Буюк Британияда Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қўлланмаси тайёрланади

    Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов британиялик таниқли ёзувчи Калум МакЛеод билан учрашув ўтказди.

    Суҳбат давомида британиялик ёзувчи сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасини жадал ривожлантириш, унинг рақобатбардошлиги ва тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш, шунингдек, жаҳон бозорларида миллий сайёҳлик маҳсулотларини кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади.

    Унинг айтишича, Ўзбекистон ўзининг тарихий, маданий ва хушманзара гўшалари, уларнинг негизида барпо этилган туризм масканлари ва замонавий меҳмонхоналари ҳамда хорижий сайёҳларга нисбатан жорий этилган соддалаштирилган тартиб-таомиллари билан бемалол мамлакатга ташриф буюрувчи туристлар сонини кескин ошириши мумкин.

    «Ўзбекистон миллий туризм брендини, шу жумладан унинг тарихи ва маданияти, замонавий ривожланиши ҳамда янги сайёҳлик йўналишлари ва инфратузилмаларини Британияда кенг тарғиб қилиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрман», деди Калум МакЛеод.

    Музокаралар натижасида британиялик ёзувчи билан ҳамкорликда Янги Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қўлланмасини тайёрлаш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради «Дунё» АА.

    Калум МакЛеод 1996 йилдан бошлаб ҳозирги вақтга қадар Британия аудиторияси учун нашр этилган «Ўзбекистон: Самарқанд сари олтин йўл» номли 9 та саёҳат қўлланмасининг муаллифи ҳисобланади.