Японияда «Ўзбекистон бизнес-форуми» бўлиб ўтди

    Халқаро ҳамкорлик 27 октябр 2023 760

    Мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси БМТнинг саноат тараққиёти бўйича ташкилоти — UNIDOнинг Токиодаги Инвестициялар ва технологияларни илгари суриш бюроси (UNIDO ITPO) ваколатхонаси билан ўзаро ҳамкорликда «Ўзбекистон бизнес-форуми»ни ташкил этди.

    Унда UNIDO ITPOнинг Токиодаги ваколатхонаси раҳбари, Ўзбекистоннинг Нагоядаги фахрий консули, «Meinan Co.Ltd» компанияси президенти, «Masui Co.Ltd.» компаниясининг минтақавий директори ҳамда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги масъул вакили сўзга чиқди.

    Шунингдек, ушбу форумда Япония ишбилармон доиралари, турли ташкилотлари ва сайёҳлик компанияларининг вакиллари ҳам иштирок этди.

    UNIDO ITPOнинг Токиодаги ваколатхонаси раҳбари ўз нутқида сўнгги йилларда халқаро молия институтларининг мамлакатимизга бўлган ишончи ва ўзаро ҳамкорликка бўлган қизиқиши ортиб бораётганини қайд этар экан, Япония ва Ўзбекистон ўртасида тобора равнақ топаётган кенг кўламли алоқаларга атрофлича тўхталди.

    Бизнес-форум доирасида мамлакатимизнинг савдо ва инвестициявий салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг Япония билан иқтисодий ҳамкорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани ҳолда ҳозирги кунларда япон компанияларининг тўғридан-тўғри инвестициялари ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар, савдо шартномалари ва салоҳиятли ҳамкорлик йўналишлари ҳақидаги маълумотларга урғу берилди.

    Шу билан бирга, анжуман иштирокчиларининг эътибори мамлакатимизнинг инвестиция ва савдо соҳаларидаги катта салоҳиятига қаратилар экан, юртимизда иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш бўйича амалга оширилган ислоҳотларнинг натижалари, валюта бозорини эркинлаштириш, давлат мулкларини хусусийлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги муҳим маълумотлар ўртоқлашилди.

    Ўз навбатида, автомобилсозлик, тўқимачилик, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, ахборот технологиялари каби тармоқларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имкониятлари билан яқиндан танишиш мақсадида япон компаниялари Ўзбекистонга таклиф этилди.

    Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги бой имкониятларига бағишланган тақдимот воситасида эса Самарқанд, Бухоро, Хива ва Термиз шаҳарларининг туризм салоҳияти, сўнгги йиллар давомида барпо этилган жаҳон андозаларидаги меҳмонхоналар, ички транспорт инфратузилмаси, овқатланиш масканлари ҳамда хорижий сайёҳларга яратилган қулайликлар ҳақидаги батафсил маълумотлар тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола этилди.

    Тадбир сўнггида Япониядаги «Meinan Co.Ltd» компаниясининг мамлакатимиз корхоналари билан яқин ҳамкорлиги тафсилотларини қамраб олган тақдимот ҳам анжуман қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.

    Форум доирасида иштирокчиларнинг қатор икки томонлама учрашувлари ҳам бўлиб ўтди, деб хабар беради «Дунё» АА.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates