58 даража иссиқ ҳаво ҳарорати кузатилган давлат

    Дунё бўйича энг иссиқ ҳарорат қачон ва қайси давлатда кузатилган? Ўзбекистон тарихидаги рекорд ҳарорат қачон қайд этилган?

    Глобал иқлим ўзгаришлари дунё бўйича кескин юқори ҳарорат билан ҳам характерланмоқда. Хўш, дунё бўйича энг иссиқ ҳарорат қачон ва қайси давлатда кузатилган? Энг иссиқ мамлакат қайси? Ўзбекистон тарихидаги энг иссиқ ҳарорат қачон қайд этилган?

    «Ёнаётган» шаҳарлар ва «Ўлим водийси»

    Business Insider нашри 2018 йилда сайёрамизнинг энг иссиқ давлатлари рўйхатини тузган. Рейтингга ҳарорат ва бошқа иқлим хусусиятлари ҳисобга олинган барча экзотик жойлар киритилган.

    Таъкидланишича, рўйхатнинг юқори қисмидан энг иссиқ иқлимга эга давлатлар, жумладан Ҳинд океанидаги ороллар, Гамбия ва Нигер жой олган. Рўйхатнинг энг юқори поғонасини эса Мали ва Жибути эгаллаган: бу давлатларда ўртача ҳаво ҳарорати 29 даражани ташкил қилиб, деярли йил давомида сақланиб қолади.

    Дунёдаги энг иссиқ ҳарорат расман 1913 йил АҚШда кузатилган. Калифорниядаги «Ўлим водийси»да қайд этилган ҳарорат 56,7 даража бўлган.

    Орадан 7 йил ўтиб, 1922 йил Ливия чўлларида 58 даража ҳарорат кузатилгани ҳақидаги маълумот Бутунжаҳон метеорология ташкилоти томонидан рад этилган.

    Африка қитъаси учун энг юқори ҳарорат 1931 йил Тунисдаги Кебили шаҳрида кузатилган бўлиб, 55 даража иссиқни ташкил қилади. Осиё қитъасида эса Эрон бу борада «етакчи»: 2017 йилда мамлакатнинг Ахваз шаҳрида 54 даража иссиқ кузатилган.

    Австралиядаги энг иссиқ ҳарорат Уднатта шаҳарчасида 1960 йилда кузатилган – 50,7 даража иссиқ. Жанубий Америкада энг юқори ҳарорат расман 1905 йилда Аргентинадаги Ривадавия шаҳарчасида қайд этилган – 48,9 даража иссиқ.

    Европадаги аномал иссиқ об-ҳавонинг рекорд даражаси 2021 йил қайд этилган. Италиянинг Сицилия оролида ҳарорат 48,8 даражагача кўтарилган.

    Энг совуқ материк – Антарктидадаги Сеймур оролида эса 2020 йилда 20,7 даража иссиқ қайд этилган. БМТ қошидаги Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, Антарктидада охирги 50 йилда ҳарорат деярли 3 даража кўтарилган.

    Ўзбекистон тарихидаги рекорд ҳарорат

    1983 йилда Бухоро вилоятида республика тарихидаги рекорд ҳарорат, +49,9 даражали иссиқ кузатилган. 1914 йилда эса Сурхондарё вилояти Термиз шарида +49,6 даража иссиқ бўлган.

    Тошкент шаҳрида эса 1997 йил 18 июлда термометр устунчаси +44,6 даража иссиқни қайд этган. Бу ўша давр учун сўнгги 160 йиллик кузатувлар тарихидаги энг юқори, рекорд даражадаги иссиқ ҳароратдир.

    Яқинда БМТнинг Жаҳон метеорология ташкилоти «Тинч океанининг тропик қисмида етти йил ичида биринчи марта ʼЭл-Нинё шароити юзага келганини» эълон қилди. Бу эса глобал ҳароратнинг кескин ошиши ва об-ҳаво билан иқлимнинг ҳалокатли шароитларига замин яратади. «Эл-Нинё» Тинч океани марказий ва шарқий тропикларида сув юзасидаги ҳароратнинг кўтарилиши билан боғлиқ иқлим режими ҳисобланади. Мазкур ҳодиса 2-7 йилда бир марта содир бўлиб, 9 ойдан 12 ойгача давом этади.

    «Тошкент шаҳрида рекорд даражадаги энг иссиқ ҳарорат айнан ўтмиш Эл-Нинё даврида кузатилган экан», — деб ёзади Эркин Абдулаҳатов.

    Олимнинг қўшимча қилишича, Нукусдаги энг юқори ҳаво ҳарорати 2002 йил август ойида кузатилган бўлиб, иссиқлик +46,8 даражагача кўтарилган.

    Тарихдаги энг иссиқ йил

    Олимлар ўтган 2023 йилдаги иқлим натижаларини сарҳисоб қилди ва бу кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлганини расман тасдиқлади. Метеорологларнинг маълумотларига кўра, 2023 йил 3 июль куни Ердаги ўртача ҳарорат 17 даражадан ошди, бу кузатувлар бошланган 1979 йилдан бери кузатилмаган.

    Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, дунё аллақачон иқлим бўйича Париж келишувида белгилаб қўйилган исиш чегарасига яқинлашмоқда — саноатдан олдинги даражадан 1,5 даража юқори. Бунинг асосий сабаби сифатида иссиқхона газлари чиқиндиларининг ортиб бораётгани айтилмоқда.

    2023 йилда табиий офатлардан келиб чиққан моддий зарарнинг рекорд даражаси ҳам кузатилди. Ер шарининг турли бурчакларида қурғоқчилик, сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари ва иссиқлик тўлқинлари бўлган.

    Йил давомида сайёрадаги глобал ҳарорат саноатгача бўлган даврдан (1850-1900 йиллар учун ўртача қиймат) 1 даража юқори кўрсаткичда сақланиб турди. 365 куннинг деярли ярмида ҳарорат меъёрдан 1,5 даража юқори бўлди. Ноябрь ойида эса биринчи марта 2 даражадан ошиб кетди.

    2024 йилда қандай об-ҳаво кутилмоқда?

    Олимлар, шунингдек, 2024 йилда ўтган йилдаги кўплаб ҳарорат рекордлари янгиланишини тахмин қилмоқда. Copernicus дастури веб-сайтига кўра, энергия ишлаб чиқариш учун қазиб олинадиган ёқилғига қарамлик ва Тинч океанидаги Эл-Нинё иқлим феноменининг таъсири давом этади.

    Мисрда +51°С иссиқлик қайд этилди. Бу июнь ойида Миср тарихи учун тарихий рекорд даражадаги энг иссиқ ҳароратдир. Араб мамлакатлари, Туркия жанубида ҳам айни кунларда жуда иссиқ ҳарорат тўлқини ҳукм сурмоқда.

    Ҳиндистон пойтахтида ҳаво ҳарорати бўйича икки кун ичида иккинчи марта рекорд ўрнатди ва Цельсий бўйича 52,3 даражага етди.

    2024 йилда ҳам Ўзбекистон тарихидаги энг иссиқ ёз бўлиши эҳтимоли эълон қилинган.

    Ўзбекистонда одатдаги иссиқ ёз фасли (Тошкентда ҳаво ҳарорати +40 даражагача), қуруқ куз ва совуқ қиш билан тавсифланган Ла-Нинё жараёни ривожлана бошлайди. Қуруқ куз, яъни ёғингарчилик миқдори меъёрдан паст бўлиши кутилмоқда», дейилади хабарда.

    Қайд қилинишича, иссиқ ёз Ўзбекистон иқлими учун тез-тез учрайдиган ҳодиса. Бунда жануб ва чўл ҳудудларида +40…+45 даражагача, қолган ҳудудларда эса +40…+42 даражагача иссиқ бўлади. Энг иссиқ ҳаво ёз ойида одатда 5-7 кун давом этадиган термал тушкунлик билан боғлиқ ва бундай ҳолат 2-3 маротаба кузатилади.

    Ҳаво ҳарорати қандай бўлишидан қатъи назар, ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг. Yuz.uz’ni кузатишда давом этинг.

    Рашид Хўжамов тайёрлади.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates