Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ташкил этилади

    “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-231-сон, 21.06.2024 й.) қабул қилинди.

    Қарорга кўра, Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти негизида А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти (Институт) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда педагогик маҳорат марказлари ташкил этилади.

    Тошкент шаҳар педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази ҳамда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети тасарруфидаги Республика педагогик таълим ресурс маркази фаолияти уларни Институтга қўшиш орқали тугатилади.

    Институт тузилмасида Халқаро тадқиқотлар маркази ташкил этилади.

    Шунингдек, 2024/2025 ўқув йилидан мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари раҳбар, педагог ва мутахассис кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизими жорий қилинади.

    Бунда:

    • Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бўйсунувига ўтказилади;
    • мактабгача таълим ташкилотларининг педагог ва мутахассис кадрларини узлуксиз касбий ривожлантириш бўйича “Виртуал касбий ривожлантириш” электрон дастури жорий этилади.