Тараққиёт йўлидан илдам ҳаракатланиб бораётган янги Ўзбекистонда энергия ресурсларига талаб йилдан йилга ошиб бормоқда. Электр энергияси тармоғини изчил ривожлантириш, барқарор ва узлуксиз электр энергиясини ишлаб чиқариш, хусусан, экологик тоза ва қайта тикланувчи энергия манбаларига катта эътибор қаратилмоқда.
Гидроэнергетика соҳасида янги ГЭСларни ишга тушириш, мавжудларини изчил модернизация қилиш борасида "Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамияти томонидан кенг кўламли фаолият олиб борилмоқда. Бу борада Президентимиз ҳамда Ҳукуматимиз томонидан зарур норматив-ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланиб, истиқболли инвестициявий дастурлар асосида жамият томонидан истиқболли лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Мамлакатимизда янгидан янги гидроэнергетик иншоотлар – ГЭСлар барпо этилмоқда, узоқ йиллар мобайнида фаолият юритиб келганлари замонавий стандартлар асосида модернизация қилинмоқда. Бу, ўз навбатида, янги гидроэнергетик қувватларнинг яратилиши, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожи, аҳолининг маиший эҳтиёжларини қондиришга қаратилган арзон ва экологик жиҳатдан тоза электр энергия манбаининг барқарор ҳолатда ишлаб чиқарилишига мустаҳкам замин яратади.
Бугун, 30 август куни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига муносиб совға сифатида Тўполанг бўйида янгидан барпо этилган Зарчоб 1-А кичик ГЭСнинг очилиш маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда "Ўзбекгидроэнерго" АЖ масъул ходимлари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, ҳудудий тизим корхоналари вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
"Ўзбекгидроэнерго" АЖ томонидан Сурхондарё вилоятининг олис тумани аҳолиси учун қуввати 3 МВтга тенг, йилига ўртача 13,3 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқарувчи Зарчоб 1-А кичик ГЭС фойдаланишга топширилди.
Айтиш жоизки, ушбу кичик ГЭСни ишга тушириш орқали Тўполанг сувидан самарали ва оқилона фойдаланган ҳолда, тўртинчи маротаба дарё суви гидроагрегатлар орқали ўтказилиб, электр энергия ишлаб чиқарилади. Жамият томонидан қуриб битказилган мазкур кичик ГЭС Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 июлдаги “Гидроэнергетика соҳасини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида фойдаланишга топширилди. Лойиҳа қиймати 3,33 миллион доллар. ГЭСни ишга тушириш орқали янги 5 та ишчи ўрни яратилди. ГЭСни қурилиш ишлари “ГИДРО ТEХНИК” МЧЖ томонидан бажарилди. ГЭСда Френсис туридаги вертикал 1 та гидроагрегат ўрнатилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, Зарчоб 1-А кичик ГЭС томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергия 4750 та хонадонни таъминлайди.
Айтиш жоизки, гидроэнергетика соҳасининг изчил тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги ГЭСлар қурилаётган, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар жойлашган ҳудудлар аҳолиси турмуш фаровонлигининг янада ошишига, ҳудудлардаги ишлаб чиқариш субъектларининг электр қувватлари билан таъминланишига, энг муҳими, юртимиз иқтисодиётининг янада тараққий этишига муҳим ҳисса қўшади.
"Ўзбекгидроэнерго" АЖ ахборот хизмати
Ҳамкорлик материали