Янги сайёҳлик манзиллари барча учун кони фойда

    Навоий бошқа ҳудудлар каби катта туристик салоҳиятга эга, аммо улардан тўлақонли фойдаланмаётган вилоятлардан биридир.

    Унинг ҳудудида экологик, геологик, тарихий, археологик, архитектура, рекреацион, соғломлаштириш, гастрономик ва монументал туристик ресурслар мавжуд бўлиб, улардан фақат бир нечаси сайёҳлик фирмалари эътиборида.

    Дунёда туризм соҳаси иқтисодиётнинг фаол ривожланаётган ва истиқболли соҳаларидан бирига айланиб бормоқда. У кўплаб мамлакатларда юқори даромадли, иқтисодий ўсишнинг етакчи кучи сифатида хизмат қилмоқда. Салмоқли сайёҳлик ресурсларига эга Ўзбекистон ҳам мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, иқтисодий-ижтимоий ривожланишда ана шундай улкан кучга эга бўлиши мумкин. Шу боис, мазкур соҳанинг модернизациялашуви жуда зарур. Токи у миллий иқтисодиётда янги иш ўринларини кўпайтириш, хорижий валюта тушумини ошириш, халқимизнинг маънавий-маданий меросини асраб-авайлаш ва табиий ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминласин.

    2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантириш концепциясида белгиланган мақсад ва вазифаларни бажариш асносида туризм соҳасини иқтисодиётни диверсификациялаш, ҳудудларни жадал тараққий эттириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг даромади ва турмуш даражасини ошириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини таъминловчи стратегик тармоқлардан бири сифатида ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

    2019 йилнинг сўнггида бутун дунёда туризм соҳаси турғунлигига сабаб бўлган COVID-19 пандемияси мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. 2020 йил давомида юртимиз ҳудудида жойлашган, сайёҳларга хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланаётган корхона ва ташкилотлар таназзулга учраши мумкин эди. Аммо туризм соҳаси субъектлари учун берилган имтиёзлар вазиятни мўътадиллаштиришга хизмат қилди. Карантин талаблари юмшатила бошлагандан кейин бир муддат уйида ўтиришга мажбур бўлган одамлар саёҳат қилишга интила бошлади. Натижада 2021 йили туризм соҳасида жонланиш сезилди. Ўтган йили юртимизга ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар сони 2021 йилдагига нисбатан 3 баробар ошган. Ички туризм дастурлари доирасида 11 миллиондан зиёд аҳоли саёҳат қилган. Янги туризм маркази барпо этилгани натижасида Самарқандга қўшимча 2 миллион сайёҳ келган.

    Бу рақамлар нисбати, албатта, қувонтирмай қолмайди, аммо мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини инобатга оладиган бўлсак, бу кўрсаткичлар етарли эмас. Бунга асосий сабаб сифатида мамлакатимизнинг сайёҳлик имконияти тўлиқ тадқиқ қилинмагани, сайёҳларни жалб қилиши мумкин бўлган, туристик жозибадорликка эга ҳудудлар тўғрисидаги маълумотлар кенг оммага маълум эмаслиги, улар тўғрисидаги дастлабки маълумотларни олиш имконияти чекланганини кўрсатиш мумкин.

    Жорий йил 29 март куни туризм салоҳиятини ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган қатор муаммолар танқидий таҳлил қилиниб, муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Уларнинг ечими сифатида туризм дастурларининг мазмунини ошириш ва хорижлик сайёҳларнинг мамлакатимиз ҳудудида кўпроқ қолишига эришиш таклиф этилди. Туристик салоҳияти мавжуд туманларнинг бу жабҳадаги фаолиятига кўмаклашиш учун 11 та олий таълим муассасаси бириктирилди.

    Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти зиммасига Навоий вилоятининг Нурота, Хатирчи ва Қизилтепа туманлари туристик салоҳиятини тадқиқ қилиш ва йиғилишда белгиланган вазифаларни бажариш юклатилди. Бу топшириқларнинг энг асосийси ва кўпроқ меҳнат ҳамда эътибор талаб қиладигани туризм контентини яратиш ва такомиллаштиришдир. Шу ўринда «контент» тушунчасининг мазмун-моҳияти очиб бериш мақсадга мувофиқ. Контент деганда сайт (электрон портал)нинг ахборот таркиби (матнлар, график, овозли маълумотлар ва бошқалар), шунингдек, китоб, газета, мақолалар тўплами, материаллар ва бошқалар тушунилади.

    Қайд этилган барча маълумотлар турли форматларда тақдим этилиши мумкин. Масалан, ахборот манбаси ҳисобланаётган сайт ёки электрон портал кўпинча реклама баннерларини ўз ичига олади. Аммо контент таркиби қанчалик яхши бўлмасин, фойдаланувчи кўрмаса, ундан фойда йўқ. Иложи борича кўпроқ одам маълумотлар ҳақида билиб олиши учун «мижозни жалб қилиш» билан шуғулланиш керак. Яхши контентдан самарали фойдаланиш учун қидирув сайтлари томонидан тақдим этиладиган натижалар рўйхатидаги олдинги қаторлардан ўрин олиш муҳим аҳамиятга эга. Аммо яхши контентни яратиш қидирув натижаларининг биринчи қаторида пайдо бўлишга кафолат бермайди. Афсуски, қидирув платформалари баҳолаш параметрларини тўлиқ ошкор қилмайди. Шуни инобатга олган ҳолда ахборот манбаларининг контентини бойитиш ва уларнинг тарғиботини кучайтиришга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

    Навоий бошқа ҳудудлар каби катта туристик салоҳиятга эга, аммо улардан тўлақонли фойдаланмаётган вилоятлардан биридир. Унинг ҳудудида экологик, геологик, тарихий, археологик, архитектура, рекреацион, соғломлаштириш, гастрономик ва монументал туристик ресурслар мавжуд бўлиб, улардан фақат бир нечаси сайёҳлик фирмалари эътиборида. Вилоятда мавжуд 20 дан зиёд сайёҳлик фирмасидан 12 таси самарали фаолият юритмоқда. Умуман олганда, вилоятдаги туристик ресурслар киритилган 12 та туризм пакети ишлаб чиқилган. Уларнинг ўртача давомийлиги 1,5 кунни ташкил этади.

    2022 йилда вилоятга 1 миллион 19 минг сайёҳ келган бўлиб, уларнинг 26,2 минг нафари хорижлик ҳамда 992 минги маҳаллий аҳолидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, маҳаллий сайёҳларнинг фақат 0,4 фоизи турфирмалар ҳиссасига тўғри келади. Бу 2018 йилдагига нисбатан 6 баробар кам. Сайёҳларнинг асосий қисми Нуротадаги Чашма зиёратгоҳи, Тўдакўл ва Айдаркўл сув омборлари атрофидаги дам олиш маскани, Центоб туризм қишлоғи, Кармана туманидаги Работи Малик ва Сардоба ёдгорликлари, Қосим Шайх масжиди, Мир Саид Маҳрам мақбараси, Мавлоно Ориф Деггароний мақбараси, Конимех туманидаги ўтовли лагерлар, Олтинсой санаторийсига бормоқда. Ваҳоланки, вилоят миқёсида маданий мерос рўйхатига киритилган 437 та объект мавжуд.

    Шу каби маълумотларни умумлаштирган ҳолда Навоий вилоятида туризм соҳасини ривожлантиришда қатор муаммолар мавжудлигини айтиш мумкин. Вилоятдаги туристик жозибадорлиги мавжуд ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳияти бўйича контентлар тўлиқ ишлаб чиқилмагани, аниқ тарихий-илмий асосланган маълумотлар камлиги, мукаммал маълумотлар базаси мавжуд эмаслиги, туризм имконияти етарли даражада тарғиб қилинмагани ҳамда ундан тўлиқ ҳажмда фойдаланилмаслиги шулар жумласидан. Вилоятнинг ҳар бир тумани тўғрисида маълумотлар жамланган махсус китоблар нашр этилган, аммо сайёҳлар эътиборини тортадиган ва уларга фойдаланиш қулай бўлган имкониятлар мавжуд эмас.

    Вилоят ҳудудида сайёҳларни кенг жалб қиладиган туристик манзилларда хорижий тилларда гаплаша оладиган гид-экскурсоводлар, малакали мутаҳассислар, тажрибали туроператорлар йўқ. Шунингдек, сайёҳларга хизмат кўрсатадиган корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган ходимлар туризм соҳаси бўйича етарли тушунчага эга эмас ҳамда хизмат вазифаларини яхши билмайди. Қолаверса, сайёҳлар оқимини ҳисоблашда асосий дастак бўладиган механизмлар, яъни сайёҳлик объектларига кириш қисмида тўловлар тизими ёки ташриф буюрувчилар оқимини бошқариш имконини берувчи турникетлар жорий этилмаган. Натижада ушбу манзилларда сайёҳлар оқимининг ҳисоби юритилмаяпти.

    Бугун Навоий вилоятидаги 437 та маданий мерос объектидан фақат 24 таси сайёҳлик йўналиши киритилган. Жумладан, Кармана туманидан ўтувчи М-37 автомагистрали ёнида жойлашган Работи Малик ва Сардоба туристик объектлари, Навбаҳор туманидаги Сармишсой давлат қўриқхонаси, Хатирчи туманидаги Сангижумон, Лангар, Ангидон ҳудудлари салоҳиятидан етарли даражада фойдаланилмаётир. Ҳудудда сайёҳларнинг эркин ҳаракатланиши учун қўшимча қулайлик яратадиган ҳамда маълумот бериши мумкин бўлган йўлкўрсаткичлар, туристик хариталар ва инфокиосклар, ҳар бир сайёҳлик объекти, хусусан, зиёратгоҳларнинг кириш қисмида унинг тарихига оид фактлар ва бошқа зарурий маълумотлар етарли эмас. Туризм хизматларини кўрсатувчи корхоналар, таълим муассасалари ҳамда соҳага ёндош тармоқлар ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилмаган.

    Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Навоий вилоятининг туристик жозибадорлигини ошириш, туризм соҳасининг фаолиятини жадаллаштириш ва кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш мақсадида қатор чора-тадбирларни таклиф қилиш мумкин. Жумладан, сайёҳларга тўлиқ ва фойдали маълумотлар берувчи контентни шакллантиришда объект геолокацияси ёки харитаси, фотожамланмаси, объект тўғрисида маълумот, унинг атрофида фаолият кўрсатаётган меҳмонхона ва шунга ўхшаш жойлаштириш воситалари ҳамда умумий овқатланиш корхоналари, шунингдек, объект ҳақида қўшимча ва фойдали маълумотларни ўз ичига қамраб олган турли тиллардаги нашрларни тайёрлаш ва кенг оммага етказиш мақсадга мувофиқ. Бу жараёнда ижтимоий тармоқлар ва туризм соҳасига оид сайтлардаги контентларни мунтазам янгилаб бориш, сайёҳлар диққатини тортадиган маълумотлар билан тўлдириб бориш, контент матрицасини яратиш ва ундан самарали фойдаланиш механизмларини жорий қилиш тақозо этилади.

    Вилоят ҳудудидаги туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган кадрлар тақчиллиги муаммосини ҳал қилиш учун Навоий давлат педагогика институтида хорижий тилларни ўрганаётган талабаларни, туристик манзиллар атрофида яшовчи, хорижий тилларни мукаммал билувчи шахсларни Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти билан ҳамкорликда мақсадли тайёрлаш мумкин. Бўлғуси мутахассисларга қўшимча гид-экскурсовод малакасини бериш, туристик инфратузилма таркибидаги барча корхона ва ташкилотлар ходимлари учун семинар-тренинглар, қисқа ўқув курслари ташкил этиш имкони мавжуд.

    Келаётган сайёҳларнинг аниқ сонини ҳисоблаш мақсадида туристик оқимни бошқариш ҳамда статистик ҳисобни юритиш бўйича ҳудудларда фойдаланиш мумкин бўлган методикалар таклифини ишлаб чиқиш, зиёратгоҳ ва дам олиш масканларида имтиёзли кириш чипталарини жорий қилиш ва шу орқали туристик оқим статистикасини юритишнинг оптимал ечимларини тадқиқ қилса бўлади. Ҳудудлардаги сайёҳлик йўналишлари киритилмаган объектларнинг имкониятини баҳолаш, улардан сайёҳликда фойдаланиш мумкин бўлганларини танлаб олиш ва янги йўналишлар очиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш керак. Шунингдек, вилоятда мавжуд бўлган туристик ресурслар жозибадорлигини ва сайёҳлар қизиқишини оширадиган ўзига хос янги турдаги объектларни яратиш, уларни сайёҳлик йўналишлари таркибига киритиш зарурати мавжуд.

    Бунинг учун, аввало, Конимех, Навбаҳор ёки Нурота тумани ҳудудидаги тошбақалар популяцияси катта бўлган локацияда тошбақа шаклидаги бинода жойлашган Тошбақа музейини очиш, уни судралиб юрувчиларга оид қизиқарли маълумотларни акс эттирувчи экспонатлар билан бойитиш, йил давомида тирик тошбақаларни кўриш имконини берувчи питомникни ташкил этиш мумкин.

    Иккинчидан, Навбаҳор туманидаги Сармишсой дарасида жойлашган дам олиш масканларида ибтидоий жамоа тузуми давридан то ўрта асрларгача бўлган даврда маҳаллий халқлар турмушида ишлатилган сопол идишлар ясаш, теридан кичик буюмларни тикиш, шунингдек, сунъий қоятошларда суратлар чизиш устахоналарини (ўша вақтдаги тошдан ясалган уйлар кўринишида) ташкил этиш ҳам сайёҳлар қизиқишини оширади.

    Учинчидан, Навоий тоғ-кон металлургия комбинати ҳудудида Ўзбекистон саноат туризми марказини ташкил этиш, сайёҳлар томонидан белгиланган масофада очиқ карьер тизимида олиб борилаётган қазилма ишларини кузатиш имконини берувчи инфратузилмани яратиш таклифи мавжуд.

    Тўртинчидан, Хатирчи туманининг «Тасмачи», «Олтинсой» «Учқора» маҳалла фуқаролар йиғинларида узумчиликка асосланган агротуризм йўналишларини ташкил этиш лозим.

    Бешинчидан, Навоий вилояти Кармана туманидан ўтувчи М-37 халқаро автомагистралида жойлашган Работи Малик ва Сардоба ёдгорликлари яқинида Маликчўл ўлкашунослик марказини очиш, унинг таркибида ҳудуднинг этнографиясини акс этувчи ўлкашунослик музейи ҳамда чўл ҳудудида яшайдиган ҳайвонларидан иборат ҳайвонот боғини ташкил этиш даркор.

    Вилоят ҳудудида сайёҳлар эътиборини тортадиган қатор оммавий тадбирларни, жумладан, Хатирчи туманидаги «Сангижумон» МФЙ ҳудудида миллий кураш ва камондан отиш бўйича халқаро очиқ чемпионат, Қизилтепа туманидаги Тўдакўл кўлида байдарка, академик эшкак эшиш ва сёрфинг мусобақалари, Навбаҳор туманидаги Сармишсой давлат музей қўриқхонасининг қоятош суратлари туширилган дарасида «Тасвирий санъат: этнос ва археология» халқаро тасвирий санъат ва археология форумини ўтказиш самара беради.

    Бундан ташқари, Хатирчи туманининг Ангидон экоҳудудида ёшлар учун махсус форум, Хатирчи, Нурота, Навбаҳор, Кармана ва Қизилтепа туманлараро туризм ҳалқаси бўйлаб Марказий Осиё очиқ веломарафони, Нурота туманининг Айдаркўл ҳудудидан Орол денгизигача бўлган масофада халқаро «Греат Силк Роад Десерт Ралли» саҳро ралли мусобақаларини ташкил этиш мумкин.

    Республика ва халқаро даражадаги оммавий тадбирлар, анимацион дастурлар ташкил этиш режасини ишлаб чиқиш, олий ва профессионал таълим муассасалари талабалари иштирокида беш муҳим ташаббус тадбирларини ўтказиш, Навоий вилоятининг сайёҳлик салоҳияти ва имкониятларини инобатга олган ҳолда 2024 йилга мўлжалланган сайёҳлик тақвимини ишлаб чиқиш, унга йил давомида ўтказиладиган халқаро ва республика даражасидаги тадбирларни киритиш мақсадга мувофиқ. Сайёҳлик объектлари, зиёратгоҳлар ва дам олиш масканларига олиб борадиган йўлкўрсаткичлар ва хариталар, ҳудудга тегишли реклама баннерлари, айниқса, овқатланиш, мотель, ҳостел, дорихона, автомашиналарга техник хизмат кўрсатиш каби хизматлар рекламаларини ташкил этиш зарурати мавжуд.

    Қолаверса, ҳудудларда туризмни жадал ривожлантириш мақсадида туризм хизматлари кўрсатувчи корхоналар, таълим муассасалари, қўшимча хизмат кўрсатувчи корхоналар ва туризм соҳасига ёндош тармоқ/соҳалар ҳамкорлигидан иборат кластер ёндашувини жорий қилиш сайёҳлик имкониятини ошириши шубҳасиз.

    Муҳиддин ПЎЛАТОВ,

    Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ректори,

    иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates