Эрон: зилзила оқибатида икки киши ҳаётдан кўз юмди, камида 50 киши жабрланди

    Хуросон-Разавий вилоятида содир бўлган 5 магнитудали зилзила оқибатида камида 50 киши жабрланди. Бу ҳақда Tasnim агентлиги хабар берди.

    Унга кўра, вилоятнинг бир қанча аҳоли пунктларида тинч аҳоли ҳамон вайроналар остида қолмоқда, тезкор гуруҳлар уларни қутқариш ишларини олиб боряпти.

    Кашмер шаҳри мэрининг баёноти асосида IRNA ахборот агентлиги шаҳардаги бинолардан бирида юз берган ўпирилиш оқибатида камида икки киши ҳаётдан кўз юмганини хабар қилди. Ўз навбатида, Эрон Қизил Ярим Ой Жамиятининг Хуросон-Разавий вилоятидаги директори фавқулодда вазиятлар ҳудудига 15 қутқарув гуруҳи юборилгани, ҳудуддаги фавқулодда хизматлар бўлинмалари эса тўлиқ шай ҳолатга келтирилганини маълум қилди.

    Аввалроқ Европа-Ўртаер денгизи сейсмология маркази Хуросон-Разавий вилоятида 4,9 магнитудали зилзила содир бўлгани ҳақида хабар берган эди. Унга кўра, ер силкинишларининг ўчоғи аҳолиси 96,1 минг кишига яқин бўлган Кашмер шаҳридан 3 километр шимоли-ғарбда, 10 километр чуқурликда жойлашган, деб хабар беради tass.ru.