Қўлингиздаги смартфон қурилмаси минглаб чақирим наридаги инсон билан юзлаштира олади, узоқ вақт кўрмаган азиз инсонингиз билан учраштиради.Илгари аскарлар ота-онасини соғинган вақти узундан-узун мактублар битар, ё бир имкон топиб, қўнғироқ қиларди. Ҳозир эса, замон билан ҳамнафас аскарлар ота-онаси билан видеомулоқот қиляпти. Ҳа, улар онлайн учрашиш бахтига эришмоқда.
Ана шундай учрашувлардан бири, Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида бўлиб ўтди. “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ўтказилган телекўприкда Қорақалпоғистон Республикасидан Самарқанд вилоятига ҳарбий хизматга юборилган аскарлар ва Самарқанд вилоятидан Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларда йигитлик бурчини ўтаётган алпқомат йигитларнинг яқинлари билан учрашув ташкил этилди.
“Аскар оналарини шарафлаймиз!” номли тадбир ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлди. Ота-оналар фарзандлари билан дийдорлашаркан, кўзларида севинч ёшлари билан дилбандига омад ва зафарлар тилаб қолишди. Аскарлар ҳам энди кечаги эрка бола эмас, балки эгнидаги ҳарбий либосига ярашиқ сўзи бор, ҳақиқий Ватан ўғлони бўлганини суҳбат давомида сезилиб турди.
Шу кунги учрашувда қорақалпоғистонлик бир гуруҳ ота-оналар ҳарбий қисм командирининг миннатдорчилик хати билан тақдирланди, деб хабар беради Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати.
Минажатдин Қутлымуратов,
«Янги Ўзбекистон» мухбири