Яшил энергетикага ўтиш — замон талаби

    Маълумки, жорий йилнинг 23 июнь куни мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев йирик саноат корхоналарини “яшил” энергия билан таъминлаш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.

    Тақдимотда бу йил мамлакатимизда амалга оширилаётган лойиҳалар ва яқин келажакдаги режалар ҳақида ахборот берилди. Улардан асосий мақсад генерация, модернизация ва энергия самарадорлигини таъминлашдир.

    Хусусан, республика бўйлаб йил якунигача 12 та қуёш ва 4 та шамол электр станцияси, 12 та энергия сақлаш тизими ишга туширилиши қайд этилди. Уларга жами 5 миллиард доллардан зиёд инвестиция сарфланиб, салкам 9 миллиард киловатт-соат қувватга эга бўлиши таъкидланди.

    Давлатимиз раҳбари томонидан энергияни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш, айниқса, йирик саноат корхоналарида энергия самарадор ускуналарни ўрнатиш вазифаси қўйилди.

    Йиғилишда электр истеъмоли юқори 18 та тармоқни ўзини ўзи энергия билан таъминлайдиган тизимга ўтказиш чора-тадбирлари муҳокама қилиниб, ижтимоий муассасаларда қуёш энергиясидан фойдаланиш борасидаги ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди.

    Мазкур йиғилишда Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ҳам кечиктириб бўлмас бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

    Бугунги кунда комбинат йилига 3 млрд кВт.соат электр энергиясини истеъмол қилади. 2030 йилга бориб, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширилишини ҳисобга олган ҳолда, бу кўрсаткич 7,6 миллиард кВт.соатга етади.

    Бу ўсиш қайси манбалар ҳисобидан қопланади? Президентимиз 2026 йилга бориб “яшил” энергетика ҳисобига энергия истеъмолининг қанча қисми таъминланишини таҳлилий тарзда ҳисоб-китоб қилиш бўйича топшириқ берди.

    Ушбу мақсадларда комбинатда 12 та корхонанинг энергоаудити якунланди ва 5 тасида жадал олиб борилмоқда. Бунда энергоаудит чора-тадбирлари эвазига йилига 100 млн кВт.соат электр энергиясини тежаб қолиш имконияти аниқланди.

    Бундан ташқари, Оҳангарон туманида 150 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ва 75 МВт қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш лойиҳаси амалга оширилади. Президентимиз ушбу лойиҳани жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

    Ўзбекистон географик жойлашуви бўйича қуёш нурланишининг юқори даражасига эга. Юртимиз 300 кундан ортиқ қуёшли кунларга эга бўлиб, бу қуёш энергиясини самарали ишлатиш учун ажойиб имконият яратади. Иқтисодиёт ривожланаётгани ва аҳоли сони ортиши билан энергияга бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда. Шунинг учун, анъанавий энергия манбалари билан бирга, қуёш энергиясини кенгроқ жалб қилиш зарур. Қуёш энергияси тоза ва атроф-муҳитга зарарсиз энергия манбаи бўлиб, Ўзбекистонда экологияни яхшилаш ва парник газларининг ажралиб чиқишини камайтиришда муҳим роль ўйнайди.

    Ишлаб чиқариш таннархини тушириш, маънан эскирган технологик ускуналарни энергия тежамкор замонавийларига алмаштириш, технологик ишлаб чиқариш жараёнига яшил энергетикани жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан кўпроқ фойдаланиш, айниқса, қуёш фото электр станцияларини ўрнатиш ишларини янада ошириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

    Бевосита рақамларга қарайдиган бўлсак, комбинатимизда 2025 йилда ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб олинган эди. Жумладан, бу йил энергия тежаш чора-тадбирлари амалга оширилиши натижасида 140,7 млн кВт.соат электр энергияси тежалади.

    Жорий йилнинг январь-май ҳолатига ишлаб чиқариш жараёнини оптималлаштириш ҳисобига 17 млн кВт.соат, ишлаб чиқариш технологиясини модернизация ва реконструкция қилиш эвазига 21 млн кВт.соат электр энергияси иқтисод қилинди. Бунда частота ростлаш қурилмалари орқали бошқариш, маъдан ташишда транспорт-логистика схемаларини ва қурилмаларини ўзгартириш орқали электр энергия истеъмолини камайтириш, энергия тежамкор насос агрегатларини ўрнатиш каби чора-тадбирлар амалга оширилди. Шунингдек, ЭКГ-15 русумли экскаваторларнинг ускуналарини янгилаш ва таъминот схемаларини ўзгартириш ҳисобига режасиз тўхташ ҳолатлари камайтирилди.

    Мис эритиш заводида 7 та тежамкор компрессор алмаштирилиши ҳисобига йилига 2 млн кВт.соат электр энергияси иқтисод қилинмоқда.

    Комбинат бўйича 2025-2030 йилларда электр энергиясига бўлган талаб ва уни қоплаш манбаларини таҳлил этадиган бўлсак, 2026 йилда 4,3 млрд кВт.соат, 2030 йилда 7,6 млрд кВт.соат электр энергияси истеъмоли кўзда тутилган. Бунда Поп, Хонобод, Оҳангарон ва Бўка қуёш фотоэлектр станциялари ҳамда Шоуксин ва Фориш шамол электр станциялари ишга туширилиши эвазига 2025 йилда 1,2 млрд кВт.соат, 2030 йилда 7,6 млрд кВт.соат “яшил” энергия истеъмол қилинади.

    Шунингдек, комбинатнинг объектларида ўрнатилган жами 9 МВт қувватли қуёш панеллари орқали йилига 10 млн кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

    Янги қурилаётган 2-мис эритиш заводида буғ турбинаси ўрнатилиши ҳисобига қўшимча 64 млн кВт.соат энергия олинади.

    “Яшил” энергетикага ўтиш борасида амалга ошириладиган ишлар натижасида маҳсулотлар ишлаб чиқариш таннархи ҳам тушиб боради. Асосий маҳсулотимиз бўлган мис катоди мисолида олиб қарайдиган бўлсак, 2025 йилда 1 тонна мис катодини ишлаб чиқариш таннархи 4 минг АҚШ долларини ташкил этса, 2026 йилда 3,5 минг АҚШ доллари, 2028 йилда 3,1 минг АҚШ долларини, 2030 йилда эса 2,7 минг АҚШ долларини ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

    Яна бир қизиқ солиштирма маълумот билан бўлишмоқчиман. Яшил энергетикага ўтишимиз натижасида конларда маъдан қазиб олишда, Мис бойитиш фабрикасида бойитишда ҳамда Мис эритиш заводида мис катоди ишлаб чиқариш жараёнида электр энергияси сарфи йилдан-йилга камайиб боришини кузатишимиз мумкин.

    Мазкур соҳада амалга ошираётган ишларимиз бардавомлик касб этиб, иккиламчи энергия ресурсларидан электр энергияси ишлаб чиқариш кенгайтирилади. Хусусан, 10та турбоузатмалар ўрнатилиши эвазига суткасига 24 минг кВт.соат, йилига 7,9 млн кВт.соат электр энергияси иқтисод қилинади. Шунингдек, 5 та буғ генератори ўрнатилиб, йилига 1,5 млн кВт.соат тежалади.

    Бундан ташқари, Олмалиқ кон-металлургия комбинати ишчи-ходимларининг хонадонларига қуёш панелларини жорий қилиш мақсадида алоҳида тизим яратилмоқда. Бу тизим натижасида ишчи-ходимларимизнинг хонадонларида қуёш панеллари ўрнатилади.

    Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган ушбу топшириқларни бажариш орқали халқимиз фаровонлигини таъминлашга, яшаш шароитини яхшилашга эришамиз. Шу боис ҳам комбинат барча куч ва ресурсларни ишга солган ҳолда яшил энергетикага ўтиш ишларини янада жадаллаштириш ҳаракатида.


    Абдулла Хурсанов,

    “Олмалиқ КМК” АЖ бошқарув раиси


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    июл, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates