Бу ҳақда Х (аввалги Twitter) “Бўйсунмайдиган Франция” партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Матильда Пано хабар берди.
“Миллий ассамблея бюроси ҳозиргина кўпчилик овоз билан Республика Президентининг истеъфоси тўғрисидаги резолюцияни қабул қилинишининг мақбул экани ҳақида қарор қабул қилди”, деб ёзади у ва бу ҳаракатни мамлакат учун “мисли кўрилмаган” деб атади.
Унинг қўшимча қилишича, эндиликда қарор матни Қонунчилик масалалари қўмитасига муҳокама учун юборилади. Матильда Пано, шунингдек, 21 сентябрь куни Эммануэль Макрон сиёсатига қарши ва унинг истеъфоси учун оммавий намойиш ўтказилишини эълон қилди.
Қарор 31 август куни Миллий ассамблея бюросига тақдим этилган. Бу мамлакат конституциясининг 68-моддасига мувофиқ Эммануэль Макронни ҳокимиятдан четлатиш тартибини ишга туширишни ўз ичига олади, бу эса у ўз вазифаларини бажармаган тақдирда бундай сценарийга рухсат беради. Бу парламент томонидан қабул қилинган қонунларни тасдиқлашдан бош тортишга ҳам тегишли.
Қарорни тасдиқлаш учун Миллий ассамблея депутатларининг учдан икки қисми унга овоз бериши керак. Кейин лойиҳа парламент Сенатига (юқори палатаси) тақдим этилади. Ҳар икки палата ҳужжатни қўллаб-қувватласа, депутатлар ва сенаторлар қўшма мажлисга йиғилиши керак. Импичмент учун резолюцияни икки палатанинг 925 аъзосидан камида 617 нафари қўллаб-қувватлаши керак, деб хабар беради tass.ru.