Тадбирда Ўзбекистон ва Туркиянинг Турк дунёси билан муносабатларни яхшилаш истаги, икки мамлакат раҳбарларининг учрашувлари самаралари, туркий тилли давлатлар медиа ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб туриши, ҳамкороликда турли соҳаларда эришилган ютуқлар ҳақида сўз юритилди.
— Ушбу келишувда журналистларнинг тажриба алмашишини таъминлаш, ОАВларининг ўзаро алоқаларини йўлга қўйиш, томонларнинг ҳамкорликда медиа тадбирлар ташкил этиш каби масалалар ҳам белгиланган, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов.
Маълумот учун, Турк дунёси журналистлар федерацияси (Türk dünyasi gazeteciler federasyonu) нодавлат ташкилоти бўлиб, 2014 йилда Анқарада ташкил этилган. Федерация журналистларни касбий фаолияти бўйича медиаоламда бирлаштириш билан бирга, маданият, санъат ва кино соҳалари ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда, дунёнинг кўплаб давлатлари журналистлар ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйгани ҳам эътирофга молик.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Умумхитой Журналистлар ассоциацияси ўртасида 2023 йил 15 июнда тузилган ҳамкорлик келишуви ижроси доирасида, Уюшма саъй-ҳаракати билан инглиз тилини яхши биладиган, Уюшма аъзоси бўлган уч нафар ёш журналист жорий йилнинг 11-25 октябрь кунлари Хитойда ўтказилаётган ўқув-семинар машғулотларида иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан бу борадаги ишлар давом эттирилади.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Ахборот хизмати