Шу мақсадда олти ой давомида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи мутахассислари томонидан илмий-тадқиқот ишлари, халқаро инжиниринг компаниялари мутахассислари билан маслаҳатлашувлар олиб борилди.
Нефть шлами билан боғлиқ қандай муаммо мавжуд? Бу чиқинди тури бўлиб, нефть саноатида атмосфера ифлосланишига асосий таъсир этувчи омиллардан биридир.
Бундай нефть шламни йўқ қилиш бўйича кўпгина лойиҳалар айрим сабабларга кўра кутилган самарани бермайди. Улар орасида: нотўғри танланган ускуналар ва кимёвий моддалар (демулсификаторлар, флокулянтлар), қайта ишланадиган чиқиндиларнинг ҳолати ва бошқалар ҳақида билимнинг етарли эмаслигидир.
Илмий-тадқиқот ишлари олиб борилгандан сўнг Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида амалиётда қўллаш учун трикантер центрифуга асосида нефть шламини механик равишда ажратишнинг инновацион усули танланди.
Ушбу технология нефть шламини тижорат сифатли нефть, сув ва атроф-муҳитга зарар етказмайдиган қаттиқ фазага ажратиш орқали йўқ қилиш (утилизация) имконини беради. Шундай қилиб, атроф-муҳитга салбий таъсирни минималлаштириш натижасига эришилади.
Айни пайтда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи «Hebei GN Solids Control Co., Ltd» (ХХR) компанияси билан турли хил нефть шлами композицияларини қайта ишлаш тизимининг мобил версиясини тўлиқ ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Ушбу технологияни жорий этишнинг умумий қиймати тахминан 800 минг долларни ташкил этади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Муҳими, ушбу тизимнинг қуввати нафақат Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ҳосил бўлган нефть шламини, балки Республикамизнинг зарур бўлган исталган корхоналарида ҳосил бўладиган нефть шламларини ҳам қайта ишлаш имконини беради.