, 2021 йилда 108 триллион сўм ва 2022 йилда 131 триллион сўмни ташкил этгани шундан далолат беради.
Қолаверса, 2021–2025 йилларда қурилиш тармоғини модернизация қилиш ва инновацион ривожлантириш бўйича стратегия ва “йўл харитаси” тасдиқланди. Умуман олганда, бугун мамлакатимиз қурилиш соҳасида янги авлод шаклланиб, соҳага замонавий услублар жорий этилмоқда.
Эскирган нормалар бугунги кун талабига уйғунлаштирилади
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятовнинг қайд этишича, бугунги кунда қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг стратегияси тасдиқланиб, унда шаҳарсозлик соҳасидаги эскирган норматив ҳужжатларни бугунги жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш қатъий белгиланган.
Жумладан, “Uzbekistan building code” дастури модернизацияси орқали бир нечта аниқ мақсадлар кўзда тутилмоқда:
– эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган нормаларни бугунги кун ислоҳотлари билан уйғунлаштириш;
– уларни тизимлаштириш орқали қурилиш соҳасида бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этиш;
– нормаларни амалиётда қўллаш билан боғлиқ муаммоларни таҳлил қилиш орқали такомиллаштириш;
– нормаларни қурилишга оид халқаро норматив-техник ҳужжатларга мувофиқлаштириш шулар жумласидан.
Мазкур модернизация жараёни учун Корея қурилиш технологиялари институти билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шунингдек, бу ишларни мувофиқлаштириш учун 2022 йилда вазирлик ҳузурида Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Бугунги кунда институтда 80 нафардан ортиқ қурилиш, стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш бўйича илмий ходимлар ҳамда малакали мутахассислар фаолият олиб бормоқда.
Бугунги тезкор замон, жаҳон бўйлаб глобаллашув жараёни тобора чуқурлашиб бораётган шароитда рақамлаштириш илғор давлатлар иқтисодиётининг барча тармоғида кенг жорий этилмоқда. Ҳаттоки, айрим мамлакатлар ушбу соҳанинг энг юқори чўққиси ҳисобланган сунъий интеллектдан фаол фойдаланяпти. Рақамлаштириш ҳар бир соҳада инсон омилисиз бошқарув тизимини йўлга қўйиш орқали коррупцияни камайтиради, солиқ тушумларини “ақлли” шартномалар тузиш орқали кўпайтиради, бюджет харажатлари очиқлигини оширади. Ягона электрон платформа орқали хизмат кўрсатиш имкониятини беради. Ҳар бир жабҳада рақамлаштириш жараёнини ташкил этиш келажакда реал рақобатбардошликни узоқ муддатга сақлаб қолишда асқотади.
Ўзбекистон қурилиш соҳасини рақамлаштириш бўйича дунёнинг илдамлаб бораётган мамлакатлари қаторида, десак муболаға бўлмайди. Вазирлик томонидан аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, буюртмачи, лойиҳачи ва пудрат ташкилотларига, умуман, қурилиш жараёнининг барча иштирокчиларига юқори даражада қулайлик яратиш мақсадида қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Бунда барча хизмат ва технологик жараённи инсон омилисиз мувофиқлаштириб бориш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ишга туширилгани муҳим омил бўлмоқда. Бу эса мазкур соҳадаги давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш, ҳужжатларнинг электрон шаклда айланишини таъминлаш, инвестиция дастуридаги қурилиш объектларининг ҳолатини реал вақт режимида кузатиб бориш имконини бераётир. Шунингдек, қурилиш объектларида назорат жараёни электронлаштирилиб, барча маълумотлар автоматик тарзда шакллантириляпти.
— “Қурилиш соҳасидаги давлат хизматлари ахборот тизими” платформаси орқали бир нечта давлат хизматлари онлайн амалга оширилмоқда, — дейди “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими директори ўринбосари Шуҳрат Ҳамдамов.— Қурилиш ҳамда тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома шу орқали амалга оширилади. Шунингдек, Қурилиш ва лойиҳа ташкилотларининг рейтингини аниқлаш тизимига республикада фаолият юритаётган 22 мингдан ортиқ қурилиш ва лойиҳа ташкилоти киритилган. Уларнинг рейтинги ташкилот моддий-техник базаси, рақобатбардошлиги, кадрлар сиёсати, молиявий кўрсаткичлари, соҳа мутахассислари иш тажрибаси каби бир неча муҳим факторлар бўйича онлайн тартибда автоматлаштирилган ҳолда шакллантириб борилади.
Қурилишга доир лойиҳалар тендер платформаси орқали инсон омилисиз танлаб олинади. Таъкидлаш лозимки, ушбу амалиётнинг дунё миқёсида муқобили кам. Бунда талабгорнинг маълумотлари автоматлаштирилган тарзда солиқ, адлия идоралари, Мажбурий ижро бюроси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси ҳамда Марказий банк маълумотлар базасидан олинади.
Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича ахборот тизими тўлиқ рақамлаштирилди. Бунда ариза берувчилар уйдан чиқмаган ҳолда мурожаат қилиши, қисқа муддатда тегишли экспертиза хулосаларини олиши мумкин. Энг муҳим жиҳати, мурожаатчи онлайн равишда аризанинг ҳар бир босқичини мониторинг қилиш имкониятига эга.
Навбатдаги модул қурилиш соҳасида кўрсатиладиган электрон хизматларни мониторинг қилиш ва ҳар бир объект кесимида босқичма-босқич амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотларни ўзида жам қилган “Мақсадли дастурлар мониторинг” электрон тизимидир. Бу орқали “Шаффоф қурилиш” қошидаги бошқа тизимлар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ахборот марказлари билан интеграция қилиниши ҳисобига муаммоларнинг олди олинади.
Айни пайтда мамлакатимиздаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари бир мақсадга — аҳолининг тўкис ҳаёт кечириши учун замонавий турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари ва қулай инфратузилма яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









