АҚШ туризм соҳаси вакиллари Ўзбекистон сайёҳлик ва бизнес имкониятлари билан танишди

    Туризм 29 октябр 2024 768

    Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида “Ўзбекистонда сайёҳлик ва бизнес имкониятлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

    Тадбир Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини фаол тарғиб этиш, миллий брендни мустаҳкамлаш ва мамлакатимизнинг ноёб тарихий-маданий меросини АҚШда оммалаштириш мақсадида ўтказилди.

    Давра суҳбатида америкалик туроператорлар, Вашингтон мерияси вакиллари, PR-мутахассислари, кино индустрияси, чакана савдо мутахассислари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, меҳмонхона бизнеси эгалари ва дизайнерлар иштирок этди.

    Иштирокчилар Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги ютуқлари, амалга оширилаётган лойиҳалар ва соҳани ривожлантириш стратегияси билан атрофлича таништирилди. Хусусан, Ўзбекистон делегацияси вакиллари мамлакатимизнинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Термиз каби асосий сайёҳлик йўналишлари ҳақида сўз юритди. Йиғилганлар ўзбек урф-одатлари, таомлари, тарихий обидалари ва ноёб маданий йўналишлари ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлдилар.

    Муҳокамалар давомида, шунингдек, туризм соҳасига халқаро инвесторларни қўллаб-қувватлаш дастурлари, меҳмонхона ва кўнгилочар бизнесни ривожлантириш учун амалдаги имтиёзлар ва имкониятлар тақдим этилди.

    Тадбир доирасида туризм соҳасида янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида Туризм қўмитаси раиси У.Шадиевнинг Америка туристик маслаҳатчилар жамияти (American Society of Travel Advisors – ASTA) катта вице-президенти Марк Мидер билан учрашуви бўлиб ўтди.

    ASTA 8 мингга яқин аъзоларни, жумладан, АҚШ, Канада ва бошқа мамлакатлардаги сайёҳлик агентликларини, шунингдек, авиация, юк ташиш, автобус компаниялари, меҳмонхона эгалари, автомобиль ижараси компаниялари ва 100 дан ортиқ мамлакатлардаги давлат туризм ташкилотларини бирлаштиради.

    Марк Мидер Ўзбекистоннинг маданий мероси, табиий гўзалликлари ва туристик инфратузилмаси ва сайёҳларни жалб этиш учун режалаштирилаётган янги дастурлар ва имкониятлар билан танишди.

    Учрашувда томонлар келажакда ASTA имкониятларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар ва Ўзбекистоннинг саёҳат имкониятларини кенгайтириш ва юртимизга сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида биргаликда иш олиб боришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

    Бундан ташқари ўзбекистонлик дизайнер ва анъанавий каштачи Ҳамида Иноятова асарлари тақдимоти ҳам ўтказилди. У анъанавий нақшлар яратиш жараёни ва ўзбек каштачилигининг чуқур анъаналари ҳақида сўзлаб берди, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

    Тадбир меҳмонлари ўзбек раққоса ва созандаларининг чиқишларидан баҳраманд бўлдилар, бу тадбирга ўзгача файз қўшиб, Ўзбекистон маданиятининг ўзига хослигини таъкидлади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates