Мамлакатимиздаги изчил ислоҳотлар, ёшлар сиёсати борасидаги янгича ёндашувлар бугун ўз мевасини бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг ёшларга меҳрини, уларга кўрсатаётган рағбатини юртдошларимиз ҳар куни кўриб, билиб турибди.
Шу йил 14 февраль куни навқирон ёшлар билан бўлган учрашувда бу меҳр, бу рағбат яна бир бор кўринди. Президентимиз мулоқотни “Буюк шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек, ёшлик — бу қалбнинг олтин сози. Бунга қўшимча қилиб, ёшлар — халқимизнинг, Ватани-мизнинг олтин фонди, десак тўғри бўлади”, дея бошлагани қалбимизни тўлқинлантириб юборди, дилимизни фахр-ифтихорга тўлдирди.
Давлатимиз етакчиси ёшлар билан мулоқотида кечиктириб бўлмайдиган бир қанча долзарб масалаларга батафсил тўхталиб, ечимларини кўрсатиб берди. Жумладан, ёшлар маънавиятини юксалтиришда бадиий адабиётнинг ўрни жуда катта эканини айтиб ўтди. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, устозимиз Эркин Воҳидов биринчи муҳаррири бўлган “Ёшлик” журнали фаолиятини кучайтириб, уни яна ёшларимиз севиб ўқийдиган нашрга айлантириш муҳимлигини таъкидлади.
“Ёшлик” журнали ходимлари бу табаррук даргоҳда хизмат қилаётганидан доим фахрланиб юради. Ўзбек халқининг сўнгги қирқ йиллик тарихига эътибор қаратсак, журнал миллатнинг адабий тафаккурига, интеллектига, маданияти ва санъатига сезиларли таъсир кўрсатганига шоҳид бўламиз.
Журнал ўз даврида ижтимоий-адабий зарурат туфайли майдонга келган. Мана шу зарурат таҳририят ходимларига йиллар давомида ғайрат бағишлаб келади. Нашрга халқимизнинг ардоқли фарзанди, давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов “Ёшлик” журнали адабиётимиз гулшанида ўзига хос нурафшон бир боғ бўлиб қолсин. Бу боққа қадам қўйганлар ундан ҳамиша хушнуд, кўнгли мунаввар бўлиб чиқсин. Унда амал олгучи ниҳоллар чинор мисол гуркираб ўссин ва чинордек умри боқий бўлсин”, деб оқ йўл тилаган.
Бу тилаклар адабий ҳаётимизда ўзининг исботини топди. Бугунгача журнал ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара асарларини тарғиб қилиш, адабий ва ижтимоий ҳаётдаги долзарб масалаларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, ёш истеъдодларни кашф этишни ўзининг асосий вазифаси деб билди.
Журнал ташкил этилган йилларда адабиётимизга кириб келаётган ёш истеъдодларнинг бадиий етук асарлари айни шу нашрда босилиб чиқди. Жумладан, ўзбек адабиётида алоҳида ҳодиса бўлган “Саодат соҳили”, “Жавоб”, “Асқартоғ томонларда”, “Дунёнинг ишлари”, “Ёлғончи фаришталар”, “Темир хотин”, “Отамдан қолган далалар” каби асарлар, озодлик ва ҳуррият мавзуларидаги шеърий туркумлар, жаҳон адабиётидан ўзбек тилига маҳорат билан ўгирилган “Абадият қонуни”, “Ош кора қотиллик”, “Асрга татигулик кун”, “Итюрак” сингари дурдона асарлар айни шу журналда нашр этилди.
“Ёшлик”ни элга манзур этиш йўлида юзлаб истеъдодли адиблар меҳнат қилди. Aйниқса, халқимизнинг истиқлол орзуси, ўзбек тилининг мавқеи, қатағон йилларида қурбон бўлган зиёлиларимиз бошига тушган оғир кунлар, хорижда яшаётган ватандошларимиз ҳақидаги ижтимоий-публицистик мақолалар ёш ижодкорлар томонидан ёзилганида янада равшан кўринди.
Кейинги йилларда Анвар Обиджоннинг “Мўттивоймисан, Миттивой” қиссаси, Исажон Султоннинг “Генетик” романи, Иқбол Мирзонинг “Зарб” қиссаси, Луқмон Бўрихоннинг “Имом Мотуридий” романи, Шодиқул Ҳамронинг “Қақнус қанотидаги умр”, Муртазо Қаршибоевнинг “Қрим қиссаси”, Орзиқул Эргашевнинг “Турсунбойнинг болалиги”, Шуҳрат Маткаримнинг “Мақар”, Эрпўлат Бахтнинг “Суронларда ўтган болалик”, Рустам Жабборовнинг “Шаҳзоданинг иқрори” каби ажойиб асарлари чоп этилди.
Ижодкорнинг обрўсини оширадиган, нашрнинг номини кўтарадиган ягона омил бу, албатта, юксак савиядаги асардир. У ўқувчилар қалбига йўл топса, катта таассурот қолдирса, шубҳасиз, муаллиф ҳам, асарни чоп этган нашр ҳам тилга тушади.
Бироқ ёшлар учун энг зарур бўлган журнал кейинги йилларда жуда кам ададда чиқди. Бу таҳририят ходимларини чуқур ўйга толдирар, шундай ажойиб асарлар ёшларимизга етиб бормаётгани қалбни ўртар эди.
Мулоқотда Президентимизнинг ёшлар ҳаёти билан боғлиқ долзарб масалалар қаторида “Ёшлик” журнали фаолиятини кучайтириш борасидаги фикрлари наинки ижодкор ёшларни, балки барча зиёлиларнинг қалбини тўлқинлантирди. Зотан, давлатимиз раҳбари азму шижоатга тўла, навқирон ёшлар тимсолида янги Ўзбекистоннинг бугунги ва эртанги бунёдкорларини кўраётганини “Келгусида Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоийлар қаердан пайдо бўлади? Бу улкан вазифаларни ким бажаради?
Мен қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман. Албатта, бу эзгу ғояларни сизлар — бугунги Янги Ўзбекистон ёшлари амалга оширасизлар”, дея таъкидлагани ҳам бежиз эмас. Биз “Ёшлик” журналини халқимизнинг, айниқса, ёш авлоднинг севимли замонавий нашрига айлантириш йўлида истеъдодли ёшлар билан бирга бор куч-ғайратимизни сафарбар этишга тайёрмиз.
Нурилла ЧОРИЕВ,
“Ёшлик” журнали бош муҳаррири