Эзгу ният йўлидаги қутлуғ қадамлар

    Наманганда янги 11 та ихтисослаштирилган мактаб 4 минг 600 нафардан зиёд билимдон ўқувчи билан тўлиқ фаолиятини бошлади.

    Ҳар биримиз Янги Ўзбекистонни бунёд этаётган ижодкор ва қудратли халқимиз сафида фаол ҳаракатдамиз. 2022-2023 ўқув йилини муваффақиятли бошладик. Айниқса, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ишларнинг масъулияти ва қамрови янада ортган. Чунки янги даврнинг янги ўқув масканлари педагогик жамоалари зиммасидаги вазифалар ғоят муҳим.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак.

    Юқоридаги сўзлар бундан қарийб икки йил муқаддам айтилган бўлса-да, орадан ўтган қисқа вақт ичида бу борада дадил қадамлар ташланмоқда. Аввалроқ, яъни 2017 йилдан барча вилоятларда биттадан иқтидорли болаларни бағрига олган ижод мактаблари очилганди.

    Сўнгра бирин-кетин улар ёнига Президент мактаблари қўшилди. Маълумки, 2022 йил 14 апрелда давлатимиз раҳбарининг “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги 106-сонли фармони эълон қилинди.

    Мақсад ихтисослашган мактаблар ташкил этишга ягона ёндошувни шакллантириш, мазкур мактаблар тармоғини кенгайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда таълим жараёнига малакали педагог кадрларни жалб қилиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш тизимини такомиллаштиришдан иборат эди.

    Фармонга мувофиқ вилоятимизда 10 та ихтисослаштирилган мактаб ва 1 та мактаб-интернат 4 минг 600 нафардан зиёд ўқувчи билан фаолиятга киришди. Уларда фаолият юритадиган 429 нафар педагоглар уч босқичли танлов асосида саралаб олинди. Янги ўқув йилидаги янги муассасаларда ташкилий ишлар қизғин давом этмоқда.

    Шу йўналишдаги режаларни амалий натижага айлантириш учун вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан етарлича кўмак берилмоқда. Яъни бинолар билан таъминлаш ҳамда уларни таъмирлаш, жиҳозлаш доимий диққат-эътибордаги масала. Таъкидлаш жоиз, 11 та ихтисослаштирилган мактаб эшикларини ўқитувчи ва ўқувчиларга кенг очиб қўйилди. Октябрь ойи якунигача қолганларида ҳам таълим-тарбия жараёнларига тўлиқ ўтилади.

    Шу ўринда савол туғилади. Хўш, ихтисослаштирилган мактабларнинг оддий умумий ўрта таълим мактабларидан қандай афзаллик жиҳатлари бор? Бунга вилоятда биринчилардан бўлиб фаолиятга киришган Учқўрғон туманидаги билим даргоҳимиз мисолида жавоб қайтаришимиз кифоя, деб ўйлаймиз.

    Уч қаватли бинода 336 нафар ўғил-қиз фан асосларини ўзлаштирмоқда. Юксак талаблар доирасида жиҳозланган ўқув хоналаридан ташқари ошхона, алоҳида лаборатория, спорт ҳамда тадбирлар залигача жамоа ихтиёрида. Муассасамиз аниқ фанларга ихтисослаштирилган. Математика, физика, информатика, инглиз тили ва Ўзбекистон тарихи фанларидан чуқурлаштирилган дастурда машғулотлар олиб борилади.

    Бу ерда ўқиётган билимдон болалар 2 минг нафардан зиёд ўқувчилар орасидан сараланган. Китобга бой кутубхонада фақат босма эмас, электрон дарслик ва қўлланмаларнинг нусхаларигача мавжуд. Дарс жараёнлари халқаро экспертлар яратган ўқув-услубий адабиётлар асосида йўлга қўйилмоқда.

    Агентлигимиз тизимига қарашли Ибрат номидаги ижод мактаби ва Президент мактаби битирувчилари айни пайтга қадар нафақат мамлакат, балки халқаро рейтингларда, кўрик-танловларда юқори кўрсаткичларни қўлга киритишаётгани фахрли, албатта. Улар IELTS CEFR, TESOL сертификатлари соҳиби сифатида Ўзбекистоннинг ва дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олишяпти.

    Хусусан, хорижий давлат ОТМлари гранти эгалари сафи тобора ошаяётгани уларга давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликларнинг қувончли самараларидир. Ишончимиз комилки, эзгу ниятли ёшларимиз Янги Ўзбекистон тараққиёти учун бор билим ва куч-қувватини аямай сарфлайдиган, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга доимо фаол ҳисса қўшадиган Ватаннинг муносиб фарзандлари бўлиб камол топишади.

    Ойбек ЗОКИРОВ,
    Президент таълим муассасалари агентлиги
    Наманган вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates