У кўплаб истеъдодларга эга бўлган инсон эди: Ҳиндистон ва Афғонистонни забт этган буюк саркарда ва давлат арбоби, лирик асарини шарқ шеъриятининг ёрқин асарлари билан таққослаш мумкин бўлган буюк шоир, буюк ёзувчи, географ ва тарихчи, биолог. Унинг қалбида аждодлари ва замондошларининг ижоди алоҳида ўрин эгаллаган.
Жаваҳарлал Неру, Маҳатма Ганди каби ҳинд давлат арбоблари ва олимлари Бобур (1483-1530) ҳамда Бобурийлар нафақат Ҳиндистон учун, балки тараққий этган дунё тарихида ҳам катта аҳамиятга эга эканлигини эътироф этдилар.
Бобур ҳамиша эл-юрт, халқ учун масъулиятни ҳис этиб келган. У ўз олдига Темурийлар давлатини барпо этиш, Самарқанд атрофида марказлашган империя тузиш, шу тариқа Соҳибқироннинг орзусини рўёбга чиқариш вазифасини қўйди. Аммо унинг истаклари амалга ошмади. Тақдир иродаси билан Қобулда тахтга чиқди, Ҳиндистонда буюк Бобурийлар империясига асос солди.
Темурийлар сулоласининг буюк вакиллари ҳисобланмиш бобурийлар тарихи ҳинд халқлари тарихида ўзининг муносиб ўрнига эга. Ғарбдаги бобуршунос олимлардан бири инглиз олими Валдемар Хансен ўзининг 1986 йилда Деҳлида чоп этилган «Товус тож ёки мўғуллар салтанати қисмати» китобида бобурийлар сулоласининг Ҳиндистондаги 332 йиллик фаолиятига юксак баҳо беради: «Ҳиндистон ва унинг 8 минг йиллик тарихи бамисоли бир товус бўлса, ўша кўп минг йиллик тарихдаги бобурийлар сулоласининг 332 йиллик ҳукмронлик даври ана шу товуснинг гултожисидир».
Ҳиндистонда давлатчилик сиёсатини мустаҳкамлаш, майда-майда феодал, рожаликларга бўлиниб кетган юртни яхлит давлатга айлантириш, ўлка вилоятларини марказий салтанатга бирлаштириш каби мақсадларда Бобур Мирзо Ҳинд замини сари ҳарбий юришларини амалга оширди.
1525 йилда Бобур Рано Санго билан иттифоқ тузиб, Шимолий Ҳиндистонни эгаллаш мақсадида Иброҳим Лўдийга қарши жангга кирди.1525 йил кеч кузда Бобур Панжобни бўйсундирди, 1526 йилда Панипат қишлоғи яқинидаги биринчи жангда Бобуршоҳ қўшини Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг укаси Маҳмуд Лўдий қўшини устидан ғалаба қозониб, Бенгал шоҳи Нусратшоҳ билан дўстона алоқаларни ўрнатди. 1526 йил апрелдаги Панипат жангида Бобур асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг 100 минг кишилик қўшинини ўзининг 12 минглик аскари билан тор-мор қилади ҳамда Деҳлини эгаллайди. 1527 йил мартда Бобур Сикри яқинидаги жангда ражпутлар сардори Рано Санго қўшинини тор-мор этиб, бутун Шимолий Ҳиндистон бўйсундурди.
Заҳириддин Бобур Ҳиндистонда Бобурийлар имериясига асос солиш билан бирга, почта-алоқа соҳасига ҳам жиддий ўзгартиришлар киритди, вақт бирлигига янгилик жорий этди, архитектурада Мовароуннаҳр меъморлик услубларини қўллади, миллий артиллерия, ҳарбий-денгиз флотига асос солди.
Буюк Бобурийлар империяси даври нафақат тарихий аҳамиятга эга, балки Ҳиндистонни улкан меъморий ёдгорликлар, ноёб адабий-тадқиқот ишлари билан бойитди. Ҳиндистоннинг Буюк Бобурийлар сулоласига қарашли меъморий объектлари – Фотиҳпур-Сикридаги Шоҳ сарой мажмуаси, Агра, Деҳли ва Лаҳор қирғоқлари саройлари ва боғлари кабилардир. Бобурийлар томонидан яратилган боғларнинг энг кўзга кўринган намуналари – Кашмирдаги Шалимар (1620) ва Лаҳор боғлари (1642), Анантаг яқинидаги Ачабал боғи, Чашма Шаҳи Багҳ (1632), Кашмирдаги Нишат Багҳ боғи (1633), Лаҳор, Деҳли, Агра қирлари ичидаги кўплаб боғлар; Қобулдаги мақбара ва ўнлаб боғлар.
Бобур доимо боғдорчилик фаолиятига алоҳида меҳр берди ва Ҳиндистон ҳамда Покистонда ҳанузгача Самарқанд номи билан машҳур бўлган узумнинг янги навларини ўстирди. Ҳозиргача унинг кўплаб боғлари «Бобури Ангури Худо» – «Бобур узум боғлари» деб номланади.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Ҳиндистонни қоʼлга киритиши туфайли Ҳиндистонда буюк оʼзгаришлар содир боʼлди, санъатда, меъморчилик ва маданиятнинг қатор соҳаларида улкан оʼзгаришлар юз берди. Бобурнинг тарихчи, географ, этнограф, насрий ёзувчи ва шоир сифатидаги лаёқати ҳозирги кунда жаҳон шарқшунослари томонидан кенг эътироф этилмоқда. Тарихчи, истеъдодли сўз санъаткори, давлат арбоби ва саркарда Бобур вафотидан тўрт асрдан кўпроқ вақт ўтди, аммо унинг номи боқийдир.
Ҳиндистон бобурийлардан боʼлган Ҳумоюн, Акбаршоҳ, Жаҳонгиршоҳ, Шоҳжаҳон даврларида, айниқса гуллаб-яшнади, ҳудудлари кенгайди. Хусусан, Акбаршоҳ ва унинг набираси Шоҳжаҳон ҳинд халқининг қалбидан чуқур жой олдилар.
Бобуршоҳнинг юраги баъзан Ватанни – Андижонни қўмсаб турса ҳам, вақти соати келиб боқий дунёга кетгунича ҳаётининг қолган қисмини Ҳиндистонда бунёдкорлик, давлат ва маъмурий ишларни одилона ҳал қилиш билан ўтказди. Бобурийлар бутун дунёга машҳур бўлган тарихий обидаларни бунёд этдиларки, улар ҳозирда ҳам дунёни лол қолдириб келмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Бобур ва бобурийлар халқимизнинг буюк фарзандларидир. Улар ўзларининг серқирра фаолияти ва ижод дурдоналари билан жаҳон маданияти тарихига муносиб ҳисса қўшдилар.
Расулова Нодира Сардаровна
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси
Ҳарбий-техник институти доценти, тарих фанлари номзоди