Ушбу элемент табиатда нисбатан кенг тарқалган, отқинди (вулкандан отилиб чиққан моддалар совушидан ҳосил бўлган тоғ жинслари), эффузив, метаморфик, чўкинди тоғ жинсларида, шу билан бирга, алоҳида заррачалар сифатида ҳам учрайди. Инсоният томонидан минглаб йиллар давомида қадрлаб келинган, ўзининг ранги ва қудрати билан айни кунда ҳам юксак аҳамиятга эга бўлган бу металл — олтин.
Олтин аксарият ҳолларда усти бошқа металлар оксиди ёки сульфиднинг юпқа қатлами билан қопланган бўлади. Мамлакатимизнинг Қизилқум кенгликларидаги олтинга бой маъданлар ҳам худди шундай жиҳати билан тавсифланади.
Мутахассисларнинг фикрича, олтин сақловчи маъданлар икки асосий турга бўлинади — бирламчи (сульфид) ва иккиламчи (оксидланган) маъданлар. Оксидланган маъданлар осон қайта ишланади ва улардан олтин анъанавий усуллар ёрдамида ажратиб олинади.
Сульфидли концентратларни қайта ишлаш учун жаҳон амалиётида асосан автоклавда қайта ишлаш, оксидловчи куйдириш ва бактериал оксидланиш технологиялари қўлланилади. Автоклавда қайта ишлаш усулида юқори ҳарорат ва босим ишлатилади. Оксидловчи куйдиришда ҳам юқори ҳароратдан фойдаланилади.
Бактериал оксидланиш жараёни қайта ишлаш учун қийин бўлган маъданлар ва концентратлардан маҳсулот олишнинг янги муқобил йўналиши бўлиб, унинг вазифаси сульфидли минералларни оксидлаш, яъни уни кейинчалик классик усуллар билан сорбцион ишлов бериш мақсадида микроорганизмлар таъсирида олтинни очишни ўз ичига олади.
Навоий кон-металлургия комбинатининг 3-гидрометаллургия заводида дастлаб анъанавий оксидловчи куйдириш технологияси ишлаб чиқилди. Бироқ, иқтисодий ва экологик жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслиги сабабли бу усул максимал иқтисодий самарадорлик ва экологик хавфсизликка эга замонавий ечимларга асосланган илғор биотехнологияга ўз ўрнини бўшатиб берди. Натижада 2008 йилда “Кокпатас” ва “Довгизтов” конларидаги сульфидли маъданларни қайта ишлаш учун бактериал оксидланиш технологияси ишга туширилди.
Биологик оксидланган маҳсулот таркибидан 85 фоизгача олтин ажратиб олинарди. Қолган қисми чиқиндига чиқиб кетарди. Янги технология жорий этилгач, ана шу чиқинди таркибидаги 15 фоиз олтиннинг аксарият қисмини ажратиб олиш имкониятига эга бўлинди.
— Маълумки, замонавий тоғ-кон саноатида ишланиши мураккаб бўлган маъдан таркибидан металларни ажратиб олиш бўйича илмий изланиш олиб бориш, соҳада янги технологияларни яратиш муҳим вазифалардан бири саналади, — дейди 3-гидрометаллургия заводи технология бўлими бошлиғи ўринбосари, техника фанлари доктори Улуғбек Эргашев. — Комбинатимиз жамоасининг шу йўлдаги изланиши, фан ва техника соҳасида янгиликлар яратиш ва уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича саъй-ҳaракатлари ўз натижасини бераётгани мамлакатимизда инсон интеллектига эътиборнинг самараси, десак, асло муболаға бўлмайди.
Бу соҳада “Технологик ва ишланиши мураккаб бўлган олтин таркибли маъданларни қайта ишлаш ва ўзлаштиришнинг комплекс технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш” мавзусидаги ишланма ана шундай илмий изланишларимиздан бири ҳисобланади.
Мураккаб таркибли маъдандан олтинни юқори самарадорликда ажратиб олишга мўлжалланган мазкур ишланма устида иш 2009 йилда олим ва мутахассислар жалб этилган ҳолда бошланган эди. Қарийб ўн йил изчил илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб борилди. Натижада дунёда муқобили бўлмаган ноёб технологияни яратишга ҳамда бу ихтирони назарий ва амалий жиҳатдан нафақат республикада, балки халқаро миқёсда ҳам исботлаб беришга муваффақ бўлдик.
Илмий изланиш ва тадқиқотлар кўламини тасаввур қилиш учун бир жиҳатга эътибор қаратмоқчиман. 2009 – 2019 йиллар давомида уч мингдан ортиқ турли муваффақиятли ва муваффақиятсиз тажрибалар ўтказилди, пировардида жаҳонда ҳали қўлланилмаган технология вужудга келди. Бу Германия, Қозоғистон ва Россияда ўтган халқаро конференцияларда муносиб ҳимоя қилиниб, илмий анжуманларнинг 1-даражали дипломларига сазовор бўлди. Кўп йиллик машаққатли изланишлар, аниқ исбот ва далилларга асосланган ихтиромиз халқаро миқёсда ҳaм тан олиниб, Ўзбекистон ва Германияда патентга эга бўлди.
Умуман, ихтиромиз дунё кон-металлургия саноатида муҳим янгилик сифатида ўз эътирофини топди. Янги технологиянинг жорий этилиши туфайли 3-гидрометаллургия заводида чиқиндидан йилига қўшимча равишда 1,5 тонна олтин олинмоқда.
Даставвал, соҳa мутахассислари, хорижлик олимлар ишимизнинг самарали бўлишига ишончсизлик билан қарашгани ҳaм бор гап. Бу табиий ҳол эди. Чунки ишланмамиз янги назарияга асосланган ва бунинг натижаси ҳозирги замон технологияларидан анча олдинни кўзлаган эди.
Амалиётга муваффақиятли татбиқ этилган ихтиро ортидан кутилган самарадорликка эришдик. Бу ютуғимиз халқаро миқёсда ҳaм эътироф қилиниб, БМТ Интеллектуал мулк ташкилотининг олтин медалига лойиқ топилди.
Республика Президентининг ўтган йил декабрь ойидаги фармонига мувофиқ, бир гуруҳ олим ва мутахассисларимиз томонидан яратилган “Технологик ва ишланиши мураккаб бўлган олтин таркибли маъданларни қайта ишлаш ва ўзлаштиришнинг комплекс технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш” бўйича илмий-амалий ишланмамиз биринчи даражали Давлат мукофоти билан тақдирлангани бутун жамоамизга катта мамнуният бахш этди. Бундай юксак эътирофдан Ўзбекистонда инсон қадри улуғ деган тамойилнинг амалий ифодасига, ҳеч бир эзгу ҳаракат беиз қолмаслигига яна бир карра амин бўлдик.
Бугунги шиддаткор замонда юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқариш ривожланиб, рақобат кучаймоқда. Бунинг натижасида ҳaр бир соҳадa илмга асосланган янгиликлар яратиш ҳaётий заруратга айланмоқда. Бинобарин, кон-металлургия саноати ҳaм бундан мустасно эмас.
Кейинги олти йилда кон-металлургия саноатида туб ўзгаришлар рўй берди. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларини фойдаланишга топшириш бўйича йирик инвестиция лойиҳаларининг жорий этилиши бунга замин яратди. Муҳим дастур ва пухта ўйланган инвестицион лойиҳаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани комбинат равнақида катта аҳамият касб этмоқда. Бу борада ишлаб чиқариш жараёнига илғор технологиялар жорий этилаётгани ҳам муваффақиятларда муҳим ўрин тутяпти.
— Бундан уч йил муқаддам комбинатимиз тажрибали муҳандис ва мутахассислари томонидан техноген чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича ҳали дунё амалиётида бўлмаган яна бир ноёб инвестицион лойиҳа амалга оширилди, — дейди 7-гидрометаллургия заводи директори Фарҳод Чўлиев. — Олимлар билан ҳамкорликда мазкур муаммолар ечими бўйича янги технологиялар яратишга эришилди ва улар асосида ишлайдиган 7-гидрометаллургия заводи ишга туширилди. Корхонамиз йилига 15 миллион тонна техноген чиқиндиларни қайта ишлаш қувватига эга ва юксак технологиялар асосида тўлиқ рақамлаштирилган. Эътиборлиси, қайта ишланадиган техноген чиқиндилар 2040 йилгача етади.
Яна бир жиҳати, завод қурилишида енгил конструкциялар ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланилди. Илгари четдан олиб келинадиган кўплаб асбоб-ускуна ва бутловчи материаллар маҳаллийлаштирилди. Хусусан, улар Навоий машинасозлик заводи ва кон бошқармаларидаги цехларда тайёрланди. Кимёвий ишлов бериш жараёнида ҳам маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланилмоқда. Булар таннархни янада арзонлаштиришда муҳим омил бўляпти. Заводнинг барча технологик жараёнларини асосан Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетини тугатган ёш мутахассислар ва маҳаллий аҳоли вакиллари бошқармоқда.
Навоий кон-металлургия комбинатида Инвестиция дастури доирасида йирик ва стратегик аҳамиятга эга лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилаяпти. Ана шундай лойиҳалардан бири бўлган Нурота тумани ҳудудидаги “Пистали” конида олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш мажмуаси — 6-гидрометаллургия заводи қурилиши якунланди. Жорий йилнинг июнь ойи бошида мазкур заводнинг биринчи тегирмон блоки ишга туширилди. Тез орада иккинчи навбати ҳам фойдаланишга топширилади. Завод тўлиқ қувватда иш бошлаши билан йилига 4 миллион тонна маъдан қайта ишланиб, 4,4 тонна олтин ишлаб чиқарилади ва мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилади.
Яна бир аҳамиятли томони, заводнинг технологик ускуналари ва жиҳозлари Навоий машинасозлик заводида тайёрланган. Улар комбинат қурувчи-мутахассислари томонидан ўрнатиляпти.
ХАЛҚАРО ДАРАЖАДАГИ ЮҚОРИ СИФАТ КАФОЛАТИ
Табиатда олтиннинг нотекис ва кам миқдорда тарқалиши боис конларни қидириш ҳамда ўзлаштириш учун тоғ жинсларини тезкор таҳлил қилиш муҳим саналади. Олтин конларидан олинган намуналарни таҳлил қилишда аниқлик даражаси ўта юқори бўлиши шарт. “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖнинг Марказий гамма-фаоллаштирилган таҳлил лабораторияси ноёб бўлинмалар сирасига киради.
Лабораторияда тезлатгичлар ёрдамида электронлар оқими қувур орқали энг қисқа вақтда ёруғлик тезлигига яқин тезлик олиб, вольфрам нишонга бориб урилади ва сингиш хусусияти юқори бўлган гамма нурларини чиқариб, олтин атом ядроларини фаоллаштиради. Сонияларда юз берадиган бу жараён натижасида маъданлар таркиби ва улардаги зарур элемент миқдори ҳақида олинадиган маълумотлар конларда қимматбаҳо металларни аниқлаш, қазиш, металлургик ишлов бериш имконини оширмоқда. Жумладан, маъдандаги олтин таркибини 17 сонияда аниқлаш мумкин.
— Кейинги йилларда лабораториямизда замонавий жиҳозлар ўрнатилди, тадқиқотларнинг янги услублари жорий этилди, — дейди Марказий гамма-фаоллаштирилган таҳлил лабораторияси раҳбари Алишер Қўлдошов. — Жумладан, тезкор маълумотни олиш бўйича таҳлил учун қўлланиладиган контейнерлар, яъни намуналар солинган идишлар идентификациялаштирилди. Бу каби рақамли технологиялар орқали геологик намуналар бўйича йиғилган ахборотлар сонияларда геологларга етказилмоқда.
2016 йилда ўлчаш-бошқариш мажмуаси модернизация қилинган бўлса, кейинги йили УЭЛР-8-8А типидаги янги электронларни чизиқли тезлатгич ҳам тубдан янгиланиб, саноат синовидан ўтказилди. 2020 йилда эса УЭЛР-8-10А типидаги янги электронларни чизиқли тезлатгичда монтаж ва созлаш ишлари бажарилиб, фойдаланишга топширилди. Тезлатгичларни совутиш тизимининг янгилангани туфайли технологик бўш туриб қолишларга барҳам берилди.
Шу тариқа лабораторияда геологик намуналарнинг таркибидаги олтинни тезкор таҳлил қилиш жараёни ҳам йилдан-йилга такомиллашиб боряпти. Лаборатория ишга тушган вақтда кунига 50 та намуна таҳлил қилинган бўлса, ҳозирги кунда бу рақам 3500 дан кўпроқни ташкил этади. Йиллик кўрсаткичи 1 миллион 500 мингтагача етади. Дунёдаги ҳеч бир физик лаборатория бу ҳажмда таҳлил ўтказиш имкониятига эга эмас. Унинг ноёблик жиҳатларидан бири ҳам ана шунда, аслида.
Лаборатория нафақат комбинат бўлинмалари, яъни Навоий, Зарафшон, Учқудуқ, Зармитан, Маржонбулоқ каби географик ҳудудлардаги конлардан олинган, балки юртимизнинг бошқа геологик-қидирув экспедициялари учун ҳам намуналарни таҳлил қилиб беради. Бу жараёнда аналитик назорат учун стандарт намуналар кенг қўлланилади. Мазкур хизматдан чет эл фирмалари ҳам фойдаланиб, уларнинг етакчи экспертлари таҳлил сифатига юқори баҳо бермоқда.
Комбинатда амалиётга татбиқ этилаётган технологияларни халқаро ҳамжамият юксак эътироф этиб келаётганини юқорида қайд этган эдик. Уларни қўллаш туфайли ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида ҳам шундай фикрларни ҳеч иккаланмай айтиш мумкин. Чунки, Навоий кон-металлургия комбинати олтинига 1994 йилда дунё бўйича юқори сифатли қимматбаҳо металлар реализацияси билан шуғулланувчи Лондон олтин қуймалари бозори ассоциацияси (ЛБМА) томонидан “Оптимал етказиб бериш” мақоми берилган эди.
Халқаро тамойилга кўра, бу мақом доимий берилмайди, ҳар уч йилда қайтадан тасдиқлашни тақозо этади. Комбинат ана шундай муваффақиятга изчил эришиб келяпти. Қолаверса, 2019 йилда комбинат маҳсулотининг бозор талабларига тўлиқ мувофиқлиги бўйича навбатдаги синовлардан муваффақиятли ўтганини тасдиқловчи сертификатга ҳам эга бўлган эди.
2023 йил 26 июнь куни Лондондан яна бир хушхабар келди. Олтин қуймалари бозори ассоциацияси Навоий кон-металлургия комбинатининг “Оптимал етказиб берувчи” мақомини яна бир бор тасдиқлади.
— Лондон қимматбаҳо металлар бозорида ўз маҳсулотини сотадиган барча қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарувчи компаниялар олтин етказиб бериш масъулияти бўйича кўрсатмага риоя қилишлари шарт, — дейди комбинат техник назорат хизмати бошлиғи Бахтиёр Холмуродов. — Аслида, бу ҳар йили компанияларнинг мустақил халқаро аудит текширувларидан ўтишини англатади. Бу ҳолат ишлаб чиқарилган олтиннинг барча талабларга тўлиқ жавоб беришини таъминлайди.
Комбинатимизнинг 2022 йил фаолиятига “Делойт ва Туш” халқаро аудиторлик компаниясининг хулосаси асосида 2023 йил 19 июнь куни Лондон қимматбаҳо металлар бозорининг RGG (Responsible Gold Guidence) “Олтинни масъулиятли бошқариш бўйича қўлланма” сертификати ҳам берилди.
Халқаро иқтисодий нуфузга доир бу каби ишлар Навоий кон-металлургия комбинати жаҳоннинг йирик олтин ишлаб чиқарувчи компаниялари ўртасида мустаҳкам ўрин эгаллашига замин ярамоқда. Комбинат бугунги кунда дунёдаги ўнта йирик олтин ишлаб чиқариш компаниялари орасида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди.
Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда. Кенг кўламли ислоҳотлар самараси ҳaр бир соҳa ва жабҳада кўзга тобора яққолроқ ташланяпти. Бугунги давр, яъни дунёда бўлаётган ўзгаришлар, глобаллашув жараёнлари, жаҳон бозорида рақобатнинг кучайиши ҳар бир корхонадан юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ҳар бир мутахассис-раҳбардан фидойилик билан куйиб-ёниб меҳнат қилишни тақозо этади. Шунда унинг самараю мевасидан янада кўпроқ баҳраманд бўлинади.
Зеро, олтинни ҳам бошқа маъданлардан тозалаб олиш учун у электропечларда 1200 даражагача бўлган иссиқликда эритилади. Шу каби технологик жараёнлардан ўтганидан сўнг олтин 99, 99 навли (проба) металлга айланади.
Фикримизча, мазкур технологик жараён замирида ҳам ҳаётий бир ҳикмат мужассам. Бу доимо ёниб-куйиб ишлаётган, дунё миқёсида ҳам ҳамкасбларига қараганда илмий-технологик салоҳиятда бир қадам олдинда юрган мутахассисларнинг кундалик фидойи заҳмати эвазига эришиладиган самарага ўхшаб кетади. Шу боис, олтин зангламайди, асл қиймати ва қудрати билан одамлар учун бошқа жавоҳирларга нисбатан ҳамиша устун туради. Бинобарин, одамлар учун керакли ва лозим нарсаларнинг баҳоси ҳам олтин орқали белгиланади.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи









