Икки эл риштасин боғлаган ватандошлар “Сиэтл — Тошкент” биродар шаҳарлар уюшмаси ташкил топганига 50 йил тўлди

    Сиэтл ва Тошкент Ер сайёрасининг қарама-қарши томонида жойлашган биродар шаҳарлар. Самолётда борилса, бу икки шаҳар ораси 12 соатлик масофа. У ерда Наврўз айёми тонгида чалинган карнай-сурнай садолари ватандошларимиз юрагини тўлқинлантириб юборди.

    Дошқозонда пишай деб қолган сумалакнинг болаликдан таниш хушбўй ҳидини туйган Фазлиддин Шамсиев беихтиёр умрининг беғубор дамларига қайтгандек бўлди. У Сиэтлдаги Ўзбек маҳалласи раиси, Сиэтл — Тошкент биродарлик шаҳарлари уюшмаси президенти, “Дўстлик” ордени соҳиби. Беихтиёр кўҳна Тошкентнинг файзли кўчалари, томсувоқ уйлар томидаги лолақизғалдоқлар, тўлқинланиб оққан анҳор, бойчечагу ялпизларни кўзга сурган момоларнинг нурли чеҳраси кўз ўнгида жонланди.

    — Фазлиддин оға! Сенинг қандай ажойиб халқинг, ўлмас ва ранг-баранг удумларинг бор-а?! Ошнинг гуручини солаверайликми? Жуда хаёлга толибсан, биринчи муҳаббатинг ёдингга тушдими, дейман...

    Қўқон дўппини бошига қўндириб олган “Сиэтл — Тошкент” биродар шаҳарлари уюшмасининг собиқ президенти Дэн Петерсон шу гапларни соф ўзбекча айтар экан, ўйга толган Фазлиддин аканинг елкасига чапани ошналардек уриб қўйди. Бу самимиятдан атрофдагилар ҳам яйраб кетди.

    Эзгу ниятлардан пишган сумалак тоти ёхуд Наврўз америкаликларнинг ҳам севимли айёмига айланди

    — Бундан беш йил муқаддам ҳам ана шундай катта дошқозонда сумалак қайнаган, ош дамланган эди, — дея гап бошлайди Фазлиддин ака. — Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокимияти делегацияси ушбу икки шаҳар ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилганининг 45 йиллиги ҳамда Наврўз байрамини нишонлашга бағишланган тадбирларда иштирок этиш учун АҚШга ташриф буюрганди. Тантаналарда 400 дан ортиқ киши, хусусан, Сиэтл маъмурияти, “Тошкент — Сиэтл” биродар шаҳарлар ассоциацияси, Вашингтон университети, ўзбек диаспораси ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этган.

    2018 йилда нишонланган ўша Наврўз байрами шукуҳини америкалик ватандошларимиз чиндан ҳам соғинч билан тилга олади. Байрам тадбирлари доирасида ўзбек санъаткорлари томонидан маданий дастурлар, миллий либослар кўргазмаси ҳамда Ўзбекистон билан боғлиқ фото материаллар намойиши бўлиб ўтган эди. Айниқса, делегация вакилларининг Сиэтл шаҳрида истиқомат қилаётган юртдошларимиз билан бўлган учрашувлари жуда қизғин ўтган. Жумладан, йирик компаниялар мутахассислари билан биргаликда юртимиздаги компьютер дастурчилар учун малака ошириш курслари ва семинарлар имкониятлари ҳам муҳокама қилинган эди. Республика Ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар кенгаши томонидан сентябрь ойида хорижлик ватандошларимизга 1000 дан ортиқ ўқув ва бадиий адабиёт тақдим этилди.

    Юрагим кафтида бир сиқим тупроқ

    Ниҳоят, шоҳона безатилган Наврўз байрами дастурхони атрофига меҳмонлар кела бошлади. Америкалик ватандошимиз Зикриё Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг Вашингтон университети профессори Ильза Сиртаутасга бағишлаб ёзган шеърини ёдга олди. Сўнгра кўзида ёш билан шоирнинг она юрт тупроғини улуғлаб тараннум этган яна бир шеърини ўқий бошлади:

    Кекса қарағайнинг илдизин очиб,

    Тортдилар қўш арқон солиб белидан.

    Лекин у тупроққа панжасин санчиб,

    Сира қўзғалмасди унган еридан…

    Ниҳоят, гурс этиб ерга қулади,

    Бутаб, сўнг кўтариб кетдилар, бироқ —

    У ўз панжасида олиб жўнади

    Яшаган еридан бир сиқим тупроқ.

    Узоқ йиллардан буён она юртдан олисда умргузаронлик қилиб келаётган ватандошларимиз ўзбек халқининг меҳру оқибатга чорлагувчи анъана ва қадриятлари ҳақида суҳбатга киришиб кетди.

    — Она Ватан туйғусидан, дўстлар дийдоридан, узоқ ўлкада қулоғингга чалиниб турган она тилинг оҳангидан ортиқ завқ борми? — дея гап бошлади Оллоёр ота. — Орқангда тоғдай бўлиб халқинг турганига не етсин. Халқига суянган одам ҳеч қачон йиқилмайди. Қаерга бормайлик, она юрт соғинчи, меҳрини юрагимиз кафтида олиб юрдик.

    Илк тамал тоши қандай қўйилган?

    “Сиэтл — Тошкент” биродар шаҳарлар уюшмаси не-не фидойи инсонлар изланишлари ва меҳнати эвазига пайдо бўлган. Келинг, шу ўринда тарихга назар солайлик...

    — 1956 йил 11 сентябрь куни Оқ уйда “Биродарлашган шаҳарлар алоқаларини шакллантириш тўғрисида” деб номланган конференция ўтказилган, — дейди Биродар шаҳарлар уюшмаси 50 йиллиги олдидан тайёрланаётган китоб муаллифларидан бири Дэн Петерсон. — Унда АҚШ Президенти Дуайт Эйзенхауэр нутқ сўзлаб, “Бизни икки буюк мақсад, ишонч бирлаштириб туради. Биринчиси, эркинлигимизнинг асосий таянчиси сифатида мустаҳкам маҳаллий бошқарув тизимларимизга бўлган ишончимиздир. Иккинчиси, дунё тинчлигининг фундаментини барпо этишда халқлар ва биродарлик шаҳарлар алоқаларининг ривожидаги фаолиятга бўлган ишончимиздир!” деган эди.

    1971 йил сентябрь ойида Сиэтл мэри таклиф қилинган Тошкент, Иркутск ва Сочи шаҳарлари раҳбарлари билан учрашади. Тижорат ташкилоти саъй-ҳаракатлари, бизнес имкониятлари фуқароларни қандай қилиб бирлаштириш мумкинлигининг исботи эди бу. Alaska Airlines ўша пайтда АҚШ ва Совет Иттифоқи ўртасида тижорат хизматини очган биринчи авиакомпания эди. Унинг ўша пайтдаги бош директори Чарлз Виллис 1973 йил март ойида “Siettle times” газетасида ёзган мақоласида сай­ёҳлик рейсларида “Эзгу ният ва халқаро тушуниш миссияси” муҳимлигини таъкидлайди.

    Ўзбек тилида ўтказилган кенгаш тарихи

    Вақтлар ўтгани сайин икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ алоқалари ҳам ривожланди. “Boing” авиакомпаниясининг халқаро лойиҳалар бўйича вице-президенти Кеннет Лооплоу дўстликни ривожлантириш, бизнес юритишдан икки томон ҳам манфаатдор бўлишини таъкидлади.

    Мазкур биродар шаҳарлар ўртасидаги тарихий аҳамиятга эга дастлабки қадамлар бошланди. Бу тарихий воқеалар 1972 йил 16 декабрда “Правда Востока” газетаси ва ТАСС томонидан кенг ёритилган.

    “Вашингтон штати пойтахти Сиэтл ва Ўзбекистон пойтахти Тошкент биродар шаҳарларга айланди”, деди шаҳар мэри В. Ульман ТАСС мухбирига. Булар Совет ва Америка шаҳарлари орасида дўстона алоқалар ўрнатган биринчи шаҳарлардир. Сиэтл мэри Ўзбекистонга йўллаган мактубига жавобан Тошкент шаҳар кенгашидан дўстона мактуб олганини, унда бундай алоқаларнинг ўрнатилиши халқлар ўртасидаги ўзаро тушуниш ва ҳурматнинг янги даври сари қадам бўлишига ишонч билдирилганини таъкидлаб ўтди.

    1972 йилда Вашингтон университети профессори Ильза Cиртаутас Тошкентда илмий тадқиқот олиб бораётган эди. Ўзбекистон Дўстлик жамияти уни навбатдаги йиғилишда иштирок этишга таклиф қилади. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бўлмаган ўша замонларда бу дўстлик ташкилоти Республикамиз учун жуда муҳим аҳамиятга эга эди. Профессор И.Сиртаутас мазкур анжуман ҳақида шундай ёзган эди: “Учрашувда Дўстлик жамияти вице-президенти билан бирга бир қанча ўрта ёшли ўзбек жаноблари ҳам иштирок этди. Муҳокама тўлиқ ўзбек тилида бўлди. Вице-президент: “Сиэтл ва Тошкентни биродар шаҳарлар сифатида бирлаштириб бўлмайдими?” деб ўзбекча мурожаат қилганида ҳайратда қолдим. Чунки ўша даврда барча йиғилишлар ва муҳокамалар рус тилида олиб борилар эди”.

    Октябрь ойининг бошларида профессор АҚШга қайтиб келганида шаҳар мэрининг Тошкент Сиэтл билан биродар шаҳар бўлишга рози экани ҳақида хабарни эшитади. Ўша куниёқ у шаҳар мэри билан учрашди. Профессор Тошкентдаги илмий тадқиқотлари, ажойиб одамлар ва Дўстлик жамиятининг қизиқишлари ҳақида гапириб беради. Чунки дўстлик таклифининг Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватланиши жуда муҳим ҳодиса эди.

    Жаноб В.Ульман 1973 йил январь ойида биродар шаҳар алоқаларини шакллантирувчи ҳужжатларни имзолади. У “Сиэтл — Тошкент” қўшма қўмитасини ташкил этиб, биринчи аъзоликка профессор И.Сиртаутасни қабул қилди, қўмита раиси этиб эса тадбиркор Хю Смитни тайинлади. Йиллар давомида қўмита номи бир неча бор ўзгарган. Ниҳоят, “Сиэтл — Тошкент” биродар шаҳарлар уюшмаси деб атала бошлади.

    Рақслар қанотида юксалган самимият шуъласи

    1974 йил Сиэтл шаҳри марказида “Тошкент боғи” ташкил этилган. Ушбу боғда Ўзбекистоннинг бир бўлаги, бир парчаси гавдаланди, десак адашмаган бўламиз. Айни муносабат ва эътиборга жавобан 1988 йил Тошкент шаҳрида ҳам “Сиэтл боғи” қад ростлади. Сиэтл дунёнинг 21 шаҳри билан биродарлик алоқаларига эга. Унинг сўлим маҳалласида жойлашган “Тошкент боғи”га ҳам ватандошларимиз қалби тўла соғинч ва муҳаббат билан келади.

    — 2019 йилда Эмика хоним Накамуре таклифига биноан Сиэтлга келган эдим, — дейди таниқли раққоса, санъатшунос Нурхон Зуллинова. — У ҳатто Хоразм, Бухоро, Фарғона рақс йўналишлари бўйича ҳам дарс бера олади. “Евроосиё” виртуал академияси Эмика хоним раҳбарлигида ранг-баранг рақслар гулдастасини саҳналаштириб, намойиш қилаётгани таҳсинга сазовор. Япониялик, канадалик раққосалар ижро этган ўзбек рақсларини бир кўрсангиз эди...

    Дарҳақиқат, икки эл ўртасидаги ришталарни санъат ва маданият алмашинуви орқали боғлаш завқли ва самаралидир. Айниқса, бутун Қўшма Штатлар бўйлаб ўзбек санъатини тарғиб қилаётган санъаткорлар — Лорел Виктория Грей ва Эмико Накамура хизматлари алоҳида таҳсинга лойиқ.

    — Лорел Виктория Грей санъати Ўзбекистон билан маданий алоқаларимизда муҳим ўрин тутади, — дейди “Сиэтл — Тошкент” биродар шаҳарлар уюшмаси вице-президенти Шоҳида Исмоилова. — Бу ҳамкорлик узоқ тарихга эга. Грей хоним Ўзбекистонга илк бор 1973 йили келганда ўзбек рақсларига шайдо бўлган ва уларни астойдил ўрганишга аҳд қилганди. У 1979 йил Вашингтон университетида ўқиётганда Қизлархон Дўстмуҳаммедова ва Ўзбекистоннинг “Баҳор” ансамбли аъзолари билан танишади. Уларнинг Сиэтлдаги концерти Лорелни ҳайратга солди ва у ўзбек рақс маданиятига мафтун бўлиб қолди.

    Қизлархон Дўстмуҳаммедова Грей хонимдаги шижоат ва меҳрни кўриб, уни шогирдликка жон деб қабул қилди. Устоз-шогирднинг бу самимий муносабатлари, албатта, Сиэтл — Тошкент маданий алоқалари туфайли янада ривожланди.

    “Евроосиё” академияси ансамбли бадиий раҳбари Эмико Накамура ҳам маҳоратли раққоса. Қирқ йилдирки, Сиэтлда Марказий Осиё халқлари рақсларини, хусусан, ўзбек маданиятини тарғиб қилиб келади. Японияда туғилиб ўсган ва кейинчалик АҚШга кўчиб келган Эмико уч ёшидан рақсга туша бошлаган. Онаси япон классикаси ва халқ рақслари ўқитувчиси, отаси эса қўшиқчи ва ёшлар театрининг актёри эди.

    Вашингтон университети профессори Ильза Сиртаутас Эмикога кўп имкониятлар яратиб берди, жумладан, Тошкентдаги “Баҳор” давлат рақс ансамблида таҳсил олиш, Тошкент давлат университетида тил ўрганиш курсларида қатнашиш ва таниқли ўзбек раққосалари билан рақсга тушишга ёрдам берди.

    — Дастлабки машғулотларданоқ Эмико Ўзбекистон телевидениесида чиқиш қилганди. Бу ўша пайтда ўзига хос маданий сенсацияга айланди, — дейди “Сиэтл —Тошкент” биродар шаҳарлар ассоциацияси ҳамраиси Шошана Биллик. — Накамуре хонимни оддий деҳқонлардан тортиб такси ҳайдовчиларгача таниб қолганди. Телевизорда, радиода ва газеталарда раққосанинг маҳорати ва Ўзбекистонга бўлган муҳаббати ҳақида тўлиб-тошиб гапиришган. Ҳатто Эмико Накамуре Навоий номидаги опера ва балет театрида, “Халқлар дўстлиги” концерт саройида ва Тошкентдаги нуфузли байрам тадбирларида ҳам иштирок этиб, эл олқишига сазовор бўлди.

    2020 йилда Эмико Накамуре Марказий Осиё рақсларига, ўзбек маданиятига бўлган эҳтироми, кўплаб талабаларни тайёрлашда кўрсатган хизмати ва юксак маҳорати учун “Гордон Эквалл” хотира мукофоти билан тақдирланган.

    Туркий тиллар учун жон куйдирган икки профессор

    400 дан ортиқ нашр муаллифи, профессор Николас Поппе Вашингтон университетининг туркий ва олтой тиллари бўйича таниқли олими. 1968 йилда Вашингтон университети билан Марказий Осиёдаги, Тошкентдаги университетлар ўртасида академик китоб алмашинуви бўйича расмий шартнома тузган. Бу борадаги дастлабки мулоқотлар “Сиэтл — Тошкент” биродар шаҳарлар уюшмаси асосчиси ва Вашингтон университетининг профессори Ильза Сиртаутас каби олималарга кенг йўл очиб берди.

    1989 йилда профессор И.Сиртаутас Вашингтон университетида “Марказий Осиё тиллари ва маданияти” ёзги дастурини яратди. Ушбу дастур доирасида кўплаб ўзбек шоир ва ёзувчиларини маҳаллий талабаларга дарс бериш учун таклиф қилди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ушбу дастур ҳақида шундай эслайди: “Америкалик ўқувчиларнинг ўзбек тилини ўрганишга қизиқиши мени ҳайратда қолдирди. Чунки Совет даврида Ўзбекистонда яшаган руслар ҳам ўзбек тилини ўрганишга қизиқмас, бунга муҳтож эмасликларини айтарди. Америкалик талабаларга тилимиз ва маданиятимиз бойлигини ўрганишлари учун кўмаклашиш менга жуда маъқул бўлган”.

    Тинчлик машъаласи умумий мақсадимиз ва тилагимиздир!

    — Бу сафар самолётдан тушганимда бугунги Тошкентни умуман таний олмадим, — дейди Фазлиддин Шамсиев. — Америкада яшасак-да, ҳамиша юртимизда кечаётган барча ўзгаришларни кузатиб турамиз. Ўзбекистон пойтахти 2016 йилдан катта ислоҳотлар майдонига айланди. Бу ўзгаришлар шамоли жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам алоҳида ­эътироф этилмоқда. Айниқса, тадбиркорлик ва қурилиш-шаҳарсозликни ривожлантириш бўйича очиқ эшиклар сиёсати татбиқ қилинмоқда. Йирик иншоотлар қурилиши билан бирга “Сеҳрли шаҳар”, “Ашхобод”, “Дўстлик” боғлари барпо этилди. Катта имкониятларга эга янги меҳмонхона тармоқларини ривожлантириш ва қуриш хорижий сайёҳлар оқимининг ошишига олиб келди.

    Наврўз тантанасига ташриф буюрган суҳбатдошларимиздан бири — “Сиэтл — Тошкент” биродарлик шаҳарлар уюшмаси аъзоси Шарлотта Чайс эса сўнгги йилларда пойтахтда кўплаб замонавий турар жойлар қад кўтаргани, янги магистрал йўллар ва метро бекатлари бунёд этилганини алоҳида айтиб ўтди. Шунингдек, ватандошларимиз томонидан Ўзбекистон фуқароларининг хорижга кўп миграцияси, чет эл тажрибасининг интеграциялашуви ва ўрганилиши банк хизматлари ва давлат хизматларининг турли йўналишлари ривожига кўмаклашгани ҳам таъкидлаб ўтилди. Эндиликда улар Америка ва Европанинг илғор давлатларидаги хизмат турларидан асло қолишмаётгани, таниқли хорижий банклар филиаллари кўпайиб бораётгани ҳам суҳбат асносида айтиб ўтилди.

    Хўш, бугунги Сиэтл-чи? У айни пайтда қайси жиҳатлари билан дунё ҳамжамияти эътиборини тортмоқда?

    — Сиэтл ўз компаниялари орқали дунёга технологик дастурий таъминот, деярли барча дунё авиакомпанияларига самолёт ва ҳамма жойда тиббий инновацияларни экспорт қилади, — дейди Дэн Петерсон. — Айни пайтда Сиэтл порти юк ташиш ҳажми бўйича Қўшма Штатлардаги кучли олтиликдан жой олган. Шаҳар аҳолиси ҳамиша глобал даражада фикрлаш, ишлаш ва яхши натижага эришиш учун интилиб келади. Бу саъй-ҳаракатлару ташаббусларнинг барчаси, аввало, дўстлик ва тинчлик деб аталган неъматни қадрлашга қаратилган.

    “Лазги” таронаси янграр экан, Наврўзга ташриф буюрган барча меҳмонлар миллати ва тилидан қатъи назар, саҳнага шошилди. Бу самимий давра аҳлини кузатган инсон борки, юраклар тўлқинидаги самимиятни, тилакларни бирлаштирган эзгулик маёғини ҳис қилмаслиги мумкин эмас!

    Қутлуғ 50 йиллик ришталар тантанаси муборак бўлсин, азиз ватандошлар!

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates