Экологик ҳуқуқларни ҳимоя қилишда журналистларнинг роли ортиб боряпти

    Жорий йил 15 майда Тошкент шаҳрида «Фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини тарғиб этиш ва ҳимоя қилишда оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг ўрни» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

    Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан қатор ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилди.

    Ҳамкор ташкилотлар сафида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий бўлими ҳамда ЮНEСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси бор.

    Давра суҳбатида фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини кенгайтириш ва самарали ҳимоя қилиш мавзусининг матбуотда ёритилиши ҳолати ҳақида сўз юритилди. Бу жараёнда, шунингдек, жамоатчилик фикрини шакллантириш, экологик стандартлар ва сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда оммавий ахборот воситалари ва журналистларнинг роли атрофлича таҳлил этилди.

    Атроф-муҳит масалаларини ёритишда журналистлар дуч келаётган замонавий муаммо ва тўсиқларга эътибор қаратилди. Экологик ахборот сифати ва улардан фойдаланиш имкониятини ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов экология ҳуқуқига оид халқаро шартномалар ва стандартларни амалга ошириш борасидаги мамлакатимиз тажрибасига батафсил тўхталди.

    Ўзбекистон ҳукумати томонидан экологик вазиятни яхшилаш бўйича амалга оширилган муҳим чора-тадбирлар, жумладан, мамлакатимизда биринчи марта фуқароларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳуқуқини таъминлаш соҳасидаги давлат мажбуриятлари конституциявий даражада мустаҳкамлангани таъкидланди. Мамлакатимизда алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар сонини кўпайтириш, экологик мониторингни кучайтириш зарурлигига жиддий аҳамият қаратилди.

    А.Саидов, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва журналистлар экологик муаммоларни ёритишда муҳим ўрин тутишини қайд этди. Бу, ўз навбатида, нафақат айни соҳа ҳолатидан аҳолининг хабардорлигини ошириш, балки атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш жараёнларига фуқароларни ҳам жалб этиш имконини бермоқда.

    ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили ва раҳбари Сара Ношади ушбу қонун лойиҳасини тайёрлашдан мақсад Ўзбекистонда экологик муаммоларни янада самарали ҳал этиш ва фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини берадиган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш эканлигини таъкидлади, шунингдек, экологик муаммоларни ёритишда иштирок этаётган журналистлар хавфсизлиги масаласига алоҳида эътибор қаратди.

    БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий бўлими инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Павло Бяликнинг фикрича, журналистларнинг бу борадаги фаолияти атроф-муҳитнинг ифлосланиши ҳақида тезкор ахборот тарқатишдан тортиб, иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиб бораётгани ва носоғлом экологиянинг аҳоли саломатлигига таъсиригача бўлган муаммоли жараёнларни кенг ёритишни ҳам ўзида қамрайди.

    П.Бялик журналистларнинг экологияга оид ҳуқуқ ва қонунчилик мазмун-моҳиятини тарғиб этишдаги ролини юқори баҳолади. Тадбир давомида экологик ҳуқуқлар соҳаси бўйича халқаро ва миллий экспертлар ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

    Давра суҳбати якунида экологик ҳуқуқларни ҳимоя қилиш мавзусини ёритиш борасидаги муваффақиятли амалиёт ва стратегиялар тақдим этилди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишга кўмаклашишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни самарадорлик билан амалиётга татбиқ этиш истиқболлари муҳокама этилди.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates