Арманистон делегацияси аъзоларининг Озарбайжон билан музокаралар столидаги позициясининг мос келмаслиги икки давлат ўртасида тинчлик шартномасини имзолаш йўлидаги тўсиқлардан бири ҳисобланади. Бу фикрни Озарбайжон ташқи ишлар вазири ўринбосари Элнур Мамедов Бокуда бўлиб ўтаётган “Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тинчлик келишуви йўлидаги асосий тўсиқлар” мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқида билдирди.
“Арманистон билан АҚШ, Россия ва Қозоғистонда музокаралар олиб борилди, аммо барқарор тинчликка эришишнинг имкони бўлмади. Бунга тўсиқ бўлаётган асосий омиллардан бири Арманистон Конституциясида мавжуд бўлган Озарбайжонга қарши ҳудудий даъволардир. Иккинчи тўсиқ Арманистон делегацияси аъзолари музокаралар столида турли позицияларда гапирмоқда”, деди ташқи ишлар вазири ўринбосари.
Шу билан бирга, унинг фикрича, томонлар келишиб, тинчликка эришишлари мумкин.
Сиёсатшунос ва экспертлар иштирокидаги анжуман Озарбайжон халқаро муносабатларни таҳлил қилиш маркази томонидан ташкил этилди, деб хабар беради tass.ru.