Мазкур тадбир Беларус пойтахтида бўлиб ўтган «BelTexIndustry-2022» халқаро кўргазма-ярмарка доирасида ташкил этилган «Замонавий шароитларда енгил саноат. Лойиҳалар, рағбатлантирувчи омиллар, кооперация» мавзусида муҳокамалар чоғида ўтказилди.
Тадбир чоғида «Ўзчармсаноат» уюшмасининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари Гулнора Бабич дунёнинг элликдан зиёд мамлакати вакиллари, яъни соҳа мутахассислари ва тадбиркорлар эътиборига Ўзбекистонда ушбу тармоқда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилаётган имтиёзлар, экспортчилар учун жорий этилган қулайликлар тўғрисидаги батафсил маълумотларни тақдим этди.
Амалда қўлланилаётган божхона ва солиқ имтиёзлари, сўнгги йилларда соҳага жалб этилган инвестициялар ҳажмининг кескин ошгани, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг ташқи бозорларда рақобатбардошлиги ошиши эвазига экспорт жўғрофияси сезиларли даражада кенгайгани сингари омиллар натижасида 2021 йил якуни бўйича 421 миллион доллар миқдоридаги чарм-пойабзал ва мўйначилик тайёр буюмлари хорижий мамлакатларга экспорт қилинганлиги тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Муҳокама давомида жорий йил 12-14 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида «ЎзчармEКСПО-2022» 13-халқаро чарм, пойабзал, атторлик, мўйна ва жун кўргазма-ярмаркаси ўтказилишига оид маълумотлар ҳам тақдим этилгани баробарида манфаатдор ташкилотлар бўлажак анжуманда иштирок этишга таклиф қилинди, деб хабар беради «Дунё» АА.