Дунёни ларзага солган зилзила

    Шу йилнинг 6 февраль куни Туркияда юз берган даҳшатли зилзила бутун дунёни ларзага солди. Бутун инсоният бир қалқиб тушди, табиат ҳодисалари олдида ожиз эканини яна бир бор англади.

    Сўнгги маълумотларга кўра, Туркиянинг жануби-шарқий қисмида юз берган 7,7 магнитудали зилзила оқибатида мазкур мамлакатда 3 мингдан зиёд киши ҳалок бўлди, 20 мингдан ортиқ одам жароҳат олди. Минглаб иншоотлар вайронага айланди.

    Ҳар йили сайёрамизда юзлаб зилзилалар содир бўлади. Уларнинг аксарияти шу даражада сезиларсизки, уларни фақат махсус кузатув асбоблари ёрдамида аниқлаш мумкин. Аксарият ер силкинишлари дунё океанларида юзага келади. Агар цунами бўлмаса, одамлар уни ҳатто пайқамаслиги ҳам мумкин.

    Хўш зилзила нима? У қандай юзага келади?

    Зилзила — “Ернинг нафас олиши”

    Зилзила — табиий равишда юзага келадиган ер ости силкиниши, Ер қобиғидаги ўзгаришлар маҳсулидир (масалан, литосфера плиталари ҳаракати, вулқон отилиши). Бундай табиат ҳодисаси баъзан катта талафотларга ҳам сабаб бўлади. Етказиладиган зарар кўлами бўйича улар фақат тўфонлардан ортда қолади, холос. Ер вақти-вақти билан йиғилиб қолган энергияни зилзилалар воситасида ташқарига чиқариб тургани боис, сейсмологлар ҳазил аралаш уни “ернинг нафас олиши” деб таърифлайди. Айнан зилзилалар туфайли ер қатламлари силжийди, тоғлар “ўсади”.

    Мутахассисларнинг фикрича, кучли довул, сув тошқинлари, вулқонларнинг отилиш вақти, об-ҳавонинг кескин ўзгариши сингари табиий офатларни олдиндан аниқлаш имконияти мавжуд. Аммо зилзила бундан мустасно. У табиатга, жамиятга ва экологик вазиятга энг кўп зарар етказади. Фавқулодда содир бўлиб, инсонларни беихтиёр саросимага солиб қўяди.

    Олимлар зилзилаларни тектоник, вулқонли, кўчкили, техноген каби турларга ажратади. Ўчоғи у қадар чуқур бўлмаган, 7 магнитудали ер силкинишлари ҳам ўта хавфлидир. Бундай зилзилалар цунамини келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, сайёрамизнинг бир томонида юзага келган зилзила ернинг бошқа тарафига кўчиб ўтиши ҳам мумкин.

    Ер юзида қайд этилган зилзилаларнинг аксарияти тектоник плиталарнинг силжиши оқибатида юзага келган. Ер силкинишларининг 95 фоизини ана шундай зилзилалар ташкил этади. Уларнинг кучи баъзан 9 магнитудага етади. Бунда ер ости плиталари бир-бирига урилиб кетади ёки улардан бири иккинчисининг остига тушиб қолади. Бундай қўзғалиш у қадар катта бўлмай, бор-йўғи бир неча сантиметрни ташкил этади. Бироқ шунинг ўзи ҳам ер остида катта энергия ажралиб чиқиши учун етарлидир. Натижада ер устки қатламида йирик ёриқлар пайдо бўлади. Бу эса ўз навбатида кўплаб вайроналарга сабаб бўлади.

    Зилзилалар вулқон отилиши оқибатида ҳам юзага келади. Бундай зилзиланинг кучи 5 магнитудага етади. Вулқонли ер силкиниши кучсиз бўлса-да, узоқ давом этади. Одатда улар катта хавф туғдирмайди. Кучли вулқонли зилзилалар камдан-кам юз беради ва улар бундай ер силкинишларнинг бор-йўғи 5 фоизини ташкил этади, холос. Бироқ ўтмишда мазкур зилзилалар йирик ҳалокатларга ҳам сабаб бўлган. Ана шундай зилзиланинг энг даҳшатлиси 1883 йилда Индонезиядаги Кракатау вулқонининг отилиши оқибатида юзага келган. Вулқон отилишидан “уйғонган” зилзила Суматра, Ява ҳамда Борнео оролларидаги шаҳарларга катта талафот етказган эди.

    Техноген омиллар, яъни инсоният фаолияти ҳам зилзилалар келиб чиқишига сабаб бўлади. Олимлар сув омборлари жойлашган ҳудудларда кўплаб ер силкинишларини қайд этган. Бу — сув омборларида йиғилган сувнинг ер қатламига таъсир ўтказиши, тупроқ таркибига сингиб уни издан чиқариши билан боғлиқ. Бундан ташқари, сейсмик фаоллик нефть ва газ қазиб чиқариладиган конларда ҳам кўп қайд этилади. АҚШнинг Аризона штатидаги Лейк-Мид сув омборининг сув билан тўлдирилганидан сўнг содир бўлган зилзила — инсоният фаолияти ва унинг табиатга таъсири туфайли юзага келган илк ер силкинишларидандир. Шундан сўнг мазкур ҳудудда ўн йил ичида 5 магнитудали қарийб 600 марта ер қимирлаши қайд этилган. Бундан аввал бу ҳудудда зилзилалар деярли кузатилмаган эди. Яна бир мисол: 1967 йилда Ҳиндистоннинг Бомбей шаҳрида Койна сув омборининг тўлдирилганидан кейин қатор зилзилалар содир бўлган. Улардан бирининг кучи 6,5 магнитудани ташкил этган, оқибатда бир неча бино вайронага айланган, одамлар ҳалок бўлган.

    Сув ости зилзилалари океан остида ёки соҳил бўйларида ер қаъридаги тектоник плиталарнинг тўқнашиши оқибатида юзага келади. Кўчкилар оқибатида содир бўладиган зилзилалар эса у қадар кучли бўлмайди. Бироқ баъзан улар йирик фожиаларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

    Зилзила босқичлари: форшок, афтершок нима?

    Зилзилалар бир неча босқичдан иборат. Асосий зилзила олдидан ундан огоҳ этувчи кичик силкинишлар — форшок, ундан кейин содир бўладигани эса афтершок дейилади. Улар асосий зилзилага нисбатан 1,2 бараварга кучсиз. Бунга XIX аср охирида Адриатика денгизида жойлашган Лисса оролида уч йил давомида 86 минг ер силкиниши қайд этилганини мисол қилиш мумкин. Зилзилалар, одатда, узоқ давом этмайди. Улар узоғи билан бир дақиқадан зиёдроқ давом этиши мумкин. Бироқ қисқа муддатли ер силкинишлари ҳам баъзан катта вайроналарга олиб келиши мумкин. Масалан, 2010 йилда Гаитида содир бўлган зилзила бор-йўғи қирқ секунд давом этган, шунинг ўзи ҳам Порт-о-Пренс шаҳрига кўп талафот етказган. Зилзилалар такрорланиб туриши боис, қайси силкинишдан кўпроқ хавф кутиш, қайси бири юқори магнитудали бўлишини олдиндан тахмин қилиш жуда мушкул. Шу боис одатий кучсиз ер силкинишига кўникиб қолган аҳоли тўсатдан юз берадиган кучли зилзилаларга тайёр бўлмаслиги, олдиндан эҳтиёт чораларини кўрмаслиги мумкин. Масалан, 2015 йилнинг 25 апрелида Непалда юз берган дахшатли зилзилани олайлик, одатда, мазкур мамлакатда кучсиз ер силкинишлари қайд этиб тургани боис, одамлар унга у қадар эътибор қаратмай келишган. Шу боис 7,9 балли зилзила мамлакатга катта талафот келтирди.

    Рихтер ва интенсивлик шкаласи: уларнинг фарқи нимада?

    Тебраниш амплитудаси ва чиқадиган энергия магнитуда шкаласи (Рихтер шкаласи)да ҳисобланади. Бу шкалани одатда интенсив шкала билан адаштиришади. Рихтер шкаласи 1 дан 9,5 ўлчов бирлигига эга бўлиб, у сейсмограф томонидан тебранишларни қайд этиб бориши асосида ҳисобланади. Ер силкиниши магнитудасининг бор-йўғи бир даражага ошгани ер тебраниш амплитудасининг ўн, энергиясининг ўттиз бараварга ошишига олиб келади. Ўтказилган ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, кучсиз тебранишлар пайтида ер қаъридаги зилзила ўчоғи эгаллаган масофа ҳам вертикал, ҳам горизонтал йўналиш бўйича олиб қаралганда бир неча метрни, ўртача ер силкинишларида эса бир неча километрни ташкил қилади. Катта ҳалокатларга сабаб бўладиган зилзилалар эса минг километрли ҳудудга таъсир ўтказиб, ер қаърида 50 километргача жойни қамраб олади. Зилзила ўчоғи Ер сиртига қанча яқин бўлса, унинг етказадиган талафоти шу даражада юқори бўлади.

    Икки магнитудали ер силкинишлари деярли сезилмайди. 4-5 магнитудали зилзила гарчи кучсиз бўлса-да, кичик талафотларга сабаб бўлиши мумкин. Олти магнитудали зилзила ўртача талафат етказади. 8,5 магнитудали зилзилалар хавфли ер силкинишлардан саналади. Дунёда энг даҳшатли зилзила эса 1960 йил 22 майда қайд этилган бўлиб, “Буюк Чили зилзиласи” номи билан тарихда қолган. Ўшанда ер силкинишининг кучи Рихтер шкаласи бўйича 9,5 магнитудани ташкил қилган. Зилзила 17 минг километр масофани босиб ўтиб Японияга қадар етиб борган эди. Олимларнинг фикрича, бир йилда дунёда юз берадиган ер силкинишларидан фақат биттаси 8, ўнтаси 7-7,9, юзтаси 6-6,9 магнитудали бўлади.

    Зилзилалар нима сабабдан келиб чиқишини тушуниш учун ер сатҳининг тебранма ҳаракат интенсивлиги шкаласи ҳам ўйлаб топилган. У Рихтердан фарқли равишда 12 балли ўлчов тизими воситасида ҳисобланади. Мазкур шкала ўрнатган маълумотлар ер силкинишини муайян миқдорда башорат қилиш имконини беради. Масалан, зилзила магнитудаси саккизга тенг, ўчоғи эса ўн километр чуқурликда жойлашган бўлса, ер силкиниши кучи 11-12 баллни ташкил этади. Агар зилзила ўчоғи Ер қаърида 50 километр чуқурликда бўлса, интенсивлик кам бўлиб, 9-10 баллни ташкил этади. Интенсивлик шкаласига мувофиқ, олти балли зилзила ерда ёриқлар пайдо қилиб, сезиларли талофатларга сабаб бўлиши мумкин. Ўн бир балли зилзилалар эса катта талафот етказади. Бундай зилзила ерда йирик ёриқлар пайдо қилади, иншоотларга зарар етади. Мазкур ўлчов бўйича энг хавфли зилзила 12 баллни ташкил этади.

    Жомолунгмани уч сантиметрга силжитган

    2015 йилнинг энг дахшатли зилзиласи Непалда содир бўлди: 7,9 магнитудали зилзиланинг ўчоғи Катманду шаҳридан 82 километр шимоли-ғарбда, 15 километр ер остида бўлган. Кейинги куни ҳам кичик ер силкинишлари қайд этилди. Тахминан икки ҳафта ўтиб, бу ерда 7,3 магнитудали яна бир хавфли зилзила рўй берди. Бу сафар зилзила ўчоғи Катмандудан 76 километр шарқда жойлашган эди. Шундан сўнг яна бир неча марта зилзилалар содир бўлди. Улардан энг хавфлиси 6,3 магнитудани ташкил этди. Зилзила оқибатида қарийб 9 минг киши ҳалок бўлди, 22 мингдан зиёд одам жароҳат олди. Непалда юз берган кучли зилзила оқибатида дунёдаги энг катта тоғ чўққиси — Жомолунгма 2,5 сантиметрга пасайди. Бу Европанинг “Sentinel-1A” сунъий йўлдоши олиб борган кузатувларидан сўнг маълум бўлди. Мамлакатнинг Геодезия, картография ва ер бошқаруви миллий маъмуриятининг тарқатган хабарларига қараганда, Жомолунгма уч сантиметр жануби-ғарбга силжиган. Бундан аввал Жомолунгма йилига тўрт сантиметр шимоли-шарққа томон силжиётган эди. Бу билан мазкур тоғ чўққиси ўн йил ичида жаъми 40 сантиметр силжиган.

    Туркияда юз берган зилзила юзасидан сейсмолог фикри

    Мутахассисларнинг фикрича, Туркия сейсмик зонада жойлашгани боис мазкур мамлакатда тез-тез зилзилалар юз беради.

    Москва давлат университети физика кафедраси доценти, сейсмолог Анна Люсинанинг таъкидлашича, Туркиянинг жануби-шарқидаги кучли зилзила ер қобиғининг ёриғи ҳудудида кучланиш меъёрдан ошиб кетгани оқибатида юз берди.

    У Туркия географик жиҳатдан Шимолий Анадолу ёриқларида жойлашганини тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, бу сейсмик хавфли зона, унда кичик зилзилалар мунтазам равишда, катта зилзилалар эса ҳар уч, ўн йилда бир марта содир бўлади.

    “Бу ер сейсмик хавфли зона бўлгани учун ер қобиғи фаоллик ҳолатида, у ерда кучланиш ортади. Тоғ жинсларининг чўзилиш кучи ошиб кетади ва энергия сейсмик тўлқинлар кўринишида ажралиб чиқади”, деб таъкидлади мутахассис.

    Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолларда зилзилаларнинг кучи Ер қобиғида қанча энергия тўпланиб қолганига боғлиқ.

    Туркиянинг жануби-шарқий қисмидаги вилоятларда юз берган кучли зилзила оқибатида кўплаб одам қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани, катта талафотлар кўрилгани муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғанга ҳамдардлик йўллади. Давлатимиз раҳбари Туркия Президенти билан телефон орқали мулоқот қилиб, чуқур ҳамдардлик изҳор этди. Биродар Туркия халқига, вафот этганлар ва жабрланганларнинг оилалари ва яқинларига далда сўзлари билдирилди.

    Табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида амалий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистондан Туркияга гуманитар ёрдам ва қутқарувчилар гуруҳи жўнатилди.

    Шаҳзод Ғаффоров

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates