Фармонга биноан, 2022 йил давомида энергетика соҳасига бозор механизмларини олиб киришнинг ҳуқуқий асослари яратилади.
Дастурда, энергетика соҳасига хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш ва эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол нормаларини киритиш кўзда тутилган.
Бу борада апрель ойига қадар президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Қарор лойиҳаси энергетика соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, барча иштирокчилар учун тенг имкониятлар яратиш ва нархларни шакллантиришнинг шаффоф механизмларини жорий қилишга қаратилади.
Электр энергияси таъминотида монополия бекор қилинади ва соҳага ижтимоий ҳимоя кафолатлари белгиланган ҳолда бозор механизмлари жорий этилади.
Бунда:
1. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг электр энергиясини «ягона харид қилувчи» функциясини магистраль электр тармоқларини эксплуатация қилиш функциясидан ажратиш орқали, ягона харид қилувчи функциясини бажарувчи алоҳида акциядорлик жамияти ташкил этилади;
2. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга хусусий операторларни жалб қилиш бўйича асосий талаблар белгиланади;
3. «Ўзбекгидроэнерго» АЖ кичик ва ўрта инвестиция лойиҳаларига хусусий инвесторларни жалб этади.
Юқоридагиларга мувофиқ: электр энергияси ва табиий газнинг рақобатли бозорини тартибга солувчи мустақил орган – регулятор, ягона харид қилувчи функциясини бажарувчи корхона ҳамда миллий диспетчерлик маркази ташкил этилади.
Давлат дастурига биноан, халқаро тажрибани ўрганган ҳолда 2022 йил апрелга қадар эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун энергия ресурслари бўйича ижтимоий истеъмол нормаларини киритиш бўйича ҳукуматга таклифлар киритилади.
Бундан ташқари, янги таҳрирдаги «Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси (2022 йил сентябргача) ва «Табиий газ тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси (2022 йил октябргача) ишлаб чиқилади; Магистраль электр тармоқлари кодекси (Grid Code)ни тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси (2022 йил июнгача) тайёрланади.
Шунингдек,
1. Тақсимловчи тармоқларни эксплуатация қилиш, истеъмолчиларни тармоққа улаш, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашни назарда тутган ҳолда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ўзида мужассамлаштирган Тақсимлаш тармоқлари қоидалари кодекси (Distribution Code)ни тасдиқлаш тўғрисида (2022 йил октябрь ойига қадар);
2. Электр энергетикаси бозор иштирокчилари фаолиятини тартибга солишни назарда тутувчи «Бозор қонун-қоидалари тўғрисида»ги ҳукумат қарорлари лойиҳалари (2022 йил октябргача) тайёрланади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.