Японияда ўлимга олиб келувчи хавфли касаллик тарқалмоқда

    Японияда “гўшт еювчи бактерия” деб аталадиган касаллик тарқалмоқда ва 48 соат ичида одамнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

    Гап оддий А гуруҳи стрептококклари – ҳаво томчилари ва алоқа орқали юқадиган бета-гемолитик бактерия ҳақида кетмоқда. Кўпинча инфекция томоққа таъсир кўрсатади.

    “Одамлар кўпинча стрептококклар, шу жумладан “гўшт еювчи бактерия” деб аталадиган А стрептококклари билан касалланишади, аммо инфекцияланганларнинг ҳаммаси ҳам стрептококк токсик шок синдромига дучор бўлишмайди”, деб ёзади нашр.

    Стрептококк токсик шок синдроми кўпинча оёқларда оғриқ ва шишиш билан бошланади. Иситма ва паст қон босими фонида оёқ-қўлларнинг некрози тез ривожланади.

    “Аксарият ўлим ҳолатлари 48 соат ичида содир бўлади. Бемор эрталаб оёғи шишганини сезса, тушлик пайтида шиш тиззагача ўтиши мумкин. Ва одам 48 соат ичида ўлиши мумкин”, деди Токиодаги юқумли касалликлар тиббиёт университети профессори Кен Кикучи.

    Унинг сўзларига кўра, жорий инфекциянинг тарқалиш тезлиги ҳисобига бу йил Японияда мазкур касаллик ҳолатлари сони 2500 га етиши мумкин, “қўрқинчли ўлим даражаси 30 фоизни ташкил қилади”. Шу билан бирга, профессор ўз ҳамкасбларини ва умуман одамларни ваҳима қилмасликка ва “асосий гигиена” қоидаларига риоя қилишга чақирди.

    Японияда 2 июнь ҳолатига кўра стрептококк токсик шок синдромининг жами 977 та ҳолати аниқланган. 1999 йилдан бери касалликларни кузатаётган Миллий юқумли касалликлар институти маълумотларига кўра, бу ўтган йил давомида қайд этилган рекорд – 941 ҳолатдан кўп, деб хабар беради korrespondent.net.