Қайд этилишича, моддий манфаатдорлик эвазига ушбу шахслар 9 кг оғирликдаги 3 дона “Ariel” кир ювиш кукунини чегара божхона постидан олиб ўтаётган вақтида тўхтатилган ва мазкур товарлар божхона кўригидан ўтказилган.
Ўтказилган кўрикларда кир ювиш кукуни қадоғи муқаддам очилгани ва унинг ичига аслида “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси жойлангани аниқланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, прегабалинни қабул қилиб олувчи шахсга етказаётган йўловчи ҳам Оҳангарон туманида қўлга олинди. Унинг ёнида 27 кг. оғирликдаги 9 дона кир ювиш кукунига ҳам кучли таъсир қилувчи моддалар аралашгани аниқланди.
Калаванинг учи тезкор ходимларни пойтахтимизнинг Учтепа туманига етаклади. Боиси юқоридаги барча кучли таъсир қилувчи моддалар айнан ушбу тумандаги хонадонлардан бирига келтирилиши керак эди.
Шубҳа остига олинган шахснинг ушбу туманда ижарада яшаб келаётган хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида бу ерда яширин нарколабаратория ташкил этишга ҳозирлик кўрилаётгани фош бўлди.
Хусусан, қучли таъсир қилувчи моддаларни қайта ишлаш ва тақсимлаш мақсадида турли жиҳозлар, хом ашё ва бўш капсулалар борлиги аниқланди, — деб ёзади Божхона қўмитаси матбуот котиби.
Олиб борилган тезкор қидирув тадбирларидан сўнг “Дўстлик” чегара божхона постида айнан ушбу лабораторияга етказилиши керак бўлган, 20 кг. оғирликдаги 2 номдаги кир ювиш кукуни қадоқларига жойланган кучли таъсир қилувчи моддаларнинг навбатдаги партияси ҳам қўлга олинган.
Шундай қилиб тезкор тадбирлар якунида қонунбузар шахслардан жами оғирлиги 56 кг.ни ташкил қилувчи 16 дона кир ювиш кукуни қадоқларига солинган кучли таъсир қилувчи моддалар олиб қўйилди.
Шундан 45 килограмини Марказий божхона лабораторияси томонидан ўтказилган экспертиза натижаларига кўра “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси ташкил этиши аниқланган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга мазкур кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қора бозордаги нархи 40 млрд сўмни ташкил қилади.
Ҳозирда жами оғирлиги 45 кг. “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси далилий ашё сифатида олиниб, божхона органлари томонидан ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.









