3 февраль куни Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги, қароргоҳи Лондон шаҳрида жойлашган элчихонасига “Манчестер Сити” аъзоси Абдуқодир Ҳусанов ташриф буюрди.
Фавқулодда ва мухтор элчи Равшан Усмонов билан кечган самимий суҳбатда ёш футболчимизнинг APL топ клубидаги фаолияти, спорт соҳасида босиб ўтган машаққатли йўли, қизиқишлари ва диёримизда миллионлар ўйинига қаратилаётган алоҳида эътибор хусусида сўз борди.
Элчи Абдуқодир Ҳусановни ўзбек футболи ифтихори деб атаб, унинг дунёнинг энг кучли лигаларидан биридаги муваффақиятли йўли ёш авлод учун катта илҳом манбаи бўлишини таъкидлади.
Ўз навбатида, футболчи Ватанининг қўллаб-қувватлаши қанчалик муҳим эканини таъкидлаб, Ўзбекистон номини жаҳон аренасида шараф билан намоён этиш учун янада қаттиқ меҳнат қилишга ваъда берди.
Учрашувда шунингдек, Ўзбекистонда футболни ривожлантириш ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий лойиҳалар муҳокама қилинди. Суҳбат ўзаро муваффақият тилаш ва спортчи билан она Ватани ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган янги режалар билан якунланди.
"Манчестер Сити" клуби ҳимоячиси ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусановга доимий муваффақият тилаймиз", – деб ёзган дипломат ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Учрашув якунида легионеримиз дастхати туширилган 45-рақамли футболкасини элчихона маъмуриятига эсдалик сифатида ҳадя қилди.