Ёшлар кейинги 5 йилда мамлакатимиз ривожининг драйвери бўлади

    Кейинги авлод 10 сентябр 2021 5100

    Маълумки, ХХ асрнинг 70 йилларида Ёшлар сиёсати ривожланган давлатларнинг аксариятида миллий сиёсатнинг мустақил йўналишига айланди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, глобаллашув натижасида ёшлар ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришларнинг энг олди жабҳаларида бўлиб, интеграциялашув жараёнида айнан ёшлар миллат даражаси ва турмуш шароитининг асосий кўрсаткичи сифатида қаралиши керак деб, таъкидлайдилар. Зеро давлат сиёсатининг бошқа кўплаб йўналишларидан фарқли Ёшлар сиёсати ёш авлодни замонавий жамиятга интеграциялашга қаратилган.

    Мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар ва болалар аҳолининг 60% ни ташкил қилади. Биз ёшларни Ўзбекистоннинг энг катта ва салоҳиятли ишчи кучига айлантиришимиз керак. Бунинг учун ёшларнинг интеллектуал, жисмонан, маънан ривожига инвестициялар киритиб, уларни Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқадиган авлод қилиб тарбиялашимиз зарур.

    Ёшлар сиёсатини амалга оширишда шахсни ривожлантириш, шахс салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёшларнинг жисмоний саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг турмуш сифатини ошириш каби бир қатор асосий йўналишлар белгиланган.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш учун Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида ушбу муҳим масалалар қай даража ўз аксини топган?

    Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин

    Халқ таълими ва мактабгача таълим вазирликлари ўқитиш ва тарбия сифатига, маҳаллий ҳокимликлар эса қурилиш-таъмирлаш ишларига жавоб беради, деб таъкидланди сайловолди дастурида. Бу ҳозирги кунда таълим тизимини тўғри ташкиллаштиришда қийинчиликлар туғдираётган энг катта муаммолардан биридир. Таълим вазирликлари бевосита таълим тизимини такомиллаштириш, ўқитиш сифатини ошириш, ўқув-услубий материаллар билан таъминлаш, замонавий ўқитиш дастурларини киритиш, ўқитувчиларнинг малака оширишлари учун шарт-шароитлар яратиш каби бир қатор муҳим масалалар билан шуғулланишлари зарур. Ўқув биноларининг замонавий андозаларга мослаш, уларни таъмирлаш ишларини эса тегишли ташкилотлар ўз зиммасига олиши оқилона йўлдир.

    Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир

    Дастурда «Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият» концепцияси ва уни амалга ошириш миллий дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бунда аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтириш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялаш олий мақсад қилиб белгиланди. Дарҳақиқат, маърифат юксалган жамиятда жаҳолат йўқолади, ўғрилик бўлмайди. «Ижтимоий соҳадаги барча ислоҳотларнинг натижаси камбағалликни қисқартириш ва таълим-тарбия тизимини қандай ташкил этишимизга боғлиқ», деб қайд этилди. Бу борада:

    • мактабгача таълимдаги қамров даражаси 62% дан 80 % гача етказиш;
    • Таълим сифатини оширишни назарда тутувчи Мактабларни ривожлантириш давлат дастури ишлаб чиқиш;
    • мактаб таълими тизими учун ўқув дастурлари ва дарсликлари илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта ишланиб амалга жорий этиш;
    • 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш учун, мактаблар реконструкция қилиниб, янгидан барпо этиш каби бир қатор вазифалар аниқ белгиланди.

    Таълим тизимининг энг асосий негизи ва муаммоли бўғини ҳам мактаблиги сир эмас. Дастурда таълим тизимини янада такомиллаштиришда айнан ўрта таълимга эътибор қаратилгани оқилона қарордир. Юксак маданият ва маънавиятга эга авлодни етиштириб чиқаришнинг энг муҳим қуроли маърифат эканлигини унутмаслигимиз керак.

    Билим билан саодат йўли очилади

    Мамлакатимизда олий таълим тизимида эътирофга лойиқ улкан ўзгаришлар ва туб ислоҳотлар олиб борилаётгани айни ҳақиқатдир. Охирги йилларда олий таълим тизимига хориж тажрибасини татбиқ этилаётгани, таълим тизимида шаффофлик ва ҳақиқатни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар диққатга сазовордир. Энг аввало, олий маълумот олиш имконияти бир неча баробарга ошди. Сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди. Қабул квотаси 3 баробар ошди. Эндиликда битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 28 фоизга етди. Бу таълимда жиддий бурилишдан далолат беради.

    Кейинги босқич сифатида қандай вазифалар белгиланди?

    • 10 та олийгоҳ нуфузли халқаро рейтинглар олишига эришиш;
    • хусусий университетларда таълим олувчиларга 7 йиллик таълим кредитини олиш тартиби жорий этиш;
    • 100 минг ўринли талабалар ётоқхоналари барпо этиш;
    • замонавий эркин ва ижодий фикрлайдиган ёшлар учун имкониятларни янада кенгайтириш мақсадида «Эл-юрт умиди жамғармаси» орқали, уларни нуфузли хорижий олийгоҳларидаги бакалавриат, магистратура ва докторантурага юбориш кўлами 2 мартага ошириш каби белгиланган аниқ вазифалар ҳозирги ислоҳотларнинг бевосита тадрижий давоми сифатида олий таълимни тизимли такомиллаштиришни таъминлайди. Аҳамиятли томони шундаки, ушбу вазифалар ҳозирги кунда олий таълим тизимидаги муаммоларни тўлиқ қамраб олган.

    Соғ танда соғлом ақл

    Дастурда жисмоний етук ва баркамол авлодни тарбиялаш бундан буён ҳам устувор вазифамиз бўлиб қолиши алоҳида таъкидланган. Бу борада ёшлар орасида спортни тарғиб этиш ва ривожлантириш мақсадида Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ҳар икки йилда ўтказиладиган умумреспублика спорт ўйинлари – Миллий олимпиада тизими яратилиши, 2024 йили Парижда бўладиган олимпия ва паралимпия ўйинларида муносиб иштирок этиш учун, тегишли «йўл харитаси» қабул қилиниши белгиланган.

    «Умуман, таълим - тарбия ва спорт соҳасида изчил давом эттириладиган ислоҳотларимиз, Янги Ўзбекистон бунёдкорларини камолга етказишга, хизмат қилади» дейилади маърузада.

    - олий таълимга қамров 50 % га етказиш ва таълим сифатини ошириш

    Ёшларга оид давлат сиёсатининг мақсади ёшларни муваффақиятли ижтимоийлаштириш ва ўз-ўзини англаш учун шарт-шароитлар яратиш, ёшлар салоҳиятини ривожлантириш ва уни мамлакат инновацион ривожланиши учун қўллашдир.

    Мехрибон Абдурахманова,

    Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети

    Ўзбек ва рус тиллари кафедраси мудири.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates