Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов тингловчиларга ўқув курсидан кўзланган асосий мақсад ва вазифалар ҳақида атрофлича тушунча берди.
Бугунги шиддатли ва мураккаб глобаллашув даврида инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми сифатида хотин-қизларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши соҳасидаги вазият ҳам жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солиб келяпти. Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинган.
Ушбу Конвенцияга Ўзбекистон 1995 йил 6 майда қўшилган.
Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий тизими яратилган ва у олтита йўналишдан иборат. Биринчидан, бу борада зарур ҳуқуқий база яратилган; иккинчидан, тегишли институционал тизимга асос солинган; учинчидан, муайян ўқув-тарбия ишлари йўлга қўйилган; тўртинчидан, соҳага оид қонунлар ижросининг мониторинги олиб бориляпти; бешинчидан, фуқаролик жамияти институтларининг имкониятларидан самарали фойдаланиляпти; олтинчидан, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳамкорлик изчил амалга ошириляпти.
Мамлакатимизда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, “Ўзбекистон – 2030» стратегиясида ҳам ушбу муҳим масалалар ўз аксини топди.
Кейинги йилларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясига мувофиқ хотин-қизларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик бўйича муросасизликни таъминлаш борасида қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш, барча хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган 9 та мақсад ишлаб чиқилган ва улар изчил амалга ошириб келиняпти.
Ўқув курсида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази, унинг ҳудудий бўлимлари ва намунали туманлараро марказлари директорлари ҳамда ҳуқуқшунослари – жами 50 нафар тингловчи иштирок этди.
Бунда асосий эътибор, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари раҳбар ва ходимларининг аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини халқаро амалиёт ҳамда миллий тажриба негизида қўллашга оид амалий кўникмаларини янада ривожлантиришга қаратилди. Офлайн ва онлайн тарздаги машғулотларда:
- инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларнинг мазмун-моҳияти ва мамлакат миллий ҳуқуқий тизими учун аҳамияти;
- аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари: халқаро ва миллий механизмлар;
- хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар, зўравонлик содир этган шахслар билан ўтказилаётган профилактика ишлари;
- тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ёрдам бериш ва жиноятчиларни жавобгарликка тортиш бўйича чора-тадбирлар;
- гендер тенгликни таъминлаш: халқаро ва миллий тажриба юзасидан тингловчиларнинг билимлари оширилди.
Айни мавзуларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази экспертлари томонидан маърузалар тақдим қилинди. Тингловчилар ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги мутахассислари ҳам сўзга чиқди.
Машғулотлар якунида психологик-педагогик тренинг ва юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш бўйича амалий машқлар ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг матбуот хизмати.