Қиймати 29 минг долларга тенг юқори технологияли лаборатория ускуналари «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчиликка мойил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) ҳудудий лойиҳасини амалга ошириш доирасида тақдим этилди.
«Тупроқсифаттаҳлил» ташкилотида суғориладиган ерларнинг сифатини баҳолаш, тупроқ унумдорлиги ва экологик ҳолатини мониторинг қилиш ишлари олиб бориляпти. Бу ерда республика тупроқ қопламининг ахборот базаси шакллантирилиб, тупроқ шўрланиши ва уларнинг озуқа моддалари билан таъминланиши картограммалари тузилади. Корхона мутахассислари шўрланган ва деградацияга учраган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади.
— Ускуна тупроқнинг кимёвий таркиби ва сифатини юқори аниқлик ва максимал тезликда аниқлаш имконини беради, — дейди CACILM-2 лойиҳасининг Ўзбекистондаги миллий координатори Муҳаммаджон Қосимов. — Тупроқларнинг кимёвий таркибини таҳлил қилиш рекультивация усулларини танлаш ва мос ўғитларни саралаб олиш, ерларнинг кимёвий ифлосланиш манбаларини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот учун: Қишлоқ хўжалиги ерлари деградациясининг олдини олишга, қурғоқчил ва шўрланган ҳудудларда тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишга қаратилган технологияларни қўллашда кўмак кўрсатиш CACILM-2 лойиҳасининг муҳим вазифаларидан биридир.
Минтақавий лойиҳа Глобал экология фонди (GEF) томонидан молиялаштирилади ва FAO томонидан 2018 йилдан буён Ўзбекистонда, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркияда амалга оширилиб келяпти. Табиий ресурсларни комплекс бошқаришни жорий этишда халқаро ҳамкорлик асосий ўрин тутади. Лойиҳа доирасида фермерларни ўқитиш, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва илмий муассасалар мутахассисларининг малакасини ошириш ишлари олиб бориляпти.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати FAO нинг мазкур лойиҳасиниамалга оширишда Ўзбекистондаги миллий ҳамкорларидир, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.