Юксак ишонч зиммамизга катта масъулият юклайди

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 25 июнь сонида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори Абдуғаффор Қирғизбоевнинг “Юксак ишонч зиммамизга катта масъулият юклайди” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Янгиланаётган Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти нигоҳида юксак баҳоланмоқда. Айниқса, ёш авлодни тарбиялаш, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва кадрлар тайёрлаш борасида миллий моделнинг яратилгани халқаро миқёсда тобора кўпроқ эътироф этилмоқда. Бугунги глобаллашув даврида таълим соҳасини янада ривожлантиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бу борада ким кучли бўлса, марраларга ҳам ўша эришади.

    Сўнгги уч йилда мамлакатимизда педагогик таълим инфратузилмасини яхшилаш, соҳадаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда хорижий тилларни пухта ўзлаштирган, замонавий педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга, профессионал педагог кадрлар тайёрлаш каби ўта муҳим аҳамиятга эга вазифаларни бажаришга устувор аҳамият қаратилди.

    Жумладан, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони таълим йўналишини мутлақо янги босқичга олиб чиқмоқда. Бу ҳужжат юртимизда олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга хизмат қилаётир.

    Президентимизнинг жорий йил 11 майдаги “2022–2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони, “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шундай саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида мавжуд ҳуқуқий асосни мустаҳкамлади, десак, асло муболаға бўлмайди.

    Яна бир муҳим жиҳати шундаки, таълимга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг барчаси соҳа тараққиётини ҳамда унинг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкам асосга эгалигини кафолатламоқда. “2022–2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармон билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамда унинг ҳузуридаги таълим ва илмий ташкилотлар Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилди ҳамда педагогика йўналиши бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқишда етакчи олий таълим муассасаси этиб белгилаб қўйилди.

    Бу юксак ишончни қарийб 90 йиллик тарих ва ўзига яраша педагогик тажрибага эга Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети жамоаси катта хурсандчилик ва масъулият билан қабул қилди. Шу ўринда ўтган даврда олий таълим муассасамиз фаолиятида кузатилган янгиликлар ҳақида тўхталмоқчиман. Жумладан, университетнинг асосий фаолиятини автоматлаштириш ҳисобига маъмурий ходимлар, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга электрон таълим хизматини тақдим этувчи, бошқарув тизимини рақамлаштиришга хизмат қилувчи HEMIS ахборот тизимига ўтиш ишлари жадаллаштирилди. 2021/2022 ўқув йилининг иккинчи ярмидан бошлаб тизимга тўлиқ форматда ўтилди.

    Илмий инновацион ишларни тижорийлаштириш йўналишида ўтган йили 1 миллиард 781 миллион 218 минг 924 сўм маблағ топилган бўлса, жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида 1 миллиард 400 миллион 357 минг сўм маблағ ишлаб топилди. Жаҳон банки академик инновациялар фондининг “Олий таълим муассасаларида педагогика ва психология фанини ўқитиш амалиёти ва онг ости соҳасига доир таълим бериш жараёнини такомиллаштириш” номли гранти доирасида “Психофизиология” ҳамда “Психологик хизмат” илмий лабораториялари ташкил этилди.

    Албатта, ютуқлар ўзимизники. Аммо олдимизда турган устувор вазифалар ҳам кам эмас. Бинобарин, бугун замон шиддат билан ўзгариб, барча соҳалар қатори педагогик таълим тизими олдига ҳам ўта долзарб ва мураккаб вазифаларни қўймоқда. “Янги Ўзбекистоннинг янги мактаби” тамойили асосида халқ таълими тизимини ривожлантириш инновацион салоҳиятга эга ўқитувчилар тай ёрлаш ва уларнинг касбий ривожланиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратишни талаб этади.

    Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида ўтган қисқа вақт мобайнида таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг натижадорлиги юзасидан бир неча марта видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда педагогларнинг ўзи дарс берадиган фанлардан билими етарли эмаслиги, педагогик маҳорати пастлиги, ўқувчиларда ўқиш ва ўрганишга қизиқиш ҳосил қилиш учун янги методикалардан фойдаланмаслиги каби ҳолатларга алоҳида урғу бериб ўтилди.

    Жумладан, 2022 йил 28 январь куни мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида Президентимиз мазкур ҳолат нақадар ачинарли, бироқ ҳақиқат эканини таъкидлаб, қуйидаги аниқ далилларни келтириб ўтган эди: “Бугунги кунда 504 минг педагогдан 12 фоизи ўрта махсус маълумотли, 38 фоизида эса умуман малака тоифаси йўқ. Бу педагогларнинг дарс ўтиш маҳорати етарли эмас. Улар ўқувчиларга фақатгина ўзи чала билган нарсаларни ўргата олади, холос.

    Сабаби ўқитувчиларнинг ўзининг устида мустақил ишлаш ва рағбатлантиришнинг самарали тизими яратилмаган. Ўқитувчи сифатли дарс ўтишга эмас, кўпроқ соат олишга интилади”. Шунингдек, шу йил 5 апрель куни давлатимиз раҳбари раислигида халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигининг таҳлили юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам 852 та мактабда таълим сифати, муаллимлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш даражаси пастлиги аниқ рақамлар асосида келтирилди.

    Мазкур ҳолат юзага келишининг асосий сабаби сифатида ўқитиш методикалари эскиргани, илғор хорижий тажрибаларга асосланган янги ўқитиш усуллари ишлаб чиқилмагани ва ўқитувчилар методик салоҳиятининг узлуксиз ошириб борилмагани алоҳида қайд этилди. Йиғилишда ўқитувчиларни янги методикаларга ўқитиш тизими Тошкент давлат педагогика университетидан бошланиши лозим, деган ғоя олға сурилди. Бугун давр шиддат билан ўзгариб, барча соҳалар қатори педагогик таълим тизими олдига ҳам ўта долзарб ва мураккаб вазифаларни қўймоқда.

    Жумладан, таълим тизимини халқаро талаблар асосида трансформация қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш, соҳани рақамлаштириш даражасини янада ошириш зарур. Ўқитиш сифати ва мазмунини халқаро талаблар асосида такомиллаштириб, олий таълим муассасаларининг етакчи халқаро агентликлар рейтингларига киришини таъминлаш, таълим жараёнига хорижлик мутахассисларни жалб қилиш ҳамда маҳаллий профессор-ўқитувчиларни чет элга стажировкаларга юбориш кўрсаткичини ошириш, мутахассислик фанлари бўйича талабаларнинг назарий билим ва кўникмаларни амалиёт билан уйғун тарзда эгаллашига хизмат қилувчи механизмларни такомиллаштириш каби вазифалар долзарб аҳамият касб этмоқда.

    Шунингдек, педагогика олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишда касбий йўналтирилган имтиҳонни жорий этиш, талабгорларнинг педагогика касбига қизиқиши ва мойиллигини ўрганиш тизимини яратиш зарур. Ана шу каби вазифаларга ўз вақтида ҳуқуқий асосланган ечим топиш мақсадида Президентимизнинг шу йил 21 июндаги “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу мазкур университет фаолиятини такомиллаштириш бўйича қатор қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.

    Биринчидан, Тошкент давлат педагогика университети 2022–2026 йилларда босқичма-босқич халқаро талаблар асосида трансформация қилиниши устувор аҳамият касб этади. Бунинг учун 2022 йил якунига қадар бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан университетнинг мутахассислик кафедраларига камида 15 нафар хорижлик эксперт жалб қилиниши, 2023 йил 1 сентябрга қадар халқаро рейтингларда биринчи 1000 таликка кирган чет эл олийгоҳлари билан ҳамкорликда камида 3 та қўшма таълим дастурини жорий этиш; 2024 йил 1 январга қадар университет фаолиятида “Рақамли университет” платформасини жорий этиш, унинг бошқарув тизими, ўқув жараёни ва ҳужжатлар айланмасини тўлиқ рақамлаштириш; 2025 йил 1 январга қадар университетни QS (Quacquarelli Symonds) ва THE (Times Нigher Education) халқаро агентликларининг соҳавий, минтақавий ёки тематик рейтингларига киришини таъминлаш; ваколатли хорижий ташкилотларни жалб қилган ҳолда, университет таълим йўналишлари ва мутахассисликларини халқаро аккредитациядан ўтказиш; университетнинг бошқарув тизимини ISO:21001 (Management systems for educational organizations) халқаро талаблари бўйича сертификациядан ўтказиш каби қатор вазифаларни муваффақиятли ҳал этиш кўзда тутилган.

    Иккинчидан, 2023 йил 1 январдан бошлаб университетга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик бериш режалаштирилган. Бу эса университетга академик мустақиллик соҳасида ўқув режалари, ўқув дастурлари, малака талабларини касбий стандартлар асосида тасдиқлаш, ўқитиш тилини ҳамда таълим йўналишлари ва мутахассисликлари хусусиятларини инобатга олган ҳолда таълим олиш шаклини белгилаш; таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича қўш малакалар, шу жумладан, амалий малакалар бериш тизимини жорий қилиш; олий таълим муассасаси ва унинг тузилмасидаги таълим муассасалари учун ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш, нашр этиш; ташкилий бошқарувдаги мустақиллик соҳасида фаолиятининг асосий йўналиши таълим, илм-фан, унинг натижаларини жорий этиш ҳамда тижорийлаштириш билан боғлиқ бўлган, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмайдиган таркибий тузилмалар, тижорат ва нотижорат ташкилотларни ташкил этиш; меҳнат бозоридаги эҳтиёждан келиб чиқиб, янги таълим йўналишлари ва мутахассисликларни очиш, хорижий давлат фуқароларини тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш ва масофавий таълим олиш шаклида ўқитишни ташкил этиш каби қатор имкониятларни беради.

    Учинчидан, илғор хорижий тажрибалар ва таълим амалиёти педагогика олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишда касбий йўналтирилган имтиҳон ҳам бўлиши лозимлигини тақозо этади. Амалдаги тартибга мувофиқ, талабаларни университетга ўқишга қабул қилишда уларнинг педагогика касбига қизиқиши ва мойиллиги ўрганилмайди. Шу билан бирга, ўтган йиллардаги кириш имтиҳонлари натижаларининг ўзи ҳам педагогика йўналишларига ўзлаштириш кўрсаткичи юқори бўлмаган абитуриентлар қабул қилинаётганини кўрсатиб турибди.

    Жумладан, 2021 йили Тошкент давлат педагогика университетига таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳони тест синовларида 134,7 минг абитуриент (1 ўринга ўртача 8,6 нафар) қатнашган ва кириш бали ўртача 112,4 бални ташкил қилган.Шунинг учун 2024 йилдан тажриба-синов тариқасида университетга қабул икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқич дастлабки имтиҳон шаклида, иккинчи босқич кириш тест синовлари тарзида ташкил этилиши ҳам сифатли кадрлар тайёрлаш учун замин яратиши шубҳасиз.

    Асосийси, дастлабки имтиҳонларда аниқ педагогик вазиятларга ечим топиш орқали талабгорларнинг касбий мойиллиги ўрганилади. Ундан ижобий баҳо олган абитуриентларнинг тест синовларида қатнашишига рухсат этилади. Албатта, мазкур кириш имтиҳонини тажриба-синовдан ўтказиш учун университетнинг педагогика таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш бўйича вақтинчалик тартиб ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим. Бу борада аллақачон амалий ишлар бошлаб юборилган.

    Жумладан, айни вақтда Давлат тест маркази томонидан абитуриентларнинг касбга мойиллигини ўрганиш учун миллий дастур ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, тажриба-синов натижаларидан келиб чиқиб, педагогика таълим йўналишларига қабул имтиҳонини икки босқичда ўтказиш тартибини республика миқёсида оммалаштириш ҳам истиқболли йўналишлардан бири эканини алоҳида қайд этиш лозим.

    Тўртинчидан, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат педагогика университетининг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2-4-курс талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари “4+2” тартибида ўтказилади. Яъни машғулотлар 4 кун олий таълим муассасасининг ўзида, 2 кун умумий ўрта таълим ташкилотларида амалиёт ўташ тартибида олиб борилади. Бу орқали талабалар эгаллаган назарий билимнинг ўз вақтида амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш кўзда тутилган.

    Бир томондан, талабалар ҳар ҳафта ўзлаштирган билимини ҳаққоний таълим амалиётида қўллаб кўриш орқали фанларни тўлиқ ўзлаштиришга эришса, иккинчи томондан, дуал таълим ва кредит-модуль тизими имкониятидан тўлиқ фойдаланиш учун зарурий шарт-шароит яратилади. Ана шундай заруратдан келиб чиққан ҳолда, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари, соҳада фаолият юритаётган илмий ва малака ошириш ташкилотлари ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Педагогик таълимни ривожлантириш бўйича республика кенгаши, шунингдек, университет тузилмасида педагогик таълим ва амалиёт бўлими ташкил қилиниши айни муддао бўлади.

    Мазкур кенгаш педагогик таълимни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш, унинг стратегик дастурини тасдиқлаш, педагогика олий таълим муассасалари дастурларининг ўзаро узвийлигини таъминлаш, ижобий тажрибаларни оммалаштириш, соҳага оид долзарб муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби вазифаларни бажариш орқали соҳага кооператив ёндашувни қарор топтиради.

    Педагогик таълим ва амалиёт бўлимининг ташкил этилиши эса назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаб, қатор долзарб масалаларга ечим топишга хизмат қилади. Таълим мазмуни узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш, талабаларни таълим муассасалари фаолияти, шунингдек, педагог касбининг ўзига хос хусусиятлари билан яқиндан таништириш, ижтимоий тадқиқотлар ўтказиш орқали талабаларнинг касбий йўналгани ва эҳтиёжини ўрганиш, касбий фаолиятга мотивациясини кучайтириш шулар жумласидан.

    Шунингдек, педагогик таълимнинг жозибадорлигини ошириш, битирувчиларнинг таълим ва ишлаб чиқариш амалиёти ўртасидаги фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, битирувчиларнинг иш берувчилар томонидан баҳоланишини тадқиқ қилиш, университет фаолиятини халқаро талабларга мувофиқ такомиллаштириш, педагогик таълим ва амалиёт интеграциясини кучайтириш, педагог кадрларнинг узлуксиз касбий ривожланиши борасидаги долзарб муаммолар бўйича масалалар университетнинг кузатув кенгаши муҳокамасига киритилади.

    Бешинчидан, педагог кадрлар тайёрлаш ва мактаб таълимини ривожлантириш мақсадини миллий тадқиқотлар натижаларига таянмасдан самарали рўёбга чиқариб бўлмайди. Педагогика соҳасида таълим ва илм-фаннинг ўзаро интеграциясини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат педагогика университети ва Миллий тадқиқот институти ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим.

    Бунинг учун халқ таълими тизимини такомиллаштириш, педагогик таълим назарияси ва ишлаб чиқариш амалиёти интеграциясини кучайтириш, педагогларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожланишини таъминлашнинг долзарб масалалари бўйича биргаликда илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, ўзаро профессор-ўқитувчиларни айирбошлашни йўлга қўйиш, илмийпедагогик кадрлар тайёрлаш бўйича фаол ҳамкорлик қилиш, биргаликда илмий конференция, семинар-тренинглар, докторлик диссертациялари муҳокамаларини ташкил қилиш, ҳаммуаллифликда ўқув адабиётларининг янги авлодини яратишга доир аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади.

    Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиш сифатини ошириш орқали жамиятда инсон капиталини ривожлантириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш учун пойдевор яратилади. Ана шундай пойдеворни барпо этиш учун бўлғуси ўқитувчилар ўз фанини мукаммал билиши, юксак педагогик маҳоратга, янги методикаларни ишлаб чиқиш ва ундан самарали фойдаланиш қобилиятига эга бўлиши шарт ва зарур. Бундай улкан вазифани бажариш, ўз навбатида, олий педагогик таълим мазмуни ва инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқишни талаб қилади. Зеро, бугунги ислоҳотларга оғишмасдан амал қилинса, албатта, кутилган натижага эришиш шубҳасиз.

    Бир сўз билан айтганда, мақсад аниқ. Унга эришиш механизми, равон йўли ҳам давлатимиз раҳбари томонидан муддати билан белгилаб берилди. Университет педагогик жамоаси билдирилган юксак ишончни қадрлаб, олдига қўйилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажара олишини, юртимизда педагогик таълимни янги босқичга олиб чиқишда том маънодаги таянч олий таълим муассасаси бўлишини ишонч билан айта оламиз.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates