Янги уй ўйлари

    19 йил мобайнида 11 марта кўчишнинг ўзи бўладими?! 36 ёшли подполковник яшаш жойи ўзгараверишидан, юк ортмоқлаб юраверишдан безиганди. Мана, энди ўша қўнимсиз йиллар ортда қолди.

    У замонавий парда ипини астагина тортди. Иссиқ ҳарорат ҳовуридан “терлаган” деразани қўли билан хиёл артди-да, пастдаги гавжум болалар майдончасига кўз югуртирди. Ажойиб манзара юқоридан кафтдек кўринаркан. Етти ёшли ўртанча ўғли Ибратбекни нигоҳи билан қидириб топди. Юзига майин табассум ёйилди, юраги энтикди. Айни пайтда янги уйга эгалик ҳиссидан ёқимли ҳаяжонга тушди. Хаёли узоқ-узоқларга кетди...

    Тепа қаватга лифтда кўтарилган тўнғич фарзанди Усмонбекнинг янгроқ овози қулоғига чалинганида ҳали ҳам тирсагига суяниб турганини, бармоқлари увушганини сезди. Дилбандининг чеҳрасида хуррамлик уфурарди. Ҳаммадан кўра унинг қувончи чексиз, ўзига сиғмасди. Боиси, болакай Бухоронинг Қўракўл туманида дунёга келиб, 4-синфгача бир эмас, нақ учта мактабга кўчиб ўқиганди.

    Янги синфдошлари билан танишиб, атроф-муҳитга энди мослашганида ва дўст орттирганида кутилмаганда яна қаергадир жўнашарди. Энди бундай номаълум оворагарчилик хавотиридан, омонат вазиятдан қутулганди. Ўзларининг доимий уйлари бўлиши ҳақидаги хушхабарни эшитганида беғубор ўлчовлар оғушида “Урра, энди ҳеч қаерга кўчмаймиз, паркка ҳам тез-тез борамиз”, деган ҳайқириқ билан азобларни унутди.

    Подполковникнинг ўзи ҳам катта машинада Қашқадарё, Фарғонаю Наманган бўйлаб юк ортмоқлаб юришдан безиганди. Ахир 19 йил мобайнида 11 марта кўчишнинг ўзи бўладими?! Бир ҳафтадирки, қишлоқдаги ҳовлисида бола парвариши билан машғул педагог аёли Гулбаҳор кенжатойи Нурмуҳаммадни бағрига босиб, ширин безовталикка чўмган. Шинам хонадонга мўлжаллаб оҳори тўкилмаган идиш-товоқ ва хўжалик буюмларини, кийимларни тайёрларди. Мунтазам ижарама-ижара санғиган “лаш-луш”ларни назари тушмаслиги ва ўша қўнимсиз йилларни эсламаслик учун омборга элтиб ташлади.

    Қаҳрамонимиз Исмоил Ўринбоев Умаршайх Мирзо макон тутган кўҳна Ахсикент диёридан. 1987 йил 20 апрелда туғилган. Падари бузруквори томондан шажараси Қўқон тарафлардаги аждодларига уланади. Бобоси шўролар даврида миршаб ўтган. Тўрақўрғондаги 52-ўрта мактабни ва туманнинг Оқтош шаҳарчасидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатни аъло баҳоларга тугатди. Мусофирлик тамғаси болалигидан пешонасига битилганди. Лицейда ётиб қолиб ўқирди, меҳрибонлари ҳузурига ҳафтада бир борарди, соғинч уни тез улғайтирди. 2005 йилда жисмоний ҳолат ва тест имтиҳонларидан яхши натижа тўплаб, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти курсанти бўлди ва 2009 йилда муваффақиятли тамомлади.

    Ишга ҳар сутка Тўрақўрғон туманининг Шаҳанд (Шоҳқанғ) қишлоғидаги “Дукат” маҳалласи, “Номдон” кўчаси, 218-уйдан қатнарди. Қатъий тартиб-интизом ва фавқулодда топшириқларни қамраган фаолияти сабабли саҳар кетиб, кеч қайтарди. Олис масофа толиқтирса-да ва кўп вақти йўлга совурилса ҳам, “ойнинг ўн беши ёруғ”лигига ишонарди.

    Бугун тонгда эса пенсионер ота-онаси – фахрий ҳисобчи, боғбон Инъомжон ака ва нафақадаги ҳамшира, моҳир каштачи Зулфия опанинг дуосига кўмилди. Ёшлигида полиз маҳсулотлари етиштирилган, айни дамда қалин дарахтзорга айланган, серсоя, бўз тупроқли шудгори билан “хайрлашди”. Дарвоза остонасидан ҳатлаб, шоҳкўчагача ҳамроҳлик қиладиган қўшариқдаги тиниқ оқаётган сув ҳам худди уни янги бошпана билан қутлаётгандай.

    Рўпарасида улкан Сирдарё шовиллайди. Қаршисида ястаниб ётган – қадим мозийда Фарғона водийсининг пойтахти саналган Ахсикент археологик ёдгорлиги кўзни қамаштиргудек. Ҳар куни шу алфозда тарихий масканлар ёнидан шахсий автомобилини секин миниб илдамларди.

    Касаллик оқибатида эрта оламдан ўтган раҳматли акасининг ҳаётлигида айтган васиятини бажарганидан, ички ишлар ходими бўлишни орзулаган суянган тоғининг армони ушалганидан мамнун.

    - Икки опам ўз турмушидан тинчиган. Биттагина акамнинг умри қисқа экан. У ҳарбийликка қизиқарди ва шу касбни эгаллашимни тайинлаганди. Мана, истагини бажо келтирдим, руҳи шод бўлишидан умидворман, - дейди суҳбатдошимиз Шарқий ҳарбий округи Наманган вилояти мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Исмоил Ўринбоев. – Аслида, кичиклигимда элчи бўлишни хоҳлардим. Дипломатликка ҳавасим баландлиги учун тарих, адабиёт, ҳуқуқ ва аниқ фанларни намунали ўзлаштирардим. Ҳаш-паш дегунча ҳозирги соҳамда хизматни бошлаганимга 20 йил тўлибди. Ишим асосан ёшлар, ёш ҳарбийлар билан бевосита боғлиқ.

    Ҳарбий либоси ярашган ва савлатли Исмоил ака мамлакатимизнинг турли вилоятларидаги Тошкент, Денов, Навоий, Каттақўрғон, Қарши ва Марғилон шаҳарларида, Қоракўл, Нишон туманларидаги ҳарбий қисм, сафарбарлик чақируви резервида ва ҳарбий округлар бошқарув аппаратида ўринбосар, катта офицер лавозимларида унга юклатилган вазифаларни сидқидилдан уддалади.

    Қатор малака ошириш курсларида билим-кўникмаларини бойитди. Хусусан, психолог ва юрист мутахассислиги бўйича ҳам махсус сертификати мавжуд. Шиори: “Йигит кишига қирқ ҳунар оз”. Деҳқончилик, чорвачилик ва дурадгорликдан тузуккина хабардор. Ютуқлари мўл, раҳбарлари ва касбдошлари эътирофига сазовор, ҳурмат қозонган. Масалан, аввалроқ Шарқий ҳарбий округи қўмондонининг жанговар ва маънавий-маърифий ишлардаги ҳамда 2023 йил якунларига оид учрашувда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги илғорлиги учун Наманган вилояти ҳокимининг ташаккурномаси, қимматбаҳо эсдалик совғаси билан тақдирланди.

    2012 йилда Мудофаа вазирлиги қошидаги “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик дастури” юзасидан қўлга киритган халқаро сертификати ва инглиз тилини билиши туфайли иш ҳақига ҳар сафар қўшимча устама ёзилади. 2009 йилда лейтенант, 2011 йилда катта лейтенант, 2013 йилда капитан, 2017 йилда майор ва 2021 йилда подполковник унвонларини олди.

    Дарвоқе, 2020 йили муҳтарам Президентимиз, Ўзбекистон Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев таклиф-ташаббуси билан Амир Темур жанговар байроғи таъсис этилган. Шунинг шарафига икки йилда бир республикадаги 5 та ҳарбий округ миқёсида йирик кўламдаги мусобақа уюштирилади. Муросасиз беллашувда энг зўр натижага эришган округга мазкур нуфузли байроқ топширилади. Бу эса гўё ўша округдагилар буюк саркарда Амир Темур қўшинига тенглаштирилади, қиёсланади. 196 хил йўналишдан иккитасида биринчиликни қайд этиб қайтганидан сўнг 2021 йили Исмоил Ўринбоевга подполковник унвони берилгани у учун энг эсда қоларли ва қадрли воқеа сифатида хотирасига муҳрланди.

    Исмоил ака билан қуриб битказилган янги уйларни топширишга бағишланган тантанали тадбирга тайёргарлик жараёнларида ва идорасида самимий мулоқот қурдик. Дастлаб азиз устозлари – ўрта мактабдаги илк муаллими Маъмурахон оя Қосимова ва математика фани ўқитувчиси Ёқубжон домла Сиддиқов, лицейдаги чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Валижон Камолов, Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи, полковник Искандар Маллаевнинг исмини алоҳида эҳтиром билан тилга олди. Қаранг, ўзи ҳам устоз мақомига етишди, шогирдлари талайгина.

    Ташкилотчилар тақдим этган маълумотларга кўра, ҳарбий хизматчиларнинг фидокорона, самарали меҳнатига мукофот тариқасида давлат икки ва уч хонали уйлар ажратади. Республика мудофаа вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ, бу гал наманганлик 56 киши тасдиқланди. Аксарияти бошқа вилоятларда шартнома асосида шарафли вазифасини ўтамоқда. Рўйхат ичида Исмоил ака ҳам бор ва бунгача унинг номзоди кетма-кет беш йил тавсия этилганди. Насибаси ва навбати 2024 йил бошида экан.

    Эътиборлиси, хонадон нархининг 25 фоизли бошланғич тўловига давлат ҳомийдир. Қолгани эса 20 йил муддатга 14 фоизли имтиёзли кредит билан ойма-ой узилади. Кимларга икки ёки уч хонали хонадон берилиши ва айнан нечанчи қават расмийлаштирилиши низомини суриштирдик. Халқ тилида ифодалаганда ва қадриятларимизга биноан аралаш фарзанд, яъни ўғил ва қиз ўстираётган ёш оилага 3 хонали, неча нафарлигидан қатъи назар, фақат ўғиллари бор оилага эса икки хонали уй туҳфаси тоифаланаркан. Лоторея усулида сонлар яширилган махсус “билет”ни тортиш орқали бино қаватларидан бири танланади.

    Бамисоли ҳарбийдек тик қад ростлаган 16 қаватли осмонўпар турар жой тевараги файзга чулғанган. Ватан ҳимоячилари куни арафасидаги очилиш маросимида орзиққан кўнгиллар ҳайратланди. Олтинранг ленталар боғланган хонадон калитлари тақдим этилганида гулдурос олқишлар авжланди, миннатдорлик туйғулари жўшди, эзгу ниятлар, қизғин табриклар билдирилди, шахдам қадамлар билан ёруғ истиқболга юзланилди.

    Табиийки, чиройли хонадонларни жиҳозлаш барчани ғайрат-шижоатга ундайди. Албатта, янги қўшнилар билан гурунглашишга, фарзандлар эса янги ўртоқ, дугоналари билан маза қилиб ўйнашга иштиёқманд. Бешинчи қаватгача тушган бахтли рақам соҳибларининг эса кайфияти жуда чоғ. Умуман, иншоотнинг қулай жиҳатлари бисёр. Жумладан, марказий йўл бўйида, мактаб, боғча, тиббиёт пунктига яқин ҳудудда жойлашган.

    Очеркимиз қаҳрамоними шундай сабоқ-хулосани такроран англадики, тинимсиз изланиш, ҳар қайси юмушга масъулият билан ёндашиш ҳақиқий даража-мавқени белгилашини икки карра тушунди. Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимиз тинчлик-осойишталигини таъминлашга ҳисса қўшиш, кечаю кундуз огоҳлик-ҳушёрликка интилиш аскарларнинг, алп-азаматларнинг муқаддас бурчидир. Юксак салоҳиятли, мард ва ақл-заковати кучли, изчил ислоҳотларга дахлдор ёш ва тажрибали кадрларга боқсангиз, уларнинг қудратли миллий армиямизга камарбасталиги фахрланишга арзийди.

    Ҳа, Ўринбоевлар оиласининг муқим яшаш манзили ўзгарди: Наманган шаҳри, Давлатобод тумани, Янги Наманган шаҳарчаси, “Тадбиркор” маҳалла фуқаролар йиғини, “Ёшлик” кўчаси, 2-“А” уй, 60-хонадон, 10-қават. Элимизнинг жасур ва муносиб ўғлонига муҳташам кошона муборак, илоҳим, хурсандчиликларга, тўйларга буюрсин!

    Орифжон ЖЎРАЕВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Мазкур очерк «Янги Ўзбекистон» газетасининг 2024 йил 12 январь,

    8-сонида «ҲАРБИЙ ОИЛАСИНИНГ МУҚИМ ЯШАШ МАНЗИЛИ ЎЗГАРДИ» сарлавҳаси билан чоп этилди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates