Термиз шаҳридаги транспорт-логистика хаби афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини етказишдаги аҳамияти эътироф этди

    Деҳли шаҳрида Ўзбекистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликлари масъул ходимлари даражасида Афғонистон бўйича «Ҳиндистон-Марказий Осиё» шаклидаги Қўшма ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

    Тадбирда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Кобулдаги вакиллари ҳам онлайн шаклда иштирок этди.

    Томонлар Афғонистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ҳурмат билдирди ва унинг ички ишларига аралашмасликни таъкидлаб, мамлакатда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликка эришишни қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

    Форум иштирокчилари Афғонистондаги мавжуд вазиятни барқарорлаштиришда жаҳон ҳамжамияти саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш муҳимлигини урғулади. Бутун минтақа манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, биринчи навбатда, мамлакатга гуманитар ёрдам етказиш, афғон халқига узоқ давом этаётган ижтимоий-иқтисодий инқироздан чиқишда амалий кўмак бериш масаласида халқаро консенсус зарурлиги қайд этилди. Бу масалада БМТнинг роли муҳимлигига эътибор қаратилди.

    Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Кобулдаги вакили Цяо Вей Ли Ўзбекистон раҳбарияти томонидан Термиз шаҳрида ташкил этилган Халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини етказишда муҳим аҳамият касб этаётганини эътироф этди. «Бу, айниқса, 23 миллиондан ортиқ афғонистонликлар очликдан қийналаётган бугунги кунда ўта долзарбдир», деди у.

    Афғонистонни минтақавий ўзаро боғлиқлик лойиҳаларига янада самаралироқ жалб этиш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш керак. Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда минтақанинг ушбу мамлакатда сиёсий ва дипломатик фаолиятини давом эттираётган давлатлари муҳим роль ўйнаётгани таъкидланди.

    Йиғилиш иштирокчилари терроризм, экстремизм, радикаллашув ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишининг минтақага солаётган таҳдидлари, ушбу муаммоларга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш имкониятларини муҳокама қилди.

    Қўшма ишчи гуруҳи йиғилиши иштирокчилари томонидан учрашув якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди.