Учрашувни олиб борган университет ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш жараёнида, биринчи навбатда, ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этишда адлия органларининг муҳим роли хусусида гапириб, ушбу тадбирни тарихий жараён сифатида баҳолади ва ёшларни Адлия вазири билан жонли мулоқотга чорлади.
Адлия вазири ёшлар билан мулоқотга киришар экан, бугун шиддат билан ривожланаётган даврда юридик соҳа ва унинг таълим технологияси кучайиб бораётгани, тизимда рақобатбардош кадрлар етишиб чиқаётгани, фақатгина назарий билим эмас, амалиёт ҳам зарурлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, университетда Адлия клублари, прокурорлар, адвокатлар, судьялар клубларини ташкил этиш, форумлар, конференциялар, ҳуқуқий танловлар ўтказиш бўйича ўз таклифларини билдирди.
Энг қувонарлиси эса мазкур клубларнинг фаол аъзолари тўғридан-тўғри ишга қабул қилиниши маълум қилинди. Суҳбат жараёнида ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.
Учрашув якунида «Вазир ва ёшлар» мулоқотида ўз фаоллиги билан тенгдошларига намуна бўлган талабалар Акбар Жўрабоевич томонидан муносиб тақдирланди. Шунингдек, бугунги мазмунли учрашувни ташкил этган ва ёшлар учун юридик тизимда муҳим аҳамиятга эга манфаатли тавсиялар улашган Адлия вазирига университет ректори талабалар номидан эсдалик совғасини тақдим этди.
ФарДУнинг «Қатағон қурбонлари» тарихий хотира музейи ҳам меҳмонлар нигоҳида бўлди.