Бухорода фуқаро эчкиэмарга нос чектирди

    Яшил сайёра 11 июн 2025 818

    Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятида фуқаро Ўзбекистон Қизил китобга киритилган бўз эчкиэмарга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлиги ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат бўйича Бош прокуратура муносабат билдирди.

    Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти прокуратураси, Ички ишлар ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, тезкор ўрганиш ишлари амалга оширилди.

    Аниқланишича, шу йилнинг 1 июнь куни Жондор тумани “Ёш куч” маҳалласида яшовчи фуқаро Ғ.Ғ. чўл ҳудудидаги дала шийпонига тасодифан кириб қолган бўз эчкиэмарни ушлаб, унинг оғзига тамаки маҳсулотини солган ва кейинчалик яйловга қўйиб юборган.

    Ушбу ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳозирда ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

    Текширув ҳаракатлари прокуратура томонидан назоратга олинган.