Ўз даврида ўлканинг йирик савдо, илм ва маданият маркази бўлган. 1219-1220 йилларда Чингизхон қўшинларига қарши курашда вайронага айланган ва яна қайтадан тикланган. Бу курашда Темур Малик кўрсатган жасорат ҳозиргача тилларда достон. Хўжанд забт этилгач, Темур Малик Хоразмга боради ва Жалолиддин Мангуберди билан биргаликда 1231 йилга қадар мўғулларга қарши курашади. Шунинг ўзиёқ бу юртда яшовчи аҳоли доимо қондош-жондош бўлгани, ҳамиша бир-бирини қўллаб-қувватлагани, душманга қарши биргаликда курашганини тасдиқлайди.
31 март куни бу шаҳарда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон етакчиси Эмомали Раҳмон ва Қирғиз Республикаси раҳбари Садир Жапаровнинг самимий учрашувини, тантаналарда иштирок этган одамларнинг юзи, кўзидаги қувончни кўрганимда хаёлимдан яқин ўтмишимиз ўтди.
Отам Ўзбекистоннинг Зомин туманида туғилган, мен Тожикистоннинг Хўжанд туманида дунёга келганман. Фарзандларим Тошкентда таваллуд топди. Отам мангу қўним топган макон Ўзбекистоннинг Боёвут туманида, онамнинг қабри Тожикистоннинг Шаҳристон туманида. Оилада ўн фарзанд эдик, бир укам ўн уч ёшида вафот этди, қолган тўққиз ўғил-қизнинг саккизтаси Ўзбекистоннинг турли туманларида яшайди, битта укам эса Тожикистонда ота-онамнинг чироғини ёқиб ўтирибди.
Бу биргина бизнинг оиламиз тарихи, тақдири билан боғлиқ ҳақиқатлар. Марказий Осиёда бизга ўхшаган оилалар, тақдирлар минглаб, ўн минглаб топилади. Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлашим лозим. Ўзбекнинг икки улуғ адиби — Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодиров Қозоғистон ва Тожикистонда туғилган. Бошқа мамлакатда туғилиб, бошқасида яшаб, ижод қилган ёзувчи, шоир, санъаткорларни юзлаб санаш мумкин.
Болалигим Тожикистонда ўтган. Ўша пайтда Ўратепа тумани ҳудудида жойлашган Қарабчи қишлоғимизда битта ҳам тожик оила яшамасди. Мактабда Ўзбекистон мактаблари учун чиқарилган дастур бўйича таълим олганмиз. Ҳатто тожик тили фан сифатида ўқитилмаган ҳам. Шу боис, Тожикистонда катта бўлсам-да, тожик тилини билмайман. Баъзан бизга мактабда тожик тилини ўргатишмаганидан афсусланаман. Ўргатишганда, яна битта бўлса-да, қўшимча тил билган бўлардим.
Тошкент телевидениесини кўриб катта бўлганмиз. Ўзбек ёзувчиларининг китоблари, Ўзбекистонда чиқадиган “Ғунча”, “Гулхан”, “Гулистон”, “Саодат”, “Фан ва турмуш” ҳамда Тожикистонда ўзбек тилида чоп этиладиган журнал ва газеталарни мутолаа қилиб улғайганмиз. Тожикистонда тожик тилида қандай газета ва журналлар, китоблар чиқишини билмаганмиз, уларни кўрмаганмиз ҳам.
Булар мақтанадиган гаплар ҳам, ўтмишни қўмсаш ҳам эмас, албатта. Замоннинг, даврнинг тақозоси, хатосидир, балки.
Минг йиллардан буён ёнма-ён, ака-ука, дўст-қадрдон, қуда-анда бўлиб яшаб келган халқлар, афсуски, мустақилликка эришгандан сўнг кўп ўтмай асрлар давомида очиқ турган дарвозаларини ёпди. Дунё давлатлари чегараларини очиб, интеграцияга интилаётган пайтда марказий осиёликлар бундай йўлни танлагани, виза жорий этгани тушунарсиз ҳол эди. Натижада ота у юртда, бола бу юртда қолди.
Отам 2016 йили Тошкентда вафот этди. Бемор бўлиб қолгач, даволатгани олиб келгандик, лекин тақдир экан... Тириклигида қишлоғимиздаги қабристонга, онамнинг ёнига қўйишимизни васият қилганди. Чегаралар ёпиқ, муносабатлар совуқ, чигал бўлгани учун Тожикистонга олиб ўтолмадик, Гулистон шаҳри яқинида жойлашган Қарабчи қишлоғидаги қабристонга қўйдик. Қишлоқда ота-онамнинг чироғини ёқиб ўтирган укам падари бузрукворини сўнгги йўлга кузата олмагани, охирги марта дийдорига тўймагани учун ҳозиргача афсусланади.
Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлгач, Ўзбекистондагина эмас, бутун Марказий Осиёда вазият бутунлай ўзгарди, ҳарорат илиқлашди. Чегаралар очилди, одамлар бемалол қариндош-уруғлариникига бориб кела бошлади. Ўғил бошқа давлатда яшайдиган ота-онаси, ака-синглисидан хабар оладиган бўлди. Авваллари телевидение каналларида ваҳима қилинганидек, ҳеч ким чегарадан қурол-яроғ, оғу олиб ўтаётгани йўқ. Ҳамманинг қўлида иссиқ нон. Оддий одамлар ўз тирикчилиги, ташвиши билан банд. Чегаралар очилганидан хурсанд, бошлари осмонда, икки давлат раҳбарларини дуо қилмоқда.
Аслида, ваҳима кўтарганларнинг ўзлари ўша пайтда кечалари чегараларни очиб, катта-катта машиналарда минглаб тонна контрабанда молларни икки давлат чегарасидан ўтказар, бунинг ортидан юз минглаб доллар фойда кўрарди. Улар чегаралар очилса, шу фойдадан қуруқ қолишидан қўрқиб, қурол олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланди, оғу олиб ўтмоқчи бўлганлар қўлга тушди, деган хабарлар тарқатарди, назаримда. Чегара ҳудудида яшовчи аҳоли билан гаплашиб кўринг, барини билади, айтади. Чунки нималар бўлганини улар ўз кўзлари билан кўрган.
Бир пайтлар Тожикистоннинг Қўрғонтепа даштларини ўзлаштириш учун Фарғона водийсидан, Ўзбекистондаги чўлларни ўзлаштириш учун Тожикистоннинг тоғли туманларидан бутун-бутун қишлоқлар кўчиб келган, кўчириб келтирилган. Улар шу юртда яшаб, шу юрт одамлари билан эл бўлиб кетган.
Тожикистондаги қишлоғимизнинг номи Қарабчи эди. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар совуқлашганда Гулистон деб ўзгартирилди. Бир пайтлар Мирзачўлни ўзлаштиргани келган ҳамқишлоқларимиз яшайдиган — Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳри биқинида жойлашган қишлоқнинг номи бугун Қарабчи. Шу қишлоқда вояга етган етти киши Сирдарё вилоятининг еттита туманига раҳбар бўлди. Қарабчиликлар барча каби Мирзачўлни ўзлаштириш, боғу бўстонга айлантиришда жонбозлик кўрсатди.
Хўжанддаги икки ва уч томонлама учрашувлар жуда самарали ўтди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳузурида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг кучга кириши ҳақидаги баённомани имзолади, ратификация ёрлиқлари алмашди. Энди икки давлат иттифоқчига айланди.
Давлатимиз раҳбарининг Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан учрашувида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожланиб бораётгани, товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 70 фоиз ошгани қайд этилди. Энергетика ва транспорт коммуникациялари соҳасидаги йирик минтақавий лойиҳалар, жумладан, Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилишини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Хўжанддаги учрашувларнинг энг муҳим воқеаси Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартноманинг имзолангани ҳамда уч давлат раҳбарларининг қўшма декларацияси қабул қилингани бўлди. Шунингдек, уч мамлакат давлат чегаралари туташган ҳудудда Дўстлик стеласи очилди. Ҳеч шубҳа йўқки, ушбу ёдгорлик қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг янги рамзига айланади.
Уч давлат раҳбарининг Хўжанддаги учрашуви, айтиш мумкинки, катта байрамга айланиб кетди. Чунки энди чегаралар бўйича низолар йўқ, энди бир давлат аскари иккинчи давлат ҳудуди томон ўқ отмайди.
— Бугун халқларимиз учун ҳақиқатан ҳам катта ва узоқ кутилган байрам. Биз уч давлат чегараларининг туташ нуқтаси ҳақидаги тарихий шартномани имзоладик. Бундан буён чегаралар — биродарлик чизиқлари, янги имкониятлар, бунёдкорлик ва ҳамкорлик маконидир, — деди Президентимиз тадбирда.
Давлатларимиз раҳбарларининг Хўжанддаги учрашуви халқларни, миллатларни, энг муҳими, дилларни бирлаштирган тадбир сифатида тарихдан жой олади, албатта.
Бекқул ЭГАМҚУЛОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист