Ҳар соҳада ибрат бўладиган ёшлар кўплигидан қувонамиз

    Юртимизда маррани баланд олиб, мамлакатимиз равнақи йўлида интилаётган ёшлар кўп. Улардан бири ҳақида Ўзбекистон журналистлари уюшмаси аъзоси Адҳам Мир Саид ҳикоя қилади.

    “Азму шижоатли ёшларимиз – Янги Ўзбекистон бунёдкорларидир”.

    Жорий йил Ёшлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанадаги Президентимиз нутқида қатъий ишонч билан зуҳур этилган бу фикр юрагимда азму шижоатли, билимли, ишбилармон, она Ватан ва она халқ учун фидойилик кўрсатадагина ёшларнинг ҳайратомуз ишлари ҳақида қалам тебратиш иштиёқини жўштириб юборди.

    Қўқон шаҳрида туғилиб, камолга етган ёш тадбиркор, фаол жамоатчи Рустамжон Ҳусанов ана шундай шижоатли ёшлардан бири. У ўрта мактабни аъло баҳолар, намунали хулқ билан тамомлагач Қўқон давлат педагогика институтида таҳсил олди. Дастлаб бакалавриат, сўнг магистратурада ўқиди.

    2021 йил Республика ёшлари форумида Президентимиз билан учрашиб, юзма-юз суҳбатлашиш бахтига эришганидан беҳад руҳланиб, шундай деди:

    – Давлатимиз раҳбарининг биз каби ёшларга катта эътибор кўрсатиб, режаларимизни амалга оширишимиз учун имкониятлар яратиб бераётганидан қалбим фахру ифтихорга тўлди. Она Ватанимиз равнақи ва халқимиз ҳаётининг янада фаровонлиги йўлида астойдил хизмат қилишга бел боғладим.

    Ўзбекистон мустақиллигининг 25 ҳамда 30 йиллиги муносабати билан кўкрак нишони билан тақдирланган фаол йигит институтдаги ўқишини тугаллаши билан шаҳар ҳокимлиги уни шаҳар Ахборот-кутубхона марказига раҳбар этиб тайинлади. Ўша кундан китобхонларга қулайликлар яратиш, китоб фондини янги адабиётлар билан бойитиш, китобларнинг ўзбек, рус ва инглиз тилларида бўлишини таминлаш кабилар бўйича кўп ва хўп ишлар бажарилди. Бугунги кунда шаҳар Ахборот-кутубхона маркази фондида 86600 дан зиёд турли соҳа ва тиллардаги китоблар мавжуд. Кутубхонадан доимий фойдаланувчилар сони эса ўн икки мингдан ошди. Сарвара Нажмиддинова, Рухшона Маматхонова, Азизахон Усмоновалар энг фаол китобхонлар саналади.

    – Рустамжонни кўп ёшларга ибрат қилиб кўрсатсак арзийди, – дейди Қўқон шаҳар ҳркимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Анваржон Алиев. – У кўплаб истиқболли лойиҳалар муаллифи сифатида давлат грантлари ғолиби ҳамдир. Унинг қалбида юртдошларимизга меҳр-мурувват кўрсатиш иштиёқи жўш уриб туради. Рустамжон кўп савобли ишларга қўл ураётир.

    Эътиборлиси, Р.Ҳусанов 2021 йили Фарғона вилояти Адлия бошқармаси рўйхатидан ўтиб, тегишли гувоҳнома асосида “Меҳр-мурувват” марказини ташкил этди. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга қатлами вакилларининг тадбиркорлик ва оилавий бизнесини ривожлантиришга кўмаклашмоқда, боқимандаликни камайтириш мақсадида ишсизларни иш билан таъминлашга эришмоқда.

    Марказ 2021 йили "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати томонидан энг фаол нодавлат нотижорат ташкилотлар қаторида эътироф этилди. Шунингдек, "2021 йил – пандемия даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашда давлат органларига кўмаклашувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари" танловининг ғолиби бўлди.

    – Мана, икки йилдирки, Данғара туманидаги Қизилмушт қишлоғида замонавий лойиҳа асосида 20 хонадонга мўлжалланган беш қаватли турар-жой биноси қурилишини олиб боряпмиз, – дейди Р.Ҳусанов. – Айни кунларда 5-қават қурилиши кетяпти. Мақсадимиз – уйни йил охирига қадар уй-жойсиз, ижарама-ижара сарсон юрган юртдошларимизга топшириш. Бино учун шу кунгача 798 миллион 330 минг сўм хайрия ва ҳомийлик маблағлари сарфланди.

    Истардикки, юртимизда Рустамжон каби қадриятларни қадрлайдиган, билимли ва хайр-саховатли ёшлар сафи кенгайиб бораверсин. Чунки жонажон Ватанимиз келажаги, Президентимиз таъкидлаганидек, азму шижоатли, билимдон ва ғайратли ёшларга боғлиқ.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates