Бу ҳақда Қозоғистон ОАВлари хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 20 июль куни ўн икки ёшли эгизак қизлар Зере ва Зауре Галиевалар Остонада тўхташ билан АҚШдан Уралскга қайтаётган эди. Бироқ рейсга рўйхатдан ўтиш вақтида FlyArystan (Air Astana шўба корхонаси) авиакомпанияси ходимлари опа-сингиллардан фақат биттасини рўйхатдан ўтказишган. Оқибатда Зере бортга чиқиш талонидан маҳрум бўлди. Муаммони ҳал қилишга ваъда берган FlyArystan ходимлари болани Остона аэропортида қолдиришди ва самолёт Уралскка учиб кетди.
Қиз эртаси куни катталар ҳамроҳлигисиз учиб кета олди.
Апелляция шикоятини кўриб чиқиш чоғида Air Astana вакиллари ўз эътиборсизлигини тан олди, бироқ қизнинг онаси учун тўланадиган маънавий товон пулини 5 миллион тенгедан (тахминан 10,5 минг доллар) 1,5 миллионга камайтиришни сўради.
Суд авиакомпаниянинг бу илтимосини рад этди, деб хабар беради report.az.