“Эл-юрт умиди” жамғармаси 2024 йилги 1-очиқ стипендия танловини эълон қилади!

    Хорижий давлатлар нуфузли университетлари ва илмий марказларида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш учун 500 ўринга мўлжалланган Жамғарманинг 2024 йилги 1-очиқ стипендия танловини эълон қилади!

    Мамлакатимизнинг инновацион салоҳиятини янада ривожлантиришни мақсад қилган, креатив фикрлайдиган ёшлар, истеъдодли профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва илмий тадқиқотчилар, педагоглар ва иқтисодиёт тармоқлари мутахассислари диққатига!

    “Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгашининг 2024 йил 21 июндаги 2-сон қарорга асосан хорижий давлатлар нуфузли университетлари ва илмий марказларида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш учун 500 ўринга мўлжалланган Жамғарманинг 2024 йилги 1-очиқ стипендия танловини эълон қилади!

    Мазкур стипендия танлови учун ўринлар ажратилишда бугунги кунда мамлакатимизда анча танқис ҳисоблаган мутахассисликлар бўйича, жумладан иқтисодиётнинг драйвер соҳаларга (энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, архитектура-қурилиш) STEM (илм-фан, технология, инженерия ва математика) фанларига ва бошқа устувор мутахассисликларга алоҳида эътибор қаратилди.

    “Эл-юрт умиди” жамғармаси 2024 йилги 1-очиқ стипендия танловида 500 ўрин 2024-2025 ўқув йилида хорижда таълим олиш учун энг нуфузли хорижий давлатларда:

    - бакалавриат таълим дастури учун 100 ўрин,

    - магистратура таълим дастури учун 250 ўрин,

    -докторантура таълим дастури учун 150 ўринга стипендиялар ажратишини маълум қилади.

    Агар Сиз юқори интеллектуал салоҳиятга эга, замонавий ва креатив фикрлайдиган, мамлакат иқтисодиёти ва илм-фанига инновацион ғоялар ва технологиялар олиб кириш ҳамда уни рақамли асосда қайта шакллантириш асносида ривожлантиришни ўз олдингизга мақсад қилиб қўйган бўлсангиз – бу имконият айнан Сиз учун!

    Стипендия танловига номзодлар ҳужжатларини қабул қилиш жорий йилнинг 25 июнидан 25 июлига қадар, республиканинг барча ҳудудлари вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда қабул қилинади.

    Номзодлар ҳужжатларни топшириш жараёнида бугунги кунда амалда бўлган хорижий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинганлиги ёки шартли қабул қилинганлиги тўғрисидаги таклифнома-хат (Lеttеr оf аccеptаncе ёки Lеttеr оf cоnditiоnаl аccеptаncе), нуфузли университетларда ўқиётган номзодлар хорижда таълим олаётганлигини тасдиқловчи маълумотномаларни юклашлари талаб этилади.

    Номзодлар томонидан тизимга юкланадиган хорижий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинганлиги ёки шартли қабул қилинганлиги тўғрисидаги таклифнома-хат (Lеttеr оf аccеptаncе ёки Lеttеr оf cоnditiоnаl аccеptаncе) ёки маълумотномаларда таълим олишни бошлаш даври ва таълим оладиган мутахассислик номи аниқ кўрсатилиши лозим.

    Номзодлар томонидан нуфузли университетлардан ўқиш харажатлари бўйича грантлар (чегирмалар) мавжуд бўлган тақдирда мазкур маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни юклашлари шарт.

    Бакалавриат дастурида иштирок этадиган номзодлар мактабни, лицей ва коллежни тугатганлигини тасдиқловчи аттестат ва дипломлар билан иштирок этишлари талаб этилади.

    Мазкур танловдан “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали, хорижда таълим олишнинг бошқа харажатлари меъёрлари каби, ўқиш харажатларининг ҳам энг юқори миқдори белгиланганлигига эътибор беришингизни сўраймиз.

    Саралаш танлови жараёнларини ўтказиш, жумладан номзодларнинг интеллектуал, таҳлил қилиш ва ижодий қобилиятлари даражасини аниқлашга қаратилган қўшимча тест синовлари ҳамда назарий билим ва амалий кўникмалари даражасини аниқлашга қаратилган давлат тилида суҳбат ўтказиш жорий йилнинг 25 июлдан 24 августга қадар давом этади.

    Танловга оид барча маълумотлар “Эл-юрт умиди” жамғармасининг www.eyuf.uz сайти орқали батафсил эълон қилиб борилади. Номзодлар учун барча зарур маълумотлар Жамғарманинг Онлайн ҳужжат топшириш платформасида батафсил ёритиб берилган: http://admission.eyuf.uz.

    Қўшимча саволларга жавобларни 998 71 203 00 47, 203 00 48, 203 00 51 телефон рақамларига ёки info@eyuf.uz.электрон почта манзили орқали олиш мумкин.

    Бугунги кунда 535 нафар стипендиатларимиз АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Япония, Испания, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг энг нуфузли таълим ва тадқиқот, инновация ва амалиёт масканларида таълим олмоқдалар.

    Эътибор беринг, (http://admission.eyuf.uz онлайн қабул платформаси 2024 йил 25 июндан бошлаб ҳужжатларни қабул қилишни бошлайди.