Балтимордаги кўприкнинг қулаб тушиши оқибатида кўриладиган кунлик зарар миқдори 9 миллион долларни ташкил этади

    Балтимордаги (АҚШ, Мэриленд штати) бандаргоҳи фаолиятининг тўхтатилишидан кўриладиган кунлик зарар тахминан 9 миллион долларни ташкил этади. Бу ҳақда Newsweek журнали маълум қилди.

    26 март куни АҚШнинг энг йирик бандаргоҳларидан бири бўлган Балтимор порти кўприкнинг қулаб тушиши туфайли ўз фаолиятини тўхтатди. Журналнинг қайд этишича, бандаргоҳ фаолияти “15 мингдан ортиқ кишини иш билан таъминлайди ва йилига 2,6 миллиард доллар даромад келтиради”.

    Нью-Йоркдаги Сиракуз университети эксперти Патрик Пенфилднинг сўзларига кўра, ҳодиса туфайли бандаргоҳ ишининг тўхтатилиши АҚШнинг “Шарқий соҳилидаги таъминот занжирларида жиддий узилишларга” олиб келади.

    “Кўпгина ишлаб чиқариш корхоналари ундан материалларни ташиш учун фойдаланади. Агар бандаргоҳ ишламаса, бу жиддий муаммоларни келтириб чиқаради”, деди у. Пенфилд бандаргоҳининг ёпилиши юкларни бошқа жойларга, масалан, Нью-Йорк бандаргоҳи ва Нью-Жерси ёки Саванна (Жоржия штати) бандаргоҳига йўналтирилишига олиб келишини тахмин қилди. Бироқ, бу “камида икки ҳафта” вақтни талаб қилиши мумкинлигини айтди.

    Журналнинг қайд этишича, Балтимор бандаргоҳининг ёпилишининг тўлиқ иқтисодий таъсири расмийлар кўприкни қанчалик тез таъмирлашига боғлиқ.

    Аввалроқ кўприкнинг қулаши оқибатида камида олти киши ҳаётдан кўз юмгани маълум қилинган эди, деб хабар беради report.az.