«Буюк алломалар» музейига саёҳат

    Маданият 12 август 2021 3330

    Қўқон шаҳар Давлат хизматлари маркази ходимлари Қўқон шаҳридаги давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан ташкил этилган «Буюк алломалар музейи»да маънавий-маърифий билимларини оширдилар.

    Улар музейга саёҳат давомида мамлакатимизда яшаб ижод қилган буюк алломаларимиз, кенг жамоатчиликка таниш бўлмаган олимлар ва ёзувчилар, давлат арбоблари ҳаёти ва босиб ўтган йўли билан танишиб чиқдилар.

    Буюк алломалар музейи ҳақида «икки оғиз» сўз

    Президентимиз 2017 йил 22 июнь куни Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қўқон шаҳридаги «Буюк алломалар музейи»да ҳам бўлган ва уни таъмирлашга доир кўрсатмалар берган эди. Шундан сўнг музейда кенг кўламли таъмир ишлари олиб борилди. Маънан эскирган ашёлар йиғиштирилиб, музей замон талабларига жавоб берадиган ҳолга келтирилди. Музей заллари кенгайтирилиб, зарур техник воситалар билан жиҳозланди. Бино атрофи ободонлаштирилиб, том қисми янгидан ёпилди.

    Музейда нималарга гувоҳ бўлиш мумкин?

    Музей экспозицияси 5 бўлимдан иборат. Биринчи бўлим Илк ўрта асрларда Марказий Осиёда илм-фан ва маданият, деб номланади.Унда Мусо Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Яссавий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк алломалар ҳаёти, илмий-ижодий фаолиятига оид маълумотлар, улар яратган ноёб қўлёзмалар нусхалари ўрин олган.

    Музейнинг иккинчи бўлимида Темурийлар даврида яратилган илм-фан ва маданиятга доир осори-атиқалар, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Саъдиддин Тафтазоний, Ғиёсиддин Жамшид, Али Қушчи, Мирхонд каби алломаларга оид тарихий асарлар намойишга қўйилган. Шунингдек, музей экспозицияларидан XVIII-XIX асрларда Фарғона водийсидан етишиб чиққан, Машраб, Ҳувайдо, Садойи, Низомий Хўқандий, Азимий, Увайсий, Амирий, Нодира, Ҳакимхон Тўра, Гулханий, Фазлий, Муҳйи, Муқимий, Фурқат, Завқий, Маҳмуд Ҳаким Яйфоний, Ҳазиний каби улуғ сиймолар ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот олиш мумкин.

    Яна бир бўлимда эса Туркистонда жадидчилик ҳаракати ва унинг машҳур намояндалари Беҳбудий, Фитрат, Абдулла Авлоний, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Ашурали Зоҳирий, Иброҳим Даврон, Ибрат ҳаёти ва фаолияти кенг ёритилган. Қўқон хаттотлик санъати, миллий ҳунармандчилик ҳамда зиёратгоҳларга доир маълумотлар ва экспонатлар ҳам қўйилган.
    Музейнинг бешинчи бўлимида XX асрда Фарғона водийсидан етишиб чиққан улуғ олимлар, академиклар – Қори Ниёзий, Теша Зоҳидов,Раҳима Аминова, Пўлат Қаюмов, Боқий, Азиз ва Лазиз Қаюмовлар ва бошқаларнинг ҳаёти ва илмий ижодий фаолиятини акс эттирувчи материаллар ва экспонатлар ўрин олган, деб хабар беради ДХА Фарғона вилоят бошқармаси матбуот хизмати.

    Музей қошида «Алломалар ворислари» номли ўқув-ахборот маркази ташкил этилган. Ушбу марказ илмга ва ижодий фаолиятга қизиқувчи ёшлар учун маҳорат мактаби вазифасини ўтаяпти.

    Давлат хизматчилари билан мулоқот давомида мамлакатимизда миллий қадриятларни эъзозлаш ва тарғиб этиш, буюк алломалар меросини ўрганишга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Бахшичилик ва мақом санъати бўйича халқаро фестиваллар ўтказилгани бу борада улкан аҳамиятга эга эканлиги айтилди. Имом Бухорий, Имом Термизий марказлари, Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, адиблар номлари билан аталган ижод мактаблари ташкил этилгани бу каби эътиборнинг яққол намунасидир.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates