Унга кўра, ёмғир ва оқова сувлардан ҳамда сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланишга қаратилган замонавий суғориш тизими йўлга қўйилади. Тизимни 32 та шаҳарда 64 та маҳаллада ташкил қилиш кўзда тутилган.
Амалга ошириш механизми
Лойиҳага кўра, ёмғир ва оқова сувдан фойдаланишнинг техник ва гигиеник стандартлари ишлаб чиқилади. Тажриба сифатида 500 квадрат метрдан ортиқ кўп қаватли уйлар, янги қурилаётган бино ва ижтимоий соҳа объектларида ёмғир сувини йиғиш синовдан ўтказилади. Шунингдек, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарида ёмғир ва оқова сувларни йиғиш ва улардан самарали фойдаланиш йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, "Яшил макон" лойиҳаси доирасида барпо этилаётган яшил ҳудудларда ("Яшил боғ", "Яшил жамоат истироҳат боғ"лари ҳамда "Яшил қопламалар") ҳамда кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларда экилган дарахт ва буталарни суғоришда замонавий тизимдан фойдаланилади.
Афзалликлари
Кислота ва ишқорнинг нейтрал балансига эга, микроэлемент ва кислородга бой ёмғир суви уйлар томидан пластик сиғимларга йиғилади. Сиғимлар сувни узоқ вақт сақлаш учун ер остига жойлаштирилади. Сўнг насослар билан томчилатиб суғориш тизими орқали кўчатларни суғоришга йўналтирилади. Ҳар бир уйда йилига 20-40 тонна ёмғир сувини йиғиш эвазига 30 тадан 60 тагача дарахтларни сув билан таъминлаш имконияти яратилади.
Халқаро тажриба
Бугунги кунда бир қатор хорижий давлатларда ёмғир сувларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилган. Жумладан, Туркияда 2 минг квадрат метрдан ортиқ кўп қаватли уйлар ҳамда янги қурилаётган биноларда ёмғир сувини йиғиш тартиби белгиланган. Германиядаги Франкфурт аэропортида эса йиғилган ёмғир суви аэропортнинг кўкаламзорлаштирилган ҳудудларининг 60 фоизини суғориш ва техник сув ўрнини қоплаш имконини беради.
Қолаверса, Ҳиндистонда ҳам ёмғир сувларидан суғориш мақсадларида кенг фойдаланилади.
Кутилаётган натижалар
Замонавий суғориш тизими мамлакатда «яшил майдон»ларни сезиларли кўпайтиришга, уларни барқарор сақлашга хизмат қилади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, саноат ва маиший соҳада фойдаланилган оқова ва чиқинди сувларни тозалаб, қайта фойдаланишга киритиш чораларини кўриш ўз навбатида сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширади.