«Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси А.Султонов Хитойга ташриф доирасида бир қатор компаниялар билан чарм саноатидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласини муҳокама қилди. Шунингдек, А.Султонов Хитойнинг таниқли «Zhejiang Red Dragonfly Shoes» компанияси раҳбарияти билан учрашиб, янги инвестицион лойиҳа ҳақида музокара ўтказди.
Маълумот учун: «Zhejiang Red Dragonfly Shoes» компанияси Хитойнинг машҳур пойабзал бренди ҳисобланади. Компания эркаклар ва аёллар учун ҳар хил ишбилармон, кундалик ва спорт пойабзалларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Унинг асосий ишлаб чиқариш жойи Хитойнинг Чжежианг вилоятида жойлашган. «Red Dragonfly» бренди юқори сифатли материаллардан фойдаланиш ва замонавий дизайнга эътибор қаратганлиги билан танилган. Компания маҳсулотлари нафақат Хитойда, балки бутун дунё бозорларида ҳам талабгир саналади.
«Музокарада Ўзбекистонда ташкил этилган чарм саноати соҳасига ихтисослашган кичик саноат зоналари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Мамлакатимизда «Red Dragonfly» бренди остида пойабзал маҳсулотларини, чармни қайта ишлаш, мўйна маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди. Компания бу борада ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди.
Шу мақсадда компания вакиллари декабрь ойида Ўзбекистонга келиб, лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган кичик саноат зоналари билан танишади.